Дадам деҳқон бўлганлар. Кузда ёмғир ёғса кўпинча "Ёмғир мени ичимга ёғяпти ҳозир" дердилар.
Деҳқон ҳосилини йиғиштириб олдимикан?
Фермерлардаку пул бор, кимдир комбайн солади, кимдир эса ҳоким айтганларидек "оқсоч" аёлларни мадикор бозордан сотиб олиб келиб ишлатади.
Лекин фермердан меҳнати эвазига озгина ер олган деҳқон нима қилди экан?
Мошини йиғиштириб олдимикан? Шолиси ишқилиб ўрилган жойида қолиб кетмадимикан? Ўрилган, эндигина қуриган макка пояларини уйига олиб кетолдимикан? Комбайнчилар ҳам гектар гектар ери бор фермер турганда, майда чуйда ҳосили борларга қарармиди?
Мошини, шолисини машина серқатнов кўчага ташласа кечгача машина текин эзиб беради. Ишқилиб, кўчага ташлаган шолиси қолиб кетмадикан?
Ўтган йили ёмғир ўтиб кетган томини беркитиб улгурдимикан?
Болларига иссиқроқ поябзал олиб беришга улгурдимикан?! Тўхта, аввал ўша иссиқ поябзалга пули бормикан? Эээ, иссиқ ботинка нимага керак, мактаб бўлмаса, кейин ҳозир калишга ўхшаш, ичи жўн,усти чарм ёмғир ўтказмайдиган бўтиклар чиққан, энг асосийси арзон, ўшандан олишаверади.
Кўп деҳқонларни боллари онлайн ўқишни танлашган. Онлайн ўқийди дейсизми, аслида баъзи одамларни қўлида яхши ишлайдиган телефонни ўзи йўқ. Бўлса ҳам интернет яхши ишламайди. Зато ҳа деса онлайн ўқияпти деб қўя қолади. Астойдил суриштирсангиз деҳқонни болалари далада ниманидир йиғиштираётган бўлади. Ўқиш зарурми ёки қишда қорни тўқ ўтиришми?
Оч қоринга каллага илм кирадими?
Демак ҳосилни йиғиб олиш керак.
Авваллари болаликда ҳеч бир бола рўзғор ташвишини ўйламасди, ҳозир қишлоқ болалари худди катта одамлардек рўзғорни ўйлашади.Пулни ўйлашади. Ишлаш керак. Ишлаш керак.
Қишлоққа техника олиб кириш кимга керак, камбағалга бирор иш ўрин яратиш кимга керак, бориб қишлоқни охирида яшаётган одамдан сенга нима зарур, нима эҳтиёжинг бор деб сўраш қайси ҳокимга зарур?
Бундан давлатга нима фойда?
Ҳоким жаноблари оқсоч курслари очяпти, балки шу билан анча ҳаёти енгиллашиб қолар, умид қиламиз.
Тўғрида, яхшиси чет эл киборлари учун оқсоч ташёрлаш курслари очилса давлатга пул тушими бўлади...
Ҳой ғийбатчи одамлар, ҳоким ўзини эмас, давлатни ўйлаяпти, нега тушунмайсизлар?
Ҳая, нима деётгандим, ўйларим ҳам ёмғир томчиларидек ҳар ёққа сочилиб кетяпти.
Хуллас ёмғир ёғяпти.
Деҳқон ҳосилини йиғиштириб улгирдимикан!?
Ёмғир мани ичимга ёғаётгандек гўё.
М. Аъзамжоновна.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
Yuqoridagi sozlarizi faqat boshidan otkazganlar tushunadi ...