Бизда оғир беморларнинг ўзи йўқ, шунинг учун навбатчилик осуда ўтарди. . Соат иккилардан ўтганида, ташқаридан шовқин келди. Итларнинг ирриллаши, акиллаши ва эркак кишининг даҳшатли чинқириғини эшитиб ҳамшира билан ташқарига отилдик. Овоз қоровул Эркин амакиникига ўхшарди. Тилимизда битта савол тинчликмикин? Нега бунақа ёввойи тарзда бақиради.
Қоровулнинг кулбачасига қандай чопиб борганимизни ҳам билмайман. У ерда ҳеч ким йўқ эди. Шундагина овозлар боғ томондан келаётганига амин бўлиб, ўша томонга чопдик. Катта ўрик тагига етганимизда қоровулнинг ўзи пайдо бўлди. Қоронғу бўлгани учун қўл телефонларимизнинг чироғи ёқилган. Нурни Эркин амакига тўғирладим.Унинг ҳамма ёғи қон, яктаги ва шими йиртилиб кетган. Ўн чоғли жангари билан ёқалашганга ўхшар, дағ-дағ қалтирар, яқинроқда эса ҳамон итларнинг аккиллаши эшитилиб турарди.
-Тинчликми? деб савол беришим билан, икки хатлаб ёнимга келди. Шундагина унинг қўлларида нимадир борлигига аҳамият бердим. Қарасам....Ундан кўра қарамаганим, кўрмаганим яхши эди. Унинг қўлида ҳамма ёғи тишлаб, бир оёғи деярли ғажиб ташланган чақалоқ бор эди.
Врачман. Бундан бадтар ахволдаги болаларни кўрганман десам муболаға эмас. Аммо ҳозир кўзим тушиб турган манзара даҳшатнинг ўзгинаси, унча-мунча одам қараб тура олмасди.
— Қизим, қаранг балки тирикдир. Итларнинг оғзидан тортиб олдим...
Жон болам, ёрдам беринг!
Уни қўлимга олиб ичкарига югурдим Мурғаккинанинг устидаги кийимлар илма -тешик бўлиб кетган, болдири ва елкасидан тиззиллаб қон кетарди. Муолажа хонасига етиб келиб, чироқни ёқдик. Ташқарида, қоронғуда кўрганимиз холва экан.
Тахминимга кўра, хали чилласи чиқмаган чақалоқнинг бирорта тишланмаган жойи йўқ, бел томонида эса бир бўлак лаҳта гўшт дафтар варроғидек очилиб, қовурға ва умуртқа поғонасининг бир қисми, асаб ва қон томирлари кўриниб турарди. Юракчаси , ўпка ва жигарлари жойлашган кўкрак қафаси ҳам илма-тешик, юзига хам тиш изи ботганди. Болада жон аломати сезилмасди.
Шундай бўлсада тез тиббий ёрдамни беришга уриниб кўрдик. Ҳамшираларга нима қилиш кераклигини буюрар эканман, кўзимдан тирқираётган ёш тўхтамайди.
– Қандай қилиб бола бу аҳволга тушди? Нега дайди итларнинг емишига айланди? Онаси ким? Қани? деган саволлар миямда ғужғон, аммо жаррохлик столида ётган бу тилсиз , бегуноҳ норасида жавоб беришга қодир эмасди. Клиникамиз янги. Кўп ускуналар ўрнатилмаган. Аммо чақалоқ ҳам ўликку! дейману, барибир нимадир қила оладигандек, ҳамкасбим билан юрагини ишлатишга уриняпмиз.
Тинмай Аллохга ёлвораман. Нима деётганимни билмайману, кўзим болажонда, қалбим эса муножот билан банд эди. Жаррохни чақирдик. Кап—катта қирққа кирган эркак изиллаб йиғлар экан, " бу холатда катталар ҳам тирик қолиши даргумон, бекор уриняпмиз опа" деб қўллари қалтирарди.
- Қалтирамай, жарохатларини тикинг, у кўп қон йўқотяпти! Қалтирама!!!
Ғайритаббий оҳангда янграган буйруқдан сўнг жаррох ўзига келиб, ғажилган оёқчадан чиқиб турган қон томирини қисқич билан қисиб, ишга киришди. Бир унга эмас, ҳаммага бақиряпману, бундан натижа чиқишига ишончим тобора сўниб борарди. Ҳамширанинг қўнғироғидан сўнг етиб келган ички ишлар ходимлари ҳам боланинг холатига қарай олишмади.
Бир муддат, карахт туришгач, энди кечлигини такидлаб, ташқарига чиқишимизни ва ишларига халақит бермаслигимизни талаб қилишди..
Аммо, шу вақт мўжиза рўй берди.Ха мўжиза! Меҳрибон Аллоҳ ўзинга шукур! Чақалоқ мушукчанинг миёвлашига ўхшаган ожиз сас берди. Сунъий нафас берилаётганими, тўхтаган юракни ишлатишга уринганимиз ёки илтижоларимизми билмадим, у қанақа куч бўлди экан, болани нариги дунёдан қайтарди...
Уни жарохатларини тикиб, керакли биринчи ёрдамни бердигу ортиқ ушлаб тура олишга ҳаққимиз йўқ эди. Сабаби клиникамиз хусусий, боя айтганимдек янги очилгани учун керакли ускуналар йўқ. Яхши жиҳозланган ва ихтисослашган каттароқ касалхонадагина гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. У нафас ола бошлагани билан, ахволи ўта оғир эди. Етиб келган Реанимомобилда гарчи шифокор бўлсада, ўзим у билан бирга жўнадим...
Эрталабгача етти-саккиз танишимни уйғотиб, болага қон топшириш учун чақирдим. Барака топинглар, ким эканликларини айтмайман, "Одноклассники" даги икки йигит ҳам, бир оғиз гапим билан етиб келишди ва қон беришди. Касалхонамизга қайтганимда, бу воқеадан ҳамма хабардор бўлган. Ўз дарди ўзига етарли беморлар ҳам бири қўйиб, бири боланинг аҳволи ҳақида сўрарди.
Жуда чарчаган бўлсам ҳам уйга қайта олмадим. ИИБ га бориб гувоҳлик беришимиз шарт эди. Қоровулнинг ҳолига қараб бўлмайди. Оппоқ соқоли титраб, ҳалиям кўзлари нам. Мен ҳар йигирма дақиқада, қаҳрамонимиз ётқизилган касалхонага қўнғироқ қилиб ҳамкасбларимни саволга тутаман. Биз ҳолат бўйича тушунтириш хати ёзиб бергунимизга қадар, бечора норасиданинг онаси ҳам топилибди.
Мен гўдак ноқонуний туғилган, гуноҳнинг меваси шунинг учун ташқарида қолдирилган ва итларга таланган деб ўйлаган эдим. Адашибман. Уни туққан ҳайвон(кечирасизлар!)
Бировнинг хасми ҳалоли, никоҳидаги хотини экан. Нима учун кичкинтой бу ахволга тушганини сўрарсиз? Келинчак Россияга ишлагани кетган эри, телефонда сал қаттиқроқ гапириб қўйгани учун, аламини зурриёдидан олибди.
— Нима деди? Гапиринг Мирзаева? Нима, жим ўтирасизми? Қия эшикдан кузатар эканман, она номига номуносиб бағритош махлуқ қорнида тўққиз ой кўтариб юрган ўғилчасининг ахволи хақида қизиқмаётгани учун бўғиб ўлдиришга тайёр эдим.
—Гапиринг, эрингиз нима деганди? Талоқми? —Йўқ деди у, энсаси қотиб,
— Ўғил туғсанг, {Брилиант кўзли комплект} олиб бераман деганди. Энди ўшани обера олмасмиш. "Россияда кризис, чида! " деб баҳона қилди. Кейин нима бўлганига ақлим етмай қолди. Аёлга савол бераётган терговчи бир мушт билан у малъунани йиқитиб, дуч келган жойига аямай тепа бошлади. Миршабларни вахший деб эшитганман.Аммо хозир вахшийлашиб, кўзи қонга тўлган терговчини харакатларини ёқлаб, унга қўшилишга хам тайёр эдим.
У тунда касалхонамизга борган ва милт-милт йиғлаган кўнгли бўш мелисага сира ўхшамасди. Агар уч киши аранг тўхтатиб қолишмаганда жазога лойиқ иблисанинг ўлиб қолиши аниқ эди... Уйга қайтяпману ўзимга савол бераман.
– Битта брилиант кўзли зирак Аллоҳ берган бебаҳо омонатдан қиммат турадими? Эрининг бир оғиз гапи учун қийналиб туққан арзандасидан кечиш мумкинми? Мен ҳам аёлман, онаман!
Турмуш ўртоғим баъзан нималар демайди. У ваъда берган қанча нарсалар иккаламизнинг ҳам эсимиздан чиқиб кетади. Аммо бирор марта ўша арзимас матохларни деб қоракўзларимдан аламимни олмайманку! Дунёда минглаб тирноққа зор инсонлар бор. Битта бола учун, ҳамма брилиантларидан воз кечишга тайёр аёллар кўп.
Эрига аччиқ қилиб фарзандини телефонда гаплашиб ўтирган жойига ( кўчадаги ўриндиққа) қолдириб, кириб ухлаб қолган келин ўзбекми, мусулмонми?
Минг афсуски у ўзбек, минг афсуски у муслима!
Ё алхазар! Нафс қулларига ўзинг инсоф бер! Бу нобакорларга бола эмас, бўйи баробар тилла ва брилиантлар бериб, уларни шу ҳолатда кўмиб ташласанг бўлмайдими? Кун бўйи кайфиятим бўлмади.
Чопқиллаб юрган кичкинтойимга қарасам, ҳамма жойи йиртилиб ётган болакай кўринаверади. Унинг ҳаётга қайтгани мўжиза.
Илоҳим, отаси тезроқ қайтиб, уни бағрига олсин! Она номига номуносиб бу алвастини эса ўша итларга талатишса ҳам розиман.
Зеро, унда Момо Хаводан қолган муқаддас туйғу—оналик меҳри борлигига заррача ишонмайман. Балки нотўғри хулоса қилаётгандирман. Қайдам....
Аммо 2015 йилнинг 29 июлини қиёматга қадар унута олмасам керак.
Балки кеча қиёмат гувоҳи бўлгандирман...
Алхазар!!!! Алхазар!!!!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
+998942859391