Абу Аҳмад
Савол:
Таҳажжуд намози қачон ва қандай ўқилади?
Жавоб :
Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!
Тунги намоз (қиёмул-лайл ёхуд таҳажжуд)[1] вақти хуфтон намозидан сўнг бошланиб, то субҳи содиқ чиққунга қадар давом этади. Шундай бўлсада, тунги намозни кечанинг охирги учдан бирида ўқиш афзалдир. Негаки, Аллоҳ табарока ва таоло бу вақтда дунё осмонига тушиб: “ Бирон дуо қилгувчи борми, дуосини ижобат қилсам? Бирон истиғфор сўрагувчи борми, уни мағфират қилсам? Бирон тавба қилгувчи борми, тавбасини қабул қилсам?”, дейди ва бу ҳолат то субҳи содиққа қадар давом этади” [Муслим ва Аҳмад ривояти]. Кечанинг охирги учдан бирини билиш учун қуёш ботиши билан субҳи содиқ чиқиши ўртасидаги вақт ҳисобланади. Айтайлик, қуёш соат 18.30да ботади, субҳи содиқ эса соат 6.30да чиқади. Оралиқ вақт 12 соат. Бу вақтни учга бўлсак, демак, туннинг охирги учдан бир қисми 2.30 – 6.30 оралиққа тўғри келади. Баъзи уламолар туннинг охирги учдан бир қисмини аниқлаш учун хуфтон билан субҳи содиққача бўлган оралиқни учга бўлганлар. Агар юқоридаги фаразимизда хуфтон вақти соат 20.00да кирса, демак, кечанинг охирги учдан бир қисми 3.00 – 6.30 оралиққа тўғри келади. Умуман олганда кечанинг қай қисмида бўлса ҳам намоз ўқиса, тунда намоз ўқиганлик савобига муяссар бўлади, иншааллоҳ.
Тунги намоз миқдорига келсак, аслида Аллоҳ қодир қилганча намоз ўқийвериш жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “ Тунги намоз икки-икки ракаатдан ўқилади. Агар биронтангиз бомдод намозининг вақти кириб қолишидан қўрқса, у ҳолда бир ракаат ўқиб тугатсин, унгача ўқиганларига витр бўлади” [Муттафақун алайҳи]. Демак, инсон хоҳлаганча икки-икки ракаатдан ўқийвериб, охирида бир ракаат ўқиб тугатиши жоиз. Шундай бўлсада, тун намозини витр билан қўшиб ҳисоблаганда ўн бир ракаат ўқиш афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ўқиганлар. Ойша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазон ойидаги тунги намозлари тўғрисида сўралганда шундай жавоб берган: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда ҳам, рамазондан бошқа ойларда ҳам ўн бир ракаатдан ортиқ тун намозини ўқимас эдилар… ” [Бухорий ривояти]. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳо бошқа бир ривоятда шундай дейди: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн уч ракааат намоз ўқир, бомдод азонини эшитсалар енгилгина икки ракаат бомдод суннатини ўқирдилар” [Муттафақун алайҳи].
Жумҳур – кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, тунги намозни витр намози[2] билан тугатиш фарз эмас, балки мустаҳабдир. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Тунда ўқиган охирги намозларингиз витр бўлсин” [Муттафақун алайҳи], десаларда, бироқ Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг гоҳида витрдан сўнг ҳам ўтирган ҳолларида икки ракаат намоз ўқиганлари айтилади. Шунга кўра, тунги намозни витр билан тугатиш, яъни тунда ўқиладиган энг охирги намоз витр бўлиши вожиб эмас, балки мустаҳаб бўлади, валлоҳу аълам.
[1] “Қиёмул-лайл” дегани кечанинг маълум бир қисмини намоз, Қуръон тиловати, зикр каби ибодатлар билан ўтказиш демакдир. “Таҳажжуд” сўзидан эса хусусан тунда ўқиладиган намоз ёки тунда уйқудан уйғониб ўқиладиган намоз назарда тутилади. Демак, қиёмул-лайл таҳажжудга нисбатан умумийроқ маънони ифода этади. Негаки, қиёмул-лайл хоҳ уйқудан олдин бўлсин, хоҳ кейин бўлсин, намоз ўқиш ва бошқа ибодат турларини ҳам ўз ичига олса, таҳажжуд эса фақат тунда уйқудан уйғониб ўқиладиган намоз ёхуд уйқудан олдин ёки кейин бўлишидан қатъий назар хусусан намоз ўқишга ишлатилади.
[2] Витр намози ҳақида маълумот олиш учун саҳифамиздаги қуйидаги рукнларга мурожаат қилишингиз мумкин: (Фатволар/Намоз/Витр намозини ўқиш тартиби ҳақида).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев