Синглим менинг,
Рангпаргина синглим менинг,
Сени кутар тор уйингда тўққиз бола,
Кенг уйингда поёни йўқ дашту дала,
Сен кўникдинг,
Кўникмас ҳеч кўнглим менинг...
О, ёнимда бир нозанин шод кулади,
Унга ҳамма ёзганларим ёд, кулади.
Парвонадек жонимдан минг ўргулади,
Сени ўйлаб бағрим тилим-тилим менинг.
Шодон шаҳар саҳаргача ялла айтар...
Олисларда қирда тўзон — пода қайтар.
Елинлари сутга тўлган бизнинг жайдар
Сигиримиз чиқмас кесиб йўлим менинг.
Бу ерларда билишмайди бия нима,
Адир нима, анғиз нима, қия нима.
Акам шоир бўлиб мендан кечди дема,
Қўшиқ айтсам бир елкангда қўлим менинг.
Қуёш чиқар, қуёш ботар, соғинаман,
Кўкрагимда бир тош ётар, соғинаман.
Токай чидай бу жудолик доғина ман,
Қани ўша қозиқдаги тўним менинг!..
Синглим менинг,
Хушрўйгина синглим менинг.
Сени кутар тор уйингда тўққиз бола,
Кенг уйингда поёни йўқ дашту дала,
Сен кўникдинг,
Кўникмади кўнглим менинг
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев