Ушбу битиклар Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ камолот ёшига етганидан сўнг ва унда ажойиб хислатлар ва одамлар билан мулоқот қилиш салоҳияти намоён бўлганидан кейин Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг унга айтган насиҳатларидир.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ дедилар:
– Эй Ёқуб! Сен биринчи навбатда илм ол, ундан кейин ҳалол йўл билан молу давлат орттир. Ана ундан кейингина уйлан. Агар илм олиш даврингда мол топишга қўшиш қилсанг, илм ҳосил қилишдан маҳрум бўлиб қоласан.Уйланганингдан сўнг болаларинг кўпая бошлайди ва сен илм олишни тарк этиб, уларни таъминлаш билан шуғулланишга мажбур бўласан.
Илмдан юз ўгирма, шогирдларингга аҳамият қил. Кўп кулма. Зеро, бу қалбни ўлдиради. Доимо оҳиста юр. Юмушларда шошма-шошарлик қила кўрма.Сўзлаган вақтингда қичқириб гапирма ва овозингни баланд қилма, оғир-босиқ бўл. Шундай қилсанг, сенинг собит¬қадамлигинг ҳаммага аён бўлади.
Халқ оммаси ва тижоратчилар ҳузурида фақат илмга оид нарсалар тўғрисида сўзла. Агар сен улар олдида молу дунё хусусида гап очсанг, улар сени молу давлатга ҳирси ва муҳаббати ҳамда пора олишга майли бор экан, деб сен тўғрингда ёмон фикрга борадилар ва нотўғри эътиқод қиладилар.
Кўча-кўйларда ўтирмагин. Бозору кўчаларда ва масжидларда ҳаргиз овқатланма. Шойи матодан тикилган кийимларни кийма. Чунки бу бефаросатликка олиб боради.
Одамларга беписанд бўлма. Ўзингни ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қил. Улар билан кўп алоқада бўлма. Фақат сенга мурожаат қилганларидан сўнг улар билан алоқа қил. Агар бирор одам сендан бирор масала юзасидан фатво сўраб қолса, фақат унинг саволигагина жавоб бер. Унга ҳеч нарса қўшимча қилма. Ортиқча сўзларинг унинг саволига берган жавобингни чалкаштириб қўяди.
Гарчи сен ўн йил касбсиз ва озиқ-овқатсиз қолсанг ҳам, илмдан юз ўгирма.
Сен шогирдларингга юзлан. Уларнинг илм олишга қизиқишларини қучайтир.
Оми ва бозорчи одамлардан бирортаси сен билан муноқаша қилмоқчи бўлса, сен у билан муноқаша қилма. Чунки бу сенинг обрўйингни тўкади. Ҳақиқатни айтишда ҳеч кимдан, ҳатто султондан ҳам тортинма. Ибодатни бошқалардан кам қилишда ўзингдан рози бўлма. Оми халқ сени ўзларидан кўра ибодатга камроқ юзланганингни кўрсалар, сени ибодатга аҳамият бермас, деган фикрга борадилар. Шунингдек, ўзларига нодонликлари “фойда” берганидек, сенга илминг фойда берган экан, деб эътиқод қилиб қоладилар.
Агар сендан бирор масалани сўрасалар, унда улар билан қизғин баҳсу мунозара қилиб ўтирма. Уларга фақат далилу ҳужжатларга асосланиб сўзла. Уларнинг устозларига таъна қилма. Акс ҳолда, улар ҳам сенга шу қабилда жавоб берадилар. Одамлардан эҳтиёт бўл. Очиқ-ойдин ҳолатингда бўлганингдек, махфий ҳолатингда ҳам Аллоҳ йўлида бўл.
Мунозара мажлисида қўрқиб гапирма. Чунки бу изоҳлашга халал беради ва тилинг тутилиб қолишига сабабчи бўлади.
Одамлар орасида Аллоҳнинг зикрини кўп қил, токи улар сендан ўргансинлар. Қуръони карим ўқиш учун ўзинга вақт белгила. Ҳар намоздан сўнг Аллоҳни зикр қилишни, сенга берган сабру бардош учун Унга шукроналар изҳор қилишни одат қил.
Ҳар ойда маълум кунларда рўзадор бўлишни ўзингга белгилаб қўй, токи бошқалар сенга тақлид қилсинлар. Ўзингни назорат қил. Илминг дунё ва охиратингга фойда бўлиши учун ўзгаларга ғамхўрлик қил.
Молу давлатингга ва мансабингга кўнгил қўяверма. Чунки Аллоҳ улар ҳақида сўроққа тутади.
Одамларнинг хатоларига эргашма. Уларнинг тўғри ишларига эргаш. Агарда бирорта одамнинг ёмон ишини билсанг, унга уни эслатма, балки, ундан яхшилик иста ва унга яхшиликни эслат. Уни фақат диний томонидангина гапир. Агарда диний йўлда хатога йўл қўяётган бўлса, уни одамларга айт, токи улар эргашмасунлар ва ундан эҳтиёт бўлсинлар. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ёмоннинг ёмонлигини гапиринглар, токи одамлар ундан огоҳ бўлсиндан. Зеро, Аллоҳ сенга мададкор. Сенга ва динингга нусрат берувчи Зотдир”, дедилар.
Агарда бир марта Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг айтганларини қилсанг, одамлар сендан ҳайиқадилар ва ҳеч ким динда бидъату хурофотни зоҳир қилишга журъат қила олмайди.
Ўлимни унутма. Устозинг ва бошқа сенга илм ўргатганларга Аллоҳдан мағфират тила. Қуръон ўқишда давомли бўл, мозорлар, муборак жойлар ва машойихларни зиёрат қил. Муаззин азон айтиши билан масжидга шошил, токи бошқалар сендан олдин бормасинлар. Қўшнингда кўрганингни сир сақла. Чунки у сен учун бировнинг омонатидир. Одамларнинг сирларини фош қилма. Маслаҳат сўраганга билганингча маслаҳат бер. Бундай ишлар сени Аллоҳга яқин қилади.
Ҳеч қачон бахил бўлма. Бахиллик одамларнинг ғазабини қўзғайди. Таъмагир ҳам, ёлғончи ҳам бўлма. Жиддий нарсани ҳазилга йўядиган, ҳақни ноҳақ билан қориштириб юборадиган ҳам бўлма. Барча ишларда шаънингни сақла. Кийимларнинг доим оппоғини кий, ўзингнинг кўнглинг тўқ эканлигини, молу дунёга ҳирс қўймаслигингни кўрсат. Гарчи камбағал бўлсанг ҳам, камбағаллигингни билдирма. Ҳимматли бўл, ҳимматсиз одам беобрў бўлади. Кўча-кўйда кетаётганингда ҳадеб ўнгу сўлингга боқаверма.
Бегона одамлар орасига кирсанг, сени ҳурмат юзасидан намозга ўтказмасалар, сен ўзингча уларга имомлик қилма.
Эрта тонгда ва қиём вақтида ҳаммомга кирма. Илмий мажлисда зинҳор ғазабланма.
Бирорта илмий мажлисга боришни қасд қилсанг, фиқҳга бағишланган мажлисга бор.
Зикр мажлисларини паст санама. Ва мени дуои хайрингдан дариғ тутма.
Ушбу ўгитларимни мендан қабул эт. Мен фақат сенинг ва мусулмонларнинг манфаати учун насиҳат қилмоқдаман. Ушбу панду насиҳатларимни қулоғингга қуйиб ол. Улар бу дунёю, у дунёда, инша Аллоҳ, сенга фойда беражак.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев