Мусулмон киши биродарлари ва яқинлари билан учрашганда, одамлар қаршисидан ўтаётганда, бирор мажлис ёки жамоат жойига кирганда «Ассалому алайкум!» (Сизга тинчлик ва омонлик бўлсин) деб салом бериши зарур.
Саломни янада тўлиқ ва чиройли қилиш учун «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ» дейилади. Алик ҳам шунга яраша мукаммал бўлиши керак.
Салом бериш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади.
Ўз хонадонига кираётганда ҳам оила аъзоларига салом берилади.
Салом тўлиқ ва бузмасдан берилади, «Сомалайкум» (сизга ўлим бўлсин), «Салом», «Салом бердик», «Хайрли кун» каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги лозим. Фақат ғайридин мусулмонга салом берса, жавобига «Ваалайкум»дан ортиқ сўз айтмайди.
Улов (от, эшак, туя, машина)даги киши-пиёдага, пиёда кетаётган-ўтирганга, озчилик-кўпчиликка, кичиклар-катталарга, юқори мавқедаги киши пастроқ мавқедаги кишига биринчи бўлиб салом беради.
Кўпчилик ўтирган жойга кириб борган одам бир кишини хосламай, ҳаммага салом беради, аммо ичларидан бир киши алик олса кифоя. Салом берилсаю рўпарадаги одам алик олмаса, фарзни тарк қилиб, гуноҳкор бўлади.
Бошни қимирлатиб, овозсиз, қўлни кўксига қўйиш билангина салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом аликни баралла, эшиттириб айтиш зарур.
Энгашиб, ерга букилиб салом бериш, Ислом шариатида қатъий ман этилган. Нотаниш кишиларга, ёш болаларга салом бериш мақбул иш.
Учрашганда қандай салом берилса, хайрлашув чоғида ҳам шундай салом бериб ажрашилади. Одам кимсасиз бўлмаган уйга кирилганда ҳам салом берилади.
Агар бир киши биров орқали бошқага салом айтиб юборса, унинг жавобини дарҳол айтиши шарт.
Бегона киши чиройли хотинга салом бермайди, агар у салом берса жавоб қилмайди. Агар чиройли бўлмаса салом бериб, алик олиш мумкин.
Бидъатчи, ҳаёсиз, фосиқ, кофир одамларга салом берилмайди, саломига алик ҳам олинмайди. Агар мусулмон киши ўзга диндаги одамга салом бермоқчи бўлса, «тўғри йўлда юрувчига салом», дейди.
Қуйидаги ҳолларда салом бериш мумкин эмас: ҳаммомда ювинаётган кишига, ҳожатхонада ўтирганга, Қуръон ўқиётган одамга, номаҳром хотинларга, намоз ўқиётганга, оғзида таоми бор кишига, хутба, дуо ўқиётганга, азон ва иқомат айтаётганга, ухлаётган одамга, ҳажда эҳромли кишининг «Лаббайка» деб турганида.
Қўл бериб сўрашганда кафтни кафтга қўйиб, икки қўллаб кўришилади, узрли ҳолатлардагина бир қўллаб кўришса бўлади.
Узоқ кўришмаганда ёки меҳмонга борганда эркакларнинг қучоқлашиб кўришишлари мақбул. Кишиларнинг оғиз теккизиб, ўпишиб кўришишлари одобимизга мутлақо хилоф иш. Узоқ вақт кўришмаганда пешона ёки бошдан ўпиш мумкин.
Уламолар, фозиллар, улуғ устозларнинг қўлидан ўпиш, Этагини кўзга суриш мумкин. Ўш болаларни бағирга босиб, эркалатиб, пешона ёки бошидан ўпса бўлади.
Номаҳром хотинлар билан қўл бериб кўришиш одобимизга зид ишдир, фақат турмуш қурмоқчи бўлганларга мумкин.
Жамоат тўпланган жойларда ҳаммани безовта қилиб кўришиш шарт эмас, қўлни кўксига қўйиб, «кўришганимиз-сўрашганимиз» дейилса кифоя.
Сўрашганда қўлни сиқиб ёки уни сийпалаб кўришиш, қаттиқ силтаб озор бериш одобдан эмас.
Қўл учида, совуққина кўришиш ҳам менсимаслик, одобсизлик белгисидир. WWW.ISLOM.UZ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев