Жунайд Бағдодий ҳазратлари Бағдодда яшаган буюк олим ва авлиё эди. Бир куни унинг ҳузурига соч-соқоли оқарган, бели букилган бир қария келди ва:
– Эй Жунайд, мени муридликка қабул эт, сенинг шогирдинг бўлмоқ орзусидаман, – деди.
Жунайд Бағдодий ҳазратлари:
– Агар истагинг рост бўлса, сени шогирдликка бир шарт билан қабул қиламан, – деди.
Қария ундан:
– Шартинг нима? – деб сўради.
Жунайд:
– Мен нима десам ҳеч инкор этмасдан бажаришга сўз берсанг, сени шогирд қилиб оламан, – деди.
Қария:
– Бу шартни қабул этдим, – деди-да қўлларини қовуштириб, Жунайд Бағдодий ҳазратларининг хизматига шай турди.
Орадан йигирма йил ўтди. Бир куни Бағдодий ҳазратлари қарияга:
– Эй оқсоқол, чироққа мой солиб созла, бугун оқшом биргаликда бир дўстимнинг зиёратига борамиз, – деди. Қария чироқни тайёрлаб ёққанидан сўнг орадан бир оз вақт ўтиб улар йўлга чиқди. Тун зимистон, ер балчиқ-лой эди. Олдинда Жунайд, орқада чироқни кўтариб қария борар эди. Бир оз йўл босганларидан сўнг уларнинг қаршисидан бир одам чиқиб қолди ва Жунайдга:
– Эй Жунайд, шу лой-балчиқли йўлда ўзи аранг юриб келаётган қарияга чироқ кўтартириб қўйиб унга азият бериш сендек олим одамга ярашадими? – деди.
Жунайд унга хитобан:
– Шайтон азиятда бўлмоғи керак – деди.
Қўлидаги чироқ билан шилта йўлда зўрға юриб келаётган қария мурид қўлидаги чироқни жаҳл билан ерга улоқтириб:
– Эй Жунайд! Сен менинг шайтон эканимни билармидинг? – деб сўради.
Жунайд:
– Сенинг шайтон эканингни келган кунингоқ билган эдим, – деди.
Шайтон келган кунидан бошлаб пойлаган фурсати ҳозир келганини тахмин этиб:
– Эй Жунайд! Сен ҳақиқатан буюк инсон экансан, сени фақат бир марта васвасага солиш учун эшигингда йигирма йил қуллик қилиб, заҳмат чекдим. Аммо буни бажара олмадим, – дея унинг қалбида кибр уйғотмоқчи бўлди.
Аллоҳнинг ёрдами ила шайтоннинг бу устамонлигини фаҳмлаган Жунайд:
– Бу ердан ҳозироқ даф бўл, малъун! Қалбимга мағрурлик ҳиссини солиб, йигирма йил давомида бажара олмаган ишингни ҳозир бажармоқчимисан, – дея шайтоннинг шарридан Аллоҳга сиғинди.
Жунайд Бағдодийнинг буюклигини қарангки, шайтони лаъинни йигирма йил ибодат қилишга мажбур этибди. Парвардигор бизни ҳам шайтоннинг ҳийласидан шундай сақланмоқни насиб айласин!
Робия ЖЎРАҚУЛОВА
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6
ilk tasavvuf ulamolaridan bo'lgan lar