Росулуллоҳга салому, дурудлар, Ҳокларига қурбон бўлсин вужудлар! Раҳматлар ёғилсин саҳобаларга, Жаннат кийинтирсин дуҳобаларга! Тобеъинларга тобеъ бўлсин омад, Улуғ кунда ҳадя бўлсин даромад! Мазҳаб олимлари мазҳабдир ҳаққа, Ҳақни билган ҳаргиз қарши ноҳаққа. Олимлару, солиҳ зотларнинг бари - Раҳматларга кўмилсин қабрлари! Алар орқали биза етди ҳақ сўз, Алар ноҳақ деганлар бўлди ҳақсиз. Аллоҳ билса ҳамки ғайбу равони, Сабабларга кўра тузди дунёни. Зулумотдан олиб чиқди бизларни, Ҳам ўчирди биздан қолган изларни. Қалин-қалин бу излар ёмон эди, Бирдан ўчиб кетиши гумон эди, Худовандга бу ишлар осон экан, Гулга айланди неча-неча тикан! Тиканга қилма парво, жон тик анга, Гўзал гулдан насиба жон тикканга! Бунда қойил қолибдурмиз нечага – Кеча олған уйқусини кечага! Алар бизга демишлар эртаю кеч: “Кеч қолмайин десанг, бугун тандин кеч! Намозга тур кўзингда бўлса нам оз,
Намоз бирлан бўлур дунёда ғам оз! Кўзинг ёпиб, оғзинг ёпиб гуноҳдан
Паноҳ сўра паноҳ берар Аллоҳдан! Тавбага шошил десам, қўй «тавбанг”ни, Аранг ҳайдаб йиқилма аравангни. Одам Атога Худо қилди ато: Хатодин сўнг тавба қилса, йўқ хато! Тилинг зикр, қалбинг шукр йўлида, Ўйнама муғомбир даврон қўлида. Болангни ҳаром билан боқмагин сан,
Шул сабаб ёт қўлларга боқмагин сан. Югур ҳалол томон солиб хонишлар, Тишлар оғизга не солинса тишлар! Тамаъ гир айланиб тамаъгир ёнин, Қақшатиблар чиқар авом ҳамёнин. Тамаъ бирлан унса ҳалим оғизлар, Уч кун ўтиб номидир ялмоғизлар. Зиёдалик истасанг юр зиёда, Акс ҳолда, отдасан ҳам пиёда! Баъзан бола муҳаббати балодир, Фитна бўлиб ҳар куйларга солодир. Ҳасаднинг ёнига ҳам йўлама сан, Қулай жарга қул бўлсанг, қулама сан! Санинг оч нафсинг бир-бир сўндиройин, Бир-бир билганларим тушунтиройин. Тингласанг фойда, шул боис тингла, санг! Онгинг сангдан фарқ қилгайдир онгласанг!” Ўтмишдаги боболарим сўзи шу: Не қилдим ошириб, ахир ўзи шу!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев