Солиҳа кўксига муштлаб, сочини юлиб йиғлаётган овсинининг қизлари, келинларига бир зум нафрат билан тикилиб турди. Сўнг хонага шахд билан кириб,Y уввос солиб йиғлаётганларни ярим жаҳл, ярим ҳамдардлик билан тинчлантиришга уринди:
- Бўлди, кеч тушганда кўз ёшини йиғиштиринглар. Доду фарёд, йиғи-сиғиларнинг фойдасиг йўқ энди. Мавлуда опам ҳозир қабрда сўроқ-саволдан ўтяптилар, сизларнинг нола-фарёдингиз марҳумага зиён бўлади. Опам энди гўрида тинч ётсин. Дод-фиғон қилган билан бир нима ўзгарадими?! Ундан кўра ҳақига дуолар қилинг, ётган жойлари нурга тўлсин.
Бир пасда таъзияли хонадон совуқ сукунатга чўмди. Энди аҳён-аҳёнда марҳуманинг қизлари пиққиллаган, ҳиққиллаган товуш чиқариб жимжитликни бузар, ҳеч ким бир-бирига бир оғиз сўз дейишга журъат қилолмас эди. Кечга томон келди-кетдининг кети узилиб, ўлик чиққан уйда фақат марҳуманинг яқинлари, қариндош-уруғ қолди. Солиҳа дастурхон ёзиб қўшнилар чиқарган егуликларни қўйди. Уйнинг ҳар бурчагида биқиниб, кўз ёш тўкиб ўтирганларни бир жойга тўплаб овқатлантирди. Қайноғасининг тўнғич ўғли Зафарбек товоқдаги ширгуручга бир-икки қошиқ солган бўлдию, бир нуқтага тикилган куйи жим қолди. Солиҳа йигитнинг ҳам айрилиқ доғида, ҳам орият зўридан қийналаётганини билиб турганди. Аммо энди минг қийналмасин, бошини тошларга урмасин фойдаси йўқ. Онаси қайтмайди. Ота-она вафоти фарзандга мерос дейдилар. Аллоҳдан келганини бандаси кўтаришга мажбур. Аммо куйгулиги бошқа нарсадан. Овсини шу болаларини, қизларини деб хорижга ишлагани кетганди. Ўша ерда касали ўтиб кетиб, бедаво хасталикка айланган экан. Бир аҳволда юртга қайтдию, бир ҳафта касалхонада ётиб жон берди…
***
- Дурустроқ емадингиз, Зафаржон. Бунақада ўзингизни олдириб қўясиз-ку…
- Едим, келинойи, раҳмат сизга…
- Зафаржон, дардингиз оғирлигини биламан. Аммо сабр қилинг, бошқа чорамиз йўқ. Раҳматли Мавлуда опам учун еру осмон куйса ҳам энди уларга наф йўқ, қайтанга зараримиз тегади оҳ-воҳимиз билан. Хонадоннинг бош фарзандисиз, ука-сингилларингизга ҳам ота, ҳам она бўлинг. Ўзингизни бардам тутинг энди…
Солиҳа қайнисига сиртдан кўнгил кўтарувчи гапларни гапираётгани билан, кўнглида алам ва нафратдан ўзини қўярга жой тополмаётганди. «Эссиз, йигит, эссиз эркак,- дерди унинг кўзлари, онангни четга ишлагани жўнатиб қўйиб, ўзинг қайси юз билан у юборган пулларни хотин, бола-чақангга, ўзингга сарфлаб юрдинг?! Онанг бегона тупроқларда, ёт кишилар қўлига муте бўлиб топган пулга машина олиб миниб юришга чидаган ориятингга ўт тушсин-а!..»
Солиҳа бу гапларни Зафарнинг ўзига айштишдан маъни йўқлигини жуда яхши билади. Ўшанда овсини Туркияга кетмоқчилигини эшитганида ҳам Солиҳанинг капалаги учиб кетганди. Аввал ишонмади, сўнг минг истиҳола билан овсинидан сўради:
- Опа, четга кетармишсиз, ишлагани?..
- Ҳа, Солиҳабону, бироз ишлаб келмасам бўлмайди. Замонни кўряпсиз-ку… Ҳозир пули йўқ кишини одам ўрнида кўришмайди. Қизларни узатиш керак, ўғилларни уйлантириш керак. Зафарбекни уйлантириб роса қарзга ботиб кетганимиздан хабарингиз бор. Хуллас, оз-моз ишлаб келмасам бўлмайди…
- Опа, қўйинг шу четга чиқишни. Қизларингизни узатиш, ўғилларингизни уйлантириш бўлса, мана биз-амакилари, аммалари бор, ўзингизнинг яқинларингиз…
- Э, Солиҳабону, ҳозир ким ўзидан ортяпти? Қавм-қариндошга оғирлигини ташлаб, яқинлар ёрдамидан умид қилинадиган замонми ҳозир? Худога шукр, ҳаммангизнинг, яқинларимизнинг борига шукр, аммо
ҳар ким ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши керак. Ҳамманинг ўзига яраша ташвиши етарли.
- Унда ўғилларингиз борсин, сиз қолинг, жон опа. Шу ёшингизда иш деб четга чиқсангиз болаларингизга иснод, ахир!
(давоми 2-қисмда)
https://www.youtube.com/watch?v=OM5-GaEhlC4
https://www.youtube.com/watch?v=Ly0LV8QcV0g
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1