Oнангиз ёнида бир зум ўтириб,
Меҳрли кўзларга бир тўйиб қаранг,
Дунё ишларини бир четга суриб,
Онаси ҳаётлар, онангиз асранг!
Ҳаётдан кетганда қадри билинар,
Томоққа ҳаттоки сув ҳам илинар,
Пушаймон бўларсиз, бағир тилинар,
Онаси ҳаётлар, онангиз асранг!
Қалбини ғам алам қамраб олмасин,
Йўлингизни кутиб кўзи толмасин,
Кексайган кўнглида армон қолмасин,
Онаси ҳаётлар, онангиз асранг!
Онасин ҳолидан хабарсиз киши.
Мазмунсиздир умри, баҳору қиши,
Ҳеч қачон тугамас бу дунё иши,
Онаси ҳаётлар, онангиз асранг!
Оналар пойида бўлса гар жаннат,
Не учун онага қилмайсиз хизмат,
Онадан айрилмоқ энг оғир қисмат,
Онаси ҳаётлар, онангиз асранг!
Биз учун ҳадисдур айтган ҳар сўзи,
Дунёда онадай зот борми ўзи,
Фақат қувонч билан ёшлансин кўзи,
Онаси ҳаётлар, онангиз асранг!
Иқболжон Алижонов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5