”
... Дугонам жуда ҳам камгап, камсуқум, чиройли қиз эди. Айниқса, узун-узун сочлари, чақнаб турадиган кўзлари ва қайрилма киприклари бир марта кўрган кишининг яна бир бор кўришга орзуманд этарди. Солиҳа- дугонамнинг ошиқлари биринчи менга учраб, “синовим”дан дуч келарди. Чунки, Солиҳанинг яқин дугонаси мен бўлганим учун, ошиқларнинг дардидан биринчи мен бохабар бўлардим. Солиҳа ҳеч қачон гўзаллиги ёки шайдолари кўплиги билан фахрланмаган. Аксинча, унга бирорта йигитнинг хатини берсам, уялиб, хижолат чекиб:
Нега унақа қиласан, ахир? Энди одамлар нима дейди?- дерди йиғламсираб.
Одамлар нима деса деявермайдими, сени улар билан нима ишинг бор? Сени биров мажбурламаяптику шу билан севиш деб. Шунчаки хатини очиб ўқийсан, холос,- десам ҳам барибир бечора ошиқларнинг мактубини ўқимасди. Бировнинг хатини ўқиш яхши эмас. Шундай қилиб мен ҳам дугонамга аталган номани очолмай эгасига қайтарардим.
Қиш охирлаб, баҳор эшик қоққан пайтлар эди. Алишер- биздан икки синф юқорида ўқийдиган дугонамнинг ён қўшниси ҳам танаффусда мени имлаб, қўлимга қоғоз тутқазиб Солиҳага бериб қўйишимни сўради. “Кошки Солиҳа сенларнинг оҳу-зор тўла қораламангни ўқиса”, деб энсамни қотириб истар-истамай унинг қўлидан мактубни олдим. Дугонамга тутқазгандим, Солиҳа аввалгилардан фарқли мактуб эгасининг исмини эшитиб қизаринқираб, жилмайганча қўлимдан олди. Ҳайрон қолдим. Демак...
Ҳа, қизи тушмагур, бир гап бор эканда. Бошқаларнинг хатини ҳатто қўлимдан ҳам олмасдинг. Алишернинг хатини кўзларингга суртиб олганингга қараганда... А?..
Солиҳа қитмир ҳазилларимга одатича ийманибгина жилмайиш билан кифояланди. Дарсдан қайтишда кўчамиз бошидаги тол дарахти соясида Солиҳа Алишернинг хатини очди. Қоғозда жуда чиройли ҳуснихатда тўрт мисра шеър ёзилганди:
“Сен шундай хилқатсан - хаёлдай ширин,
Орзудайин олис - етиб бўлмайди.
Кўнгил саройида яшайсан яширин,
Остонангдан итдай кетиб бўлмайди...”
Иккимиз ҳам қотиб қолдик. Бироздан кейин Солиҳа индамай ўрнидан туриб кета бошлади. Унга эргашдим. Шундан кейин дугонам бир неча кун хаёлчан бўлиб юрди. Бир куни эрталаб мактабга бирга бориш учун Солиҳани чақирайин деб уйларига борсам, иситмалаб ётган экан. Ёнида бироз ўтиргандим, чиқаётганимда у менга буклоғлиқ қоғиз тутқазди.
Аввал ўзинг бир ўқиб кўр...- деди. Дафтар қоғозида иккита жумла бор эди: “Чиройли шеър...”
Дугонамнинг хатини Алишерга етказдим. Дарсдан чиқсам яна Алишер йўлимни пойлаб ўтирган экан. “Мана буни...” Қўлидан хатни олдим. Солиҳа билан бирга очдик бу хатни ҳам. Яна тўрт сатр шеър:
...Куйсам, ёлғиз ўзим куяман,
Суйсам, ёлғиз ўзим суяман,
Севиб на бахт, шодлик туяман,
Фақат сизни яхши кўраман!...
Шу-шу дугонам билан Алишер орасида муҳаббат куртак ота бошлади. Кўп ўтмай биз саккизинчи синфни тугатиб билим юртига ўқишга кирдик. Алишер ака ўнинчи тугатиб ҳарбий хизматга кетди. Шаҳарда дугонамга севги изҳор қилган йигитлар кўп бўлса-да, у шайдоларнинг ҳеч бирига парво ҳам қилмасди. Ҳар куни севишганлар бир-бирига мактуб йўллар, уларнинг хатлари сохта ўлдим-куйдим, беандиша жумлалардан эмас, аксинча ҳароратли, оташин шеърий сатрлардан иборат эди. Бизнинг ўқишимиз, Алишер аканинг ҳарбий хизмати поёнига етиб улар унаштирилди. Чин муҳаббат ғалабасидан ҳамма мамнун эди. Токи бир мудҳиш хабар умид илдизларига болта урмагунига қадар... Дугонамнинг белида оқ доғи бор эди. Буни деярли ҳеч ким билмас, уйдагилари, яқин дугонаси бўлганим учун мен ва бир-иккита қариндошлари билишарди, холос... Ўша қариндошлардан бири бу гапни қуда томонга етказибди. Алишер аканинг онаси жанжал кўтариб, тўй тўхтатилди. Алишер ака ҳар қанча уринмасин, онасининг гапидан чиқолмади ва бошқага уйланди...
Севгилисининг уйида ёр-ёр билан келин келган куни дугонам шўрлик хонасига кириб, букчайган куйи қотиб қолди. Уни тинчлантиришга уриниб ёнида қолдим. Худди телбага ўхшаб фақат бир гапни такрорларди: “У бахтли бўлсин, Художон...” Шу туни Солиҳа киприк қоқмай, тонгача шу гапни айтиб чиқди.
Севгилиси уйланганидан сўнг дугонам руҳан ёлғизланиб қолди. Ўзи билан ўзи гаплашадиган, фақат севганининг суратига термулиб, у ёзган хатларни такрор- такрор ўқирди. Бирин-кетин синфдош дугоналар турмушга чиқдик. Солиҳа эса уни сўраб келган совчиларни рад этаверди. Қизларининг турмуш қуришни истамаётганини кўриб ота-онаси Солиҳанинг ука-сингилларини уйли-жойли қилиш тарадудига тушдилар. Яқин дугонаси бўлганим учун онаси дугонамни турмушга чиқишга кўндиришимни мендан кўп илтимос қиларди. Бир неча бор Солиҳага бу гапни айтишга чоғлангандим ҳам... Аммо дугонам бир нуқтага тикилган куйи Алишер аканинг шеърларини ўқийверарди. Юрак-бағрим эзилиб, ноиложу абгор бўлиб уйга қайтардим...
Вақт бешафқат. Вақт югурик... Ҳаш-паш дегунча ёшимиз ҳам қирққа етди. Солиҳа укасининг уйида, ҳовли чеккасидаги ҳужрамонанд хонадан кунлаб чиқмай, севган инсони ёзган мактубларни ўқийверадиган одатини канда қилмади. У... ҳақиқий телба, руҳий касалга айланганди... Ёғоч чўплардан ўғил бола қиёфасидаги қўғирчоқларни ясаб, унга жиянларининг эски кийимчаларини кийдириб “Бу Алишер акам, бу боламиз” деб ўзича алланималарни ғудраниб ўтирарди. Ҳар борганимда онаси кўз ёшларини селоб оқизиб:
Муҳаббат дегани қурсин, қизим, қариндошман деган ёвларга ўт тушсин. Гулдай боламнинг бахти, умри хазон бўлди. Дадаси шу қизнинг дардида куйиб адо бўлиб, ўтиб кетдилар,- деб ўкинардилар. Онаизорга нима деб таскин беришни ҳам билмасдим. Охирги пайтларда ҳатто Солиҳа одам танимай ҳам қўйганди.
Бир куни тонгда сигир соғиб оғилдан чиқиб келаётсам, Солиҳанинг акасининг ўғли остонада турибди. Бошида дўппи, эгнида тўн, белида қийиқ. Юрагим “шув” этииб кетди.
Аммамни бериб қўйдик, аммажон,- деди ўсмир йиғламсираб. Уларникига дугонам учун тез-тез борганим учун Солиҳанинг жиянлари мени “амма” дейишарди. Апил-тапил уст-бошимни алмаштириб, болага эргашдим.
Дугонамнинг онаси “Онанг ўлсин бола-а-а-ам, тақдиргинанг қурсин, бола-а-а-ам” деб йиғлаётган экан. Ичкарига кириб фариштадек беғубор бўлиб ётган дугонамни кўрдим. Бўғзимни алам куйдирди. Рўшнолик кўрмаган, муҳаббатнинг телбаси, ишқнинг қурбони бўлган шўрлик дугонам. Юзида кўз ёшдан қолган из. Узилаётганида ҳам севгилиснинг хатларини ўқиб йиғлаган бўлса керак. Солиҳанинг келинойиси секингина қўлимга бир нарса тутқазди:
Қўлларида мана бу расмни маҳкам ушлаб олган эканлар,- кейин чўнтагидан яна бир нарса чиқарди,- ёстиқларининг тагидан мана бу ҳам чиқди. Суратга қарадим. Алишер аканинг ҳарбий хизматдан юборган сурати. Кичкина бўлиб, сарғайиб кетган. Кўз ёш излари билан сарғайган, титилаёзган қоғозни очдим.
Шеър ёзилган экан:
Мендан қўрқинг! Ишқим аланга,
Оламга ўт кетар оҳ урсам...
Мен гулханга айланиб севдим,
Йиғлайсизми...агар мен ўлсам..?
Парвонадай сизга интилдим,
Бахтиёрман шу ишқда ўлсам.
Куюк қалбим кўксимга босиб,
Йиғлайсизми...агар мен ўлсам..?
Йиғим тикан, бўғзимда қотган,
Жоним чиқар суғуриб отсам,
Табассумим рангин йўқотган,
Йиғлайсизми...агар мен ўлсам..?Оловқалбим! Мендан сиз қочманг!Ёнингизда ғамим унутсам,
Маҳзун ўйлар ичра бурканиб,
Йиғлайсизми...агар мен ўлсам..?..
Ўкириб йиғлаб юбордим... Шундай севган экан Солиҳагинам... ”
Умида АДИЗОВА
(Шеърий сатрлар Воҳид Луқмон ва ёш шоира Умида Тоғаева қаламига мансуб)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1