Сабаблар бўлмиш-эй ҳайратларимга,
Нозиллар қилинган Пайғамбаримга
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Жимжимадор сўзлар бошимни эгди,
Юмшоқ зарбалар-ла қаддимни букди,
Эзма файласуфлар жонимга тегди
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Ёлғонга қурилган дод-фарёдидан
Чавандоз йиқилар, қулаб отидан...
Қўрқиблар яшайман шоир зотидан,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Ўзларин атабон тенги йўқ олам,
Инсон боласига тутмоқдалар ғам.
Дунё асарларин тўпласангиз ҳам,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Кўнгилдан ёлғонни айлаганда даф,
Уммон остида ҳам тенгсиздир садаф.
Баланд пардаларда қичқирмоқ бенаф,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Ёмғирлар улашган само гувоҳдир,
Ёмғирлардан тўлган дарё гувоҳдир,
Минг йиллардан буён Ҳиро гувоҳдир –
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Дўстларни айлабон ҳарийфаларга,
Безаманг ёлғонни саҳифаларга.
Кулгим келмай қолди латифаларга,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Кулгуни, аламни, дардни, қайғуни,
Устун қўйибдурман баъзан туйғуни,
Ийсонинг ёшида англадим шуни,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Турли мавзуларда суҳбатлар қурманг,
Агар суҳбатлашсак, ҳолимни сўрманг,
Келишиб олайлик, мавзуни бурманг...
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!
Хайрулла Хамидов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев