Хар куни стресснинг турли ҳолатларига дуч келаман. Шунга амин бўлдимки, агар зўриқиш кўпайиб бораверса, йўқотилган энергияни тиклаш анча мушкул кечади. Аста секин мен ўз хис-туйғуларимни жиловлашни ўргана бошладим. Ёмон кайфият, атрофдагиларга нафрат ва ғазаб сочиш ҳолатлари камая бошлади. Кўникмаларимни ошириш учун китоблардан, интернетдан маълумотлар излай бошладим. Улар хаддан ташқари зиёд эди, кўпчилиги шифокор хузурига (албатта пул эвазига) бориш лозимлиги билан якунланар эди. Мен барча маслаҳатларни диққат билан ўрганиб чиқиб, уларни битта мақолада бирлаштиришни ният қилдим ва ўз ғояларимни сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Стресс ўзи нима? Инглиз тилидан таржима қилинганида, стресс зўриқиш, сиқилиш, босим, тушкунлик маъноларини беради. Стресс — рухий ва жисмоний зўриқиш холатидир. Илмий тил билан таърифлаганда атрофдаги қўрқинчли, хавфли ва ғашга тегувчи таъсирларга тананинг(организмнинг) жисмоний, руҳий ва кимёвий реакциясидир. Ўйлайманки илмий тушунчани билиш шарт эмас, шундоқ ҳам ҳаммаси тушунарли... Кўпчилигимиз стресс холати яхшиликка олиб бормаслигини, мия тўқималари емирилиб боришини ва қайтадан тикланмаслигини, ўзимизни авайлашимиз лозимлигини биламиз. Лекин барибир тажанглигимиз тутаверади, ўзимизни "еб” бораверамиз. Аслида бу ҳолатлардан қутулиш осон, хоҳиш ва истак бўлса бас. Бу истак бутун вужумизни қамраб олиши, онгимизга , хатто онг ости қатламига ҳам жойлашмоғи лозимдир. Лекин инсоннинг эринчоқлиги, бугунги ишни эртага қолдириши қўрқинчли тус олиши мумкин. Альфред Соуз айтганидек: ”Инсон доим бир нарсани кутиб яшайди... " Ҳақиқатдан ҳам фарзандли бўлишимизни кутамиз. Фарзандимиз мактабни тугатишини, ишга жойлашишини, нафақага чиқишни, янги машина олишни, янги уй сотиб олишни... бахорни, ёзни, кузни, қишни... кутадиган нарсаларимизнинг чеки йўқ. Гўёки ундан кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетадигандек. Кутишни бас қилинг ва бугунги кун билан яшанг. Вақт кутиб турмайди, орқага ҳам қайтмайди. Стресс организм устидан зўравонликдир. У уч йўналишда ўз таъсирини ўтказади: ақл, хаёллар, ҳис-туйғулар. Аввалига ахборот онг орқали қабул қилинади, сўнгра хис-туйғуларимиз орқали муносабат билдирамиз ва охирида бу жараёнлар организмга жисмоний даражада синга бошлайди. Танангизга диққат эътиборни қаратинг. Қайсидир мушаклар таранглашиб турганини сезасиз. Булар кўпинча жағ мушаклари, ундан кейинги ўринда елка, бўйин мушаклари бўлиши мумкин. Машхур немис психологи Курт Райх бу ходисани "мушакли панцирь” деб номлади (панцирь- тошбақанинг косаси) Кўпинча буни дам олишни билмайдиган инсонларда учратиш мумкин. Бунинг оқибатида мушак тўқималари қисилиб қолади ва остеохондроз келиб чиқишига сабаб бўлади. Остеохондроз, мушак тўқималарининг сиқилиб қолиши натижасида кенг тарқалган бўлиб, бўйин сохасига ва бошга катта оғриқ беради. Кам ҳаракатланадиган, кўпроқ ўтирадиган инсонларда бу касаллик кўпроқ учрайди. Бошимизни иш пайтида қандай ушлашимизга кўп нарса боғлиқдир. Боболаримиздан қолган нақлда "доимо бошингни баланд тут” кўп маъно бор. Бошни баланд тутиб юриш, ўтирганда гавдани тўғри тутиш барча органларнинг тўғри ишлашига ёрдам беради. Ўрнингиздан туринг! Бoшингизнинг тепа қисмига илгак боғлангандек ва тепадан кимдир илгакка ип боғлаб тортаётгандек тасаввур қилинг. Гавдангиз тўғрилана бошлайди, аста-секин букчайиб юришдан қутуласиз. Оптимистлар ҳар қандай қийинчиликда имконият қидиради ва топади, пессимист ҳар қандай имкониятда фақат қийинчиликларни кўради! Демак ҳар қандай ҳолатнинг стресслиги бизнинг муносабатимизга боғлиқдир. Агар биз ҳаётдан яхшилик кутсак, стрессга камроқ дучор бўламиз ва аксинча, қанчалик тушкунликка тушаверсак, стрессга кўпроқ чалинаверар эканмиз. Кундалик ҳаётимизнинг ҳар қадами ёқимсиз туйғуларни уйғотади. Масалан эрталаб будильникнинг ёқимсиз овозидан уйғонамиз, кейин тиқилинч транспортда ишга (ўқишга) борамиз, ёмон об-ҳаво, синган пошна... Кўпчилик учун тажанг кайфият меъёрга айланиб қолади. Стресснинг белгиларини ўзингизда бор-йўқлигини текшириб кўринг. Булар - тажовузкорлик, диққатнинг тарқоқлиги, сабабсиз безовталаниш, уйқунинг бузулиши, тушкунлик. Инсон мияси ҳақиқий хавфни ёлғондакасидан ажрата олмайди. Ҳар сафар вазият хавфли бўлиб кўринганида, мия унга жавоб қайтаради ва организмни жанговар ҳолатга келтиради. Биз яшаётган бизнес-олам организмни жанговар холатга келишини тез-тез таъминлаб туради ва сурункали стреесни келтириб чиқармоқда. Инсон организми мустахкам тузилган бўлиб, ўзини тиклаш қобилияти улкандир, фақатгина ақлнинг тўғри ва аниқ ишлаши талаб этилади. Биз нимани ўйласак ёки тасаввур қилсак, ўша нарса кайфиятимизга ва холатимизга автоматик равишда, онгимизни айланиб ўтиб таъсир қилар экан. "Яҳшиликни тасаввур этиш” техникаси мавжуд бўлиб, ёмон туйғулардан қутулишга ёрдам беради. Бошимиздан ўтган ёқимли ҳодисаларни эсласак, организм бунга жавобан ўзини яҳши ҳис эта бошлайди. Масалан кўчада ҳаёл суриб жилмайиб кетаётган инсонларни кўп учратганмиз. Лекин биз кўпроқ ёмон ҳодисаларни эслаб турамиз. Масалан бошлиқ билан ёқимсиз суҳбат 3 соат олдин бўлган эди, биз эса уни қайта-қайта ҳаёлдан ўтказаверамиз. Организм хам қайта-қайта ёқимсиз аҳволга тушаверади. Ҳар бир инсон ўзининг стрессини ўз вақтида ўзи енгиши керак. Шуни эсда тутиш лозимки, стресс чақирувчи воқеа (стрессор) фақатгина сабабдир, уни ёқимсиз психоэмоционал зўриқишга айланишига биз ўзимиз сабабчимиз. Масалан бир инсон учун ичидаги қаҳва ёки чой билан ағдарилиб тушган пиёла арзимас воқеадир, бошқасига эса –фожеа бўлиб туюлиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда стрессор битта бўлади, унга бўлган муносабат эса турлича бўлади Стрессорларни уч ҳил категорияга бўлиш мумкин. Биринчиси- бизга боғлиқ бўлмаган стрессорлардир. Булар- нарх-навонинг кўтарилиши, солиқлар, об-ҳаво, бошқа инсонларнинг одатлари, электр энергиясининг ўчиб қолиши... албатта биз асабийлашишимиз, бақиришимиз мумкин. Бу ҳолатда фақат қон босимининг ошиши, қонда адреналиннинг ортишига эришамиз. Ундан кўра ўзимизни қўлга олишни ўрганишимиз керак. Иккинчиси- биз ўзимиз ўзгартиришимиз лозим бўлган стрессорлар. Булар - ўзимизнинг нотўғри харакатларимиз, ҳаётда асосий ва муҳим мақсадларни белгилай олмаслигимиз, вақтимизни бошқаришни билмаслигимиз, инсонлар билан нотўғри муносабатда бўлишимиз... Учинчиси- ҳаётда учраётган воқеаларни катта муаммога айлантиришимиз. Масалан келажак ҳақида ўйлаётганда ортиқча безовталаниш, ўтиб кетган воқеаларни ўйлаб, сиқилиш (уларни барибир ўзгартириб бўлмайди). Ибратли ҳикоя. Бир африкалик қиролнинг яқин дўсти бўлиб, улар ёшликдан бирга катта бўлишган экан. Дўстининг бир одати бор экан – бошидан ўтган ҳар бир ҳодисага, ҳох у ижобий бўлсин, ҳох салбий "жуда яҳшида” деб қўяр экан. Кунлардан бирида улар овга чиқишибди. Дўсти қирол учун милтиқларни ўқлаб бериб турибди. Қайсидир милтиқ нотўғри ўқланган экан, қирол ўқ узиши билан бош бармоғи юлиниб кетибди. Дўсти секин оҳангда "Жуда яҳши” деб қўйибди. Ғазабланган қирол дўстини қамоқхонага жўнатибди. Орадан бир йил ўтибди. Қирол аввалгидек ов қилишга чиқибди. Нотаниш жойда қиролни канибаллар (одамхўрлар) тутиб олиб, ўз қишлоғига олиб кетишибди. Улар қиролни устунга бойлаб, ўтин қалашни бошлашибди. Шу пайт канибаллардан бири қиролнинг битта бармоғи йўқлигини кўриб қолибди. Уларнинг одатларига кўра танасида нуқсони бор одам қурбонликка ярамас экан. Қиролни оёқ-қўлини ечиб хайдаб юборишибди. Уйига эсон-омон қайтиб келган қирол дўстини чақиришни буюрибди — Сен ҳақ экансан. —дебди қирол—бармоғим юлингани жуда яхши бўлган экан. Шундан сўнг у дўстига бошидан ўтганларини гапириб берибди. — Сени қамаганим учун хижолатдаман. Кечир, дўстим, ёмон иш қилиб қўйдим. — Йўқ, —дебди дўсти, — бу жуда яхши бўлган! — Нималар деяпсан? Дўстини бир йилга қаматганнинг нимаси яхши? — Агар қамоқда ўтирмаганимда сен билан бирга овга борган бўлардим. «Стрессни енгувчи» маҳсулотлар Фанга яқиндагина шу нарса маълум бўлдики, музқаймоқ стрессни енга оладиган асосий маҳсулотлардан бири экан. Шунинг учун барча- катталар ҳам, болалар ҳам уни жон дилидан севади. Сут ва қаймоқда триптофан деб номланган модда бўлиб, нерв тизимини тинчлантиради, кайфиятни кўтаради, уйқусизликда ёрдам беради. Баъзи маҳсулотларда қувонч, бахт гормонлари мавжудлиги аниқланди. Буларга шоколад, банан, гречиха ёрмасини келтириш мумкин. Энди ғазаб хақида. Ғазаб инсонни соғлиғига зарар бўлиб, стресс холатига олиб келади. Лекин баъзида ғазабнинг ҳам фойдаси бўлар экан - у харакатга чақирувчи импульсга айланар экан. Ибратли воқеа. Қиш. Кўчада 40 даража совуқ. Катта чанани отлар судраб кетяпти. Чана устида хайдовчи- қари хитойлик киши ва қўлида гўдаги бор аёл кетяпти. Аёл совуқдан кўкариб кетган, зўрға нафас олади. Шунга қарамай боласини бағрига босиб иситишга харакат қилади. Бирдан хитойлик киши чанани тўхтатиб аёлни йўл устига итариб юборди, ўзи эса гўдак билан йўлда давом этаверди. Аёл боласини олиб қўйишганидан ғазабга тушди ва чана ортидан югура бошлади. У овозини борича бақирар ва югуришда давом этарди. Бироздан кейин унинг совуқдан қотиб қолган танасидаги қон айлана бошлади, юзлари қизариб оёқ-қўллари исиди. Хитойлик чанани тўхтатиб: "Ўтир, энди ўлмайсан” деди ва гўдакни онасига тутқазди. Ғазаб жуда хавфли, кўп касалликларни келтириб чиқаради, лекин баъзида у сизнинг кўмакчингизга айланиши мумкин. Кўпинча ғазабланган инсон янги иш, янгича ҳаёт, фаолиятида олға кетиш каби муваффақиятларга эришади. Ғазабни жиловлаб муаммони ҳал этишга диққатингизни жамланг. Ўзингиз тўғрингизда кўпроқ ўйланг, ўзингизни яхши кўринг. Сизга ҳеч қандай стресс муаммо эмас!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1