Муҳаммад Ҳабибуллоҳ
12 НАМОЗ 14 НАФЛ ВА СУННАТЛАРФАТВОЛАР
Савол:Қазо намозларнинг суннати ўқиладими?Жавоб:Алҳамдулиллаҳ;
Агар қазо намозларнинг сони кўп бўлса, унда суннатлари ўқилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ ғазотида уч намозни, яъни пешин, аср ва шом намозларини ўқий олмаганлар. Кечаси барчасини тартиб билан хуфтондан олдин ўқиганлар (Термизий (179) ривояти). Шунда бу намозларнинг суннатларини ҳам ўқиганлари айтилмаган. Шунга қарамай, суннатларнинг қазосини ўқиса нафл ўрнига ўтаверади.Агар қазо намоз оз бўлса, унда суннатлари ҳам қўшиб ўқилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозига ухлаб қолганларида қуёш чиққанидан сўнг қазосини ўқишда суннатини ҳам ўқиганлар (Бухорий (595) ва Муслим (681) ривояти), валлоҳу аълам.
Савол:Яқинда қиз фарзанд кўргандик. Онам қизимга Элиф деб исм қўйишни тавсия қиляптилар. Шу исмнинг маъноси қандай? Қўйса бўладими? Сумайя исмининг маъноси нима?Жавоб:Алҳамдулиллаҳ;
Аввало Аллоҳ таолодан фарзандингизга узоқ умр, сиҳҳат-саломатлик сўраймиз. Аллоҳ таоло тарбияси, одоб-ахлоқини гўзал қилсин!Элиф исми бизга турклардан, туркларга эса араблардан кириб келган бир исмдир. Бу исмнинг асли араб тилидаги “алиф” сўзидан олинган. Унинг икки хил маъноси бор:1) араб алифбосидаги биринчи ҳарфдан олингани, у ҳарфнинг абжад тартибидаги рақами бир бўлгани ва у бир рақами шаклида ингичка ва узун ёзилишини эътиборга олиб, “ёлғиз”, “биринчи”, “ёгона” ҳамда “узун бўйли, қадди-қомати келишган” маъноларини ифодалайди;2) “улфат”, “ёқимтой” ва “дўст” маъноларини ҳам ифодалайди.Албатта, бу исмни қўйишнинг шариатга зид ери йўқ. Бироқ турк лаҳжасига биноан Элиф эмас, араб ва ўзбек лаҳжасига биноан Алиф ёки Алифа деб қўйилса, янада тўғрироқ бўлади.Сумайя исми ҳам араб тилидан олинган бўлиб, “белгича”, “аломатча” маъносини билдиради. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг онасининг исми Сумайя бўлган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни бошлаганларидан сўнг Аллоҳга иймон келтиргани сабабли қатл қилинган ва ислом йўлида жонини берган биринчи шаҳид аёл бўлиш бахтига муяссар бўлган. Мусулмонлар “қизимиз ҳам Сумайя розияллоҳу анҳодек мустаҳкам иймонли бўлсин”, деган мақсадда қизларига шундай исм қўядилар, валлоҳу аълам.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев