Муҳаммад Ҳабибуллоҳ
10 АҚИДА 11 БИДЪАТ ИБОДАТЛАР 17 БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАР ФАТВОЛАР
Савол:
Аёл киши намоздан сўнг дастлаб эрининг ҳаққига дуо қилмаса, ўқиган намози қабул бўлмайди, деган мазмунда бирон ҳадис борми?
Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;
“Руҳул баён” тафсирида (2\203) айтилишича, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳога шундай деганлар: “Қайси аёл эрига тили билан озор берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг тилини етмиш газ қилиб қўяди ва тили бўйнининг орқа тамонига тугиб қўйилади. Эй Ойша, қайси аёл Парвардигори учун намоз ўқиб, аввало ўзи учун, сўнг эри учун дуо қилса, токи аввало эри учун, сўнгра ўзи учун дуо қилмас экан, ўқиган намози билан юзига урилади (яъни, қабул қилинмайди). Эй Ойша, қайси аёл вафот этган яқини учун уч кундан ортиқ мотам тутса, Аллоҳ таоло унинг амалларини пучга чиқаради. Эй Ойша, қайси аёл вафот этган яқини учун йиғи қилса, Аллоҳ таоло (қиёмат куни) унинг тилини етмиш газ қилиб қўяди ва унга эргашганлар билан бирга дўзахга улоқтирилади. Эй Ойша, қайси аёл мусибат етганида (чидай олмаганидан) юзига уриб, кийимларини ертса, Лут ва Нуҳ пайғамбарларнинг хотинлари билан бирга дўзахда бўлади, қиёмат кунида ҳар турли эзгуликдан ҳамда барча шафоатчиларнинг шафоатидан бебаҳра қолади. Эй Ойша, қайси аёл қабристонни зиёрат қилса, то қайтиб келгунига қадар Аллоҳ таоло ҳамда бутун мавжудот унга лаънат айтади. Агар уйига қайтса, шу ондан бошлаб эртаси кунигача Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлади. Агар шу вақт ичида вафот этса дўзахий бўлади. Эй Ойша, қаттиқ ҳаракат қил, қаттиқ ҳаракат қил. Негаки, Юсуф алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлганлар ҳам, Довуд алайҳиссаломни фитнага дучор қилганлар ҳам, Одам алайҳиссаломни жаннатдан чиқарганлар ҳам, Нуҳ ва Лут алайҳимассаломга осийлик қилганлар ҳам сиз аёллар бўласиз. Эй Ойша, Жаброил менга аёллар борасида насиҳат қилаверди-қилаверди, ҳатто аёлларни талоқ қилиш ҳаром қилинса керак, деб ўйлаб қолдим… Эй Ойша, қайси аёл эридан ҳомиладор бўлса, унга кундузи рўза тутган, кечаси қойим турган ва Аллоҳ йўлида ғазот қилган кишининг савоби берилади. Эй Ойша, қайси аёлни тулғоқ тутса, ҳар бир тулғоқ учун бир инсонни озод қилиш, ҳар бир эмизиш учун бир қулни озод этиш савоби битилади. Эй Ойша, қайси аёл эрига маҳрни енгиллатса, унга мақбул ҳаж ва умра савоби берилади ҳамда унинг барча гуноҳлари: янгиси-ю эскиси, махфийси-ю ошкораси, қасддан қилингани-ю билмай қилгани, аввалгиси-ю охиргиси кечирилади. Эй Ойша, агар аёлнинг эри бўлса-ю, эрининг озорига сабр қилса, Аллоҳ йўлида қонига беланиб юргандек бўлади ва ибодатгўй, Аллоҳни зикр қиладиган, муслима, мўмина, тавбагўй аёллар сафидан ўрин олади”.Мазкур ҳадис бирон ҳадис манбаларида келмаган. Шунингдек, ҳижрий 1127, милодий 1715 йилда вафот этган “Руҳул баён” тафсирининг муаллифи Исмоил Ҳаққи ибн Мустафо ушбу ҳадисни келтирар экан, унинг санадини ҳам айтмаган. Қолаверса, ҳадис матнида қайтарилган баъзи амаллар, масалан, эрга озор бериш, ўликка йиғи қилиш, инсон мусибат вақтида жазавага тушиб, юзига уриши, кийимларини йиртиши ва ҳоказолар ҳақиқатдан ҳам гуноҳ бўлса-да, лекин мазкур амалларга белгиланган жазолар асоссиз. Ҳатто баъзи жоиз ишлар нафақат катта гуноҳлар қаторида саналган, балки уни қилган киши дўзахий бўлиши айтилган. Масалан, аёллар қабристонга боришлари жоиз. Чунки Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қабрдагиларнинг ҳаққига қандай дуо қиламан?” – деб сўраганларида Расули акрам: “Аёллар қабристонга боришлари мумкин эмас”, демасдан қандай дуо қилишини ўргатиб, шундай деганлар: “Ассалому алайкум, қабристондаги мўмину мусулмонлар. Аллоҳ таоло биздан олдин ўтганларни ҳам, кейингиларни ҳам Ўз раҳматига олсин. Албатта, биз ҳам ортингиздан боражакмиз” – деб айт” (Муслим (1619) ривояти). Агар қабр зиёрат қилган аёл дўзахий бўлганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буни айтган бўлардилар.Хулоса шуки, намоздан кейин аёл аввало ўзининг, сўнг эрининг ҳаққига дуо қилиши ҳам жоиз. Эрининг ҳаққига асло дуо қилмаган тақдирда ҳам, аёлнинг намози қабул бўлаверади. Шунинг учун мазкур ривоятни ҳадис деб аташ ёки одамлар орасида тарқатиш мумкин эмас, валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1