Юмиб диндан тамом кўзларингизни,
Наҳот ис босибдир юзларингизни?!
Ҳаққингиз йўқ асло, ота-оналар,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Диндан сўз очилса, кўзларингиз лўқ,
Гўё у дунёдан кўнгил тамом тўқ,
Инсоф қилинг энди, ўзингизда йўқ,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Рўмолда кулса гар, кула олингиз,
Лоақал динидан тўла олингиз,
Ҳижобига ҳижоб бўла олингиз,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Шукр қилинг, гаплар отмаяпти-ку!
Гуноҳлар қаърига ботмаяпти-ку!
Кўчада танасин сотмаяпти-ку!
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Ислом деганида юраклар юмшаб,
Қачон тура оласиз чопонни тўшаб?!
Бечора жин чалган телбага ўхшаб
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Шунда йўқлик сари раво бўлмайсиз,
Беҳаё қизларга момо бўлмайсиз,
Жоҳил авлодларга бобо бўлмайсиз,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Ой сўлғин нигоҳин ўпиб туради,
Малаклар хизматда чопиб туради,
Рўмоли динини ёпиб туради,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Хурсанд бўлмайсизми ҳилм истаса?!
Нафсингиз бунча ҳам зулм истаса?!
Бошингиз эгилсин илм истаса!
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Икки дунёда ҳам ғов бўлиб юрмас,
Илоҳий амрга ёв бўлиб юрмас,
Ҳамма нигоҳларга ов бўлиб юрмас,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Вахший туйғулардан асраб, авайланг,
Қалбига Илоҳий амрни жойланг,
Мусулмонсиз ахир, илтифот айланг,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Учрамас фолбину ҳам кинналарга,
Қалбини итармас чўғ ўрналарга,
Ё тақлид қилсинми Мадонналарга?
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Сизга суяниблар тургиси келар,
Асри саодатни кўргиси келар,
Фотимага ўхшаб юргиси келар,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Атрофга бир боқинг, фахший оғизлар,
Эркаклардан баттар шаддода қизлар,
Яланғоч дунёга етар беҳислар,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Тош ҳам ҳайрон қолган мурғак бошими?
Тобора эзмоқда таъна босими,
Эрларга буюрсин эркакнинг шими,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Авлодлар дастидан "оҳ"ламайсизми?
Золимлар етишса, чохламайсизми?
Бухорий чиқишин хоҳламайсизми?
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Эски жаҳолатни дилдан ўпиринг,
Муқаддас туйғудан энди шопиринг,
Собиқ шўроларнинг тузин тупиринг!
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Кўп ҳам зулм берманг, бу кўча тордир!
Аларнинг дуоси мақбулу ёрдир,
Ожизаларнинг ҳам Роббиси бордир,
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Охирги улушни дил илҳомидан
Олиблар, тугатгум кўнгил шомидан,
Тик туриб сўрайман уммат номидан:
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни!
Дин йўлидан тўсманг қизларингизни,
Қайтариб олинг бад сўзларингизни,
Қиёмат кунида расво ҳолатда
Кўрмайин десангиз юзларингизни!
Нет комментариев