Ёшликда ғўрлик қилиб,
Қулоқ солмай ўгитга.
Танлаб-танлаб тегибмана
Феъли инжиқ йигитга.
Гап уқмайди сўз айтсанг,
Битта ишни юз айтсанг.
Таъби тирриқ бўлвуради
Баҳорми ё куз айтсанг.
Гапни солиб пайсалга,
Ё қиларми атайга.
Бас келди-я ҳаттоки
Мендай ўжар, қайсарга.
Деса: Ёқмас шу ишинг,
Бўлди тамом қилмайсан.
Бўш келмасдим: Тенг ҳуқуқмиз
Ҳаммасига чидайсан!
Унинг мингта талаби бор,
Менинг мингта талабим.
Муроса қилсак зўрға,
Чиқарди низо тағин.
Безор бўлди у мендан,
Битди мендаям тоқат.
Бизнинг кодексларга,
Мос келмасди муҳаббат.
Қарор қилдик охири:
Майли, қирқ кун чидаймиз.
Аммо ўша қирқ кунда
Иноқ бўлиб яшаймиз.
Қўзғамасин, деб, ҳеч ким
Бошқанинг жазавасин,
Ўргандик юз давлатнинг
Оилавий масаласин.
Оврўпада ўзгача,
Ўрисда бошқа тузим.
Танлашга келганида,
Чиқиб кетарди кўзим.
Хўп талашдик, тортишдик,
Қани қандай ечим бор?
Бўлса эди бир қўлланма
Икковгаям манфаатдор.
Ўйладик, бу жумбоққа,
Динда ечим йўқмиди?
Ниҳоят, тўғри топдик,
Шариатнинг ҳукмини.
Келишдик ўша кундан,
Ҳар ким феълин ташлайди.
Ўз билганча эмас сира,
Суннатга мос яшайди.
Кимнинг кимда талаби,
Ёки истаги бўлса,
Сўзсиз бажо бўлади,
Агар ҳужжат келтирса.
Имзо билан тасдиқланди,
Ўртадаги сулҳимиз.
Мослашди ўша кундан
Ҳақ дийнига хулқимиз.
Уйқучи эргинамни,
Саҳар атай бир туртиб,
Эрта туриш суннатлигин
Қўйдим бир-бор эслатиб.
Шунқоргинам қилмасдан,
Ҳар кунги дод фарёдин,
Итоат этиб турди,
Бир уйғотган заҳотим.
Ўзига йўл ахтариб,
Уям китоб ўқибди.
“Саҳар бирга чопамиз,
Дийнда бор экан” деди.
Не бўлсаям ўзгартирай,
Дия ўжар онггини,
Ўша кун чопдим бирга,
Кўрмай “Хайрли тонгни”.
Қовурмадим атай тухум,
Нонуштага сут қўйдим.
“Расулуллоҳ суйган экан”
Дедиму кўзин ўйдим.
Билардим, қайсаримга,
Хуш келмасди сут ичиш.
Аммо қўйилдими, бас,
Бўшаш керакда идиш.
Секин сурди косани,
Бунга ҳужжат нимайкан?
Деди: “Расулуллоҳ ҳеч
Тўйиб ичмаган экан”.
Ишга кетар паллада
Қаддини тикка тутиб,
Туфлисин боғлашимни
Қолди одатдай кутиб.
Кулиб қараб юзига,
Секин далил келтирдим.
“У Зот ҳатто ямоғини
Ўзлари тиккан” дедим.
Уршмасдан мақтадилар:
“Ҳар нени биласанда”.
Дедим: “Ишдан қайтишда,
Нон олиб келасизда”.
“Бопладим” деб ичимда,
Дарвозадан кузатдим.
Туш маҳал ҳужжат топиб,
Телефонига жўнатдим.
“Ойша онани Ул Зот
Боладек ўйнатганлар.
Байрамни девор оша ,
Кўтариб кўрсатганлар.
Бегим, бор экан кечга,
“Дружба”да томоша.
Чипта олиб келсангиз,
Борамиз, насиб бўлса”.
Бесабр кутдим кечни,
Тоқ қилиб тоқатниям.
Кўчадан еймиз, дия,
Қилмабман овқатниям.
Оқшом кириб келса денг,
Йўқотгандек йўлини.
На нон, на чипта олган,
Бўм-бўш қилиб қўлини.
Сўрадим: “Нима сабаб
Нон олиб келмадингиз?
Хабар ёздим туш маҳал,
Наҳотки, кўрмадингиз?”.
“Энди нон дема сира”,
Жавоб қилдилар кулиб.
“Саодат асри аёллари,
Нон ёпган хамир қориб.
Таомимни хозирла,
Овқат ей қорним тўйиб.
Унгача сен бемалол,
Оласан нон пишириб”.
Жаҳлим чиқди чунонам,
Берайин боплаб сабоқ.
Дастурхонга келтирдим,
Пишган бир ликоп қовоқ.
Билар эдим аввалдан,
Ёқтирмасди қовоқни.
“Расулуллоҳ севганлар” деб
Яқин сурдим товоқни.
Ё, Аллоҳ, едилар а,
Индамасдан бир кесим.
Аммо қурмағур, номард,
Топди шунгаям ечим:
“Улуғ муҳаддислардан,
Шундайин ҳадис келган:
Овқат ёқмаса У Зот,
Жим суриб қўйган экан”.
Ўша тун саҳаргача,
Кўзларимни шишириб,
Бир тандир нонни мажбур,
Олдим ўзим пишириб.
Ётоққа кириб борсам,
Раҳми келиб ҳолимга,
Эрим бир таклиф айтди,
Тегиб яна жонимга.
“Бу рўзғорнинг ишлари,
Ўзинг билан битмасов.
Бирор ёшроқ хизматчи
Топмасак ҳеч бўлмасов.
Расулуллоҳ ўрнак бўлган,
Бу борада умматга.
Нима дейсан бирортани
Олсам яна хизматга?”.
Дедим ғазабдан ёниб:
“Тушундим бу шаъмага.
Токи мен ўлмай туриб,
Уйланмайсиз Ойшага.
Сабабки, Расулуллоҳ,
Ҳадича бирла бутун,
Яшашганда орада
Бўлмаган бошқа хотин!”.
Кулишдик роса бирга,
Бунчалар гўзал Ислом.
Ўзимизни мот қиларди,
Ўзимиз топган Низом.
Хуллас, яшадик шундай,
Ҳузур топиб суннатдан.
Қирқ кун ўтгач ажрим гапи
Буткул ўчди ниятдан.
Ҳозир иноқмиз, эрим
Дейди: Ислом етаркан.
Аммо уршмасак одам,
Зерикибам кетаркан))...
05.12.2017
© Умму Амина
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев