(СЎЗБОШИ ЎРНИДА)
Яқинда бир танишим ҳасрат қилиб қолди: "Қизимни турмушга узатган эдим, кўп ўтмай эри билан муросаси келмай қолиб, бир фарзанди билан уйимизга қайтиб келди. Ўғлингизнинг турмуши бузилса, йўли осон экан: бирор келин топиб, дарров уйлатиб қўяркансиз. Аммо қизингизнинг оиласи бузилса, ғавғонинг каттаси ўшанда бошланар экан. Уйимизда юратурсин, десам, ҳар куни бир машмаша: ҳали келин билан терслашиб қолади, гоҳ боламни сиғдирмаяпсизлар, деб кўз ёши қилади, дам "тенгимни топиб бермагансизлар", деб бизга таъна қилади. Хулласи, ҳамма нарсадан ғишава чиқаради.
Бирор тенгини топиб узатиб юборай десам, ҳеч муносиби чиқмаяпти. Ҳозир йигитлар учинчи марта уйланаётган бўлса ҳам, келинликка қиз бола топинглар, деяётган эмиш. Бир-икки ердан келган совчилар эса иккинчи хотинликка сўраяпти. Саккиз ойдан буён бошимиз қотган. Онаси қизининг юрагига бундай қўл солиб кўрса, "сизларга боқиманда бўлиб яшагандан иккинчи хотин бўлсам нима қипти", деганмиш. Эр-хотин бир қарорга келолмай қийналиб кетдик. Иккинчи хотинликка берайлик, десак, кундошлик балосини ўзингиз тушунасиз. Шунга нима маслаҳат берасиз?".
Мана буниси эса ҳамшаҳар бир аёлнинг фиғони: "Эрим яшшамагур, мени алдаб-сулдаб, иккинчисига уйланиб олган. Бошда бу нарса қизиқ туюлиб, уйланса-уйланар, деб ўзимга тасалли бериб юраверибман. Аммо кун ўтгани сайин кундошимга бўлган рашк, алам олови умуман тинчлик бермай қўйди. Аъзойи-баданимга гўё ўт тушган, ҳеч нарса билан ўчира олмаяпман. Уч-тўрт марта ўша манжалақиси билан урушиб, сочини юлиб келдим. Бундан фақат ўзимга зарар бўлди, эрим "мени бутун маҳаллага шарманда қилдинг" деб ғазаб отига миндию, уйимизга келмай қўйди. Ҳозир эрданам қуруқ қолиб, бошимни қайларга уришни билмай юрибман…"
Дўстларимиздан бири ярим йил олдин оиласини иккита қилди. Бошда унинг мақтанишларига барча улфатлари ҳавас қилиб юришди. Эмишки, унисиникида чинакам роҳат-фароғат топган бўлса, бунисиникида тайёрланган мазали таомлар ҳеч қайда йўқмиш. Биринчи хотиннинг камчиликларини иккинчиси тўлдирган эмиш. Иккинчисига уйланганидан бери биринчиси ҳам ҳурмат-эътиборни ҳар қачонгидан ошириб юборган эмиш. Хулласи, дўстимиз ҳозиргача кўрмаган оромини, бахтини топганидан боши осмонда эди. Аммо нима жин урибдию, у иккала хотинини бирга саёҳатга олиб борибди. Ҳамма машмаша шундан бошланибди. Оромгоҳда икки кундош илк бор "тўқнашиб", жанжални роса қизитишибди. Шундан бери дўстимиз бечоранинг тинчи бузилган, турмуши оғуга айланган. Ғишава-жанжаллардан тўйиб кетганидан "иккаласининг ҳам жавобини бериб юбориб, янгисига уйлансаммикин?" деб режа тузиб юрибди.
Ҳикоя қилаётганларимиз бугун жамиятда анча-мунча "илдиз отишга" улгурган "икки (кўп) хотинлилик муаммоси"нинг баъзи бир кўринишлари, холос. Нега шундай? Нима учун бу муаммо азалдан жамиятлар тинчи ва оромини бузиб келяпти?
Олдиндан огоҳлантириб қўяй: ушбу сатрлар муаллифининг кўпхотинлилик мавзуига қўл уришдан муроди – бу нарсага асло ҳаммани баравар тарғиб қилиш эмас. Чунки қўлидан келадими-келмайдими, агар ҳамма бу ишга баравар киришгудай бўлса, ахлоқ низомига путур етган, оилалар парокандаликка юз тутган ва жамият осойишталигига завол етган бўлур эди. Эркакларнинг бир ёки тўрттагача уйланишига мутлақо қарши чиқиб, бу ишни қоралашга ҳам ҳаққим йўқ: чунки бу илоҳий амрга қарши чиқиш, Қуръоннинг ҳукмини инкор қилишга айланиб қолган бўлур эди. Ягона мақсад шуки, бу ҳолат жамиятларда мавжуд экан, унинг туб моҳиятига ўқувчи диққатини жалб қилиш, бу ҳақда холис фикр юритиш ва шу масаланинг жамият барқарорлиги ва осойишталигини таъминлашдаги аҳамиятини ўрганишдир.
Энди асосий мавзуга ўтсак: бу тўғрида гап очилгудай бўлса, ҳар бир кишининг калласига энг олдин қадимги подшоҳларнинг канизакка тўла ҳарамларию ёки “Шум бола” филмида тасвирланган Чувалачидаги кенжа хотининикида “мазза қилиб” яшаётган бой ҳақидаги ширин хаёллар келади. Ёки шу мавзуда гап очилгудай бўлса, кўпчиликнинг миясида “Нега эркаклар битта хотин билан кифояланмай, улар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилади?” деган савол ҳам пайдо бўлаверади. Ҳатто айрим кишилар наздида кўпхотинлилик қаттиқ ахлоқсизлик, шариат ҳаром қилган гуноҳ иш каби ўта айб нарса саналадиган бўлиб қолган.
Аслида бу нарса одамлар тасаввур қилаётганидай, эркакларнинг “ҳаддан ошиши” ёки “нафсининг сўзига кириши” ҳам эмас. Кўп хотинлилик мавжуд экан, жуда кўп турмуш қуролмаган, оила ва оналик бахтидан мосуво ўтаётган аёллар ҳаромга юриб кетишдан тийилиб, кемтикроқ бўлса ҳам ўз бахтларини топишяпти. Яна ҳақиқатан ҳам “ҳирсини жиловлашга қодир бўлмаган” эркаклар иккинчи хотинга уйланиш орқали зино, бузуқлик каби иллатлардан қутулиб қолишяпти. Бу эса, ўз-ўзидан равшанки, жамиятнинг поклиги ва тозаришига, оилалар барқарорлигига ижобий таъсир ўтказмасдан қолмайди.
Қолаверса, эркакларнинг “албатта иккинчисига уйланиш” ҳақидаги орзулари шунчаки кўнгилхуши ёки эҳтиросини тия олмаслиги эмас. Бунинг сабабини инсон фитратидан, яратилиш ҳикматидан ахтариш тўғрироқ бўлур эди. Чунки Парвардигор эркак зотини аёлларга ўч, бир неча хотинга уйланишга мойил қилиб яратган. Шунга кўра, икки ёки уч хотин олишни орзу қилмаган, ҳеч бўлмаса буни пинҳона дилидан ўтказмаган бирор эркакни топиш қийин.
Айни пайтда аёлларни бир эрга садоқатли, фақат “ўзиникини севиш” туйғуси билан яратган. Шунинг учун бирор аёлнинг кундошга кўникиб кетганини, устига бошқа хотин олинишига рози бўлганини камдан-кам учратасиз. Агар битта-яримта аёл кундош билан ошини баҳам кўришга қаршилик қилмаган бўлса ҳам, буни ё эридан ажраб қолмаслик учун ё шароит тақозосидан келиб чиқиб оқилона йўл тутиш мақсадида қилган.
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: айрим аёллар учун кундошлик бир бало бўлса, бошқа бири учун ўз бахти учун кураш, оналик ва рафиқалик роҳатини туйиш тимсолидир. Кундошлик одатда биринчи хотинга изтироб, алам, ташвиш ва можаролар келтирса, иккинчисига ўз оиласини тиклаш, бахтини топишдаги ягона йўлдир, деган фикрлар ҳам юради. Одамлар орасида бу муаммо мавжуд экан, унинг ечимини топиш, ҳеч бўлмаганда бу борада фикр юритиш, унинг сабабларини ўрганиш эҳтиёжи ҳам туғилади. Ушбу ёзувларимиз шу йўлдаги холис бир уринишдир. “Холис” сўзига алоҳида урғу беришимизнинг сабабига келсак, бунда биз учликнинг (эр, хотин, иккинчи хотин) бирортасига ҳам ён босмай ёки бирортасини айбламай, имкон қадар ўртада туриб холис фикр юритишга ҳаракат қилдик.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев