Шунда барваста киши официантга қараб нимадир демоқчи бўлди, лекин гапиришга улгурмади. Ёшлик ва эҳтирос ғолиб чиқди. Қорақош йигит ярим турган ҳолда хизматчи йигитга гапирди:
-Ука, илтимос, шу қўшиқни яна бир қўйсангиз.
Дераза ёнидаги киши унга ўгирилиб қаради. Кўзлари ёниб турган йигит айнан унинг ҳам кўнглидагини илтимос қилганди. Шу куни қўшиқ қайта-қайта қўйилди. Лекин ўз дардларига кўмилиб ўтирган икки инсон на бир-бирларига, на бошқа бировга ёрила олди. Аччиғу ширин хотиралар ҳар иккисини ўз гирдобига тортиб кетдилар...
СОДИҚ
Сархил пишган мевалари ерга тўкилиб, асалдек ёпишиб ётган ўрик тагидаги йигит билан қиз бир-бирларининг қўлларини ушлаб туришарди.
-Мен фақат сизни дейман, Содиқ ака, севгимиз учун ҳар қанча курашишга тайёрман.
-Менинг ҳам энг ширин орзуим сенсан, Саида! Фақат... дадам билан аямни кўндиришим қийин бўляпти. Нимагалигини биласан-ку...
Саида йигитнинг бургут сурати туширилган кўйлагига, ҳали анча-мунча одам орзу ҳам қилолмайдиган даражадаги камёб бўлган «жинси» шимига, пошнали туфлисига алам билан қаради. Масала кундек равшан, муаммо дунё қадар кўҳна ва аниқ. Бонг урилган тенглар замонида Содиқнинг «каттакон» дадаси Саиданинг оддий тракторчи бўлган отасини ўзига тенг кўрмайди. Бу икки оиланинг қуда бўлиши тўғрисида гап бўлиши мумкинмас. Содиқ ҳали уйланмайди, у ўқиши, энг камида Москвада ўқиши керак!
Отасининг гапини икки қилишга, журъат топиб, бор гапни айтишга Содиқда ирода етишмайди. Онаси орқали бир-икки гап қўзғаганда сўкиш эшитишдан бошқа обрў топмади. Лекин Саидадан ҳам узила олмайди. Ким нима деса-десин, Содиқни орзулаб юрганлар кўп, лекин у шу қизни чиндан севади. Отасининг бойлиги, обрўли оиланинг якка ўғли бўлса-да, Саидага муносабати самимий.
Қиз йигитдан дадилроқ гапларни, аниқ ҳаракатларни кутади. Олиб қочса ҳам майли, Саидага имкон берилса бас, шу оилага келин бўлиш бахти насиб этса, Содиқ учун ҳар қанча заҳар-заққум ютишга тайёр. Лекин ҳар қанча яқин бўлсалар-да, бу таклифни йигитга айтолмайди. Содиқ ҳам жим.
Умидни ҳам узмай, бирор тўхтамга ҳам келмай, секин хайрлашдилар.
Дадил гапларни Содиқнинг дадаси айтди, аниқ ҳаракатларни Саиданинг дадаси қилди. Бир зарб билан ниҳолдек унаётган севгининг ярим белига болта урилди.
Қўллари қорамойга буланиб эски тракторини тузатаётган Саиданинг дадаси тормоз овозини эшитиб ўгирилиб қаради. Оппоқ «Газ 24» бу атрофда фақат бир кишида бор. У ҳам бўлса бу ерга келиши мумкинмас. «Волга»нинг орқа ойнаси секин туширилди. Ичкаридан аввал шляпа, кейин жиддий қиёфа кўринди.
-Толиб, бери кел.
У қўлини эски латтага артаркан, шоша-пиша етиб борди. Кўришиш учун узатилган қўллар ойна устида муаллақ қолди. Ўқдек отилган сўзлар Толиб акани жойига михлаб ташлади.
-Қизингни йиғиштириб ол Толиб! Ўғлимнинг бошини айлантирмасин. Мени биласан, бирор аҳмоқчилик қилишса ҳам, ўғлимнинг бир тукини тўкмай қутқариб оламан. Қизинг ёмонотлиқ бўлгани қолади, холос. Сени биринчи ва охирги марта огоҳлантиряпман. Қизингни ўраб-чирмаб эрга бериб юбор ёки ўқиш-пўқиш деб кўздан йўқот.
Ота жавоб беришга улгурмади. Нима ҳам дерди?.. Шитоб билан қўзғалган машина ортидан қараб тураркан, лаблари титради. Аввал тракторига, кейин пастак томли уйига қараб хўрлиги келди.
Содиқ дадасининг Толиб ака билан гаплашганини Саида йўқолиб қолганидан кейин эшитди. Бор аччиғи ўртоғиникига қочиб бир кун ётишгача етди. Дадасига ҳайдовчилик қиладиган амакиси туртиб-суртиб олиб келди. Шундан кейин Саидани қайтиб кўрмади, излашлари самара бермади. Ўқишга кетди. Диплом олиб келган куни дадасининг ошнаси Салим прокурор елкасига тўн ташлади. Дадаси «Жигули»нинг калитини тутқазди. Тўй ҳам тезлашиб кетди. Прокурорнинг қизи Зилола хонадонларига кириб келди. Ҳали-ҳануз Саидани унутолмаган Содиқнинг кўнгли келинчакка ҳеч исимади. Лекин уруш-жанжал билан бўлса-да яшайверишди. Эркароқ ўсган Зилола аввал ўғил, кейин қиз туғиб, бу оиладаги ўрнини анча мустаҳкамлаб олди...
ДИЛМУРОД
Севги ҳам кўнгил танларкан. Ишқ ҳам ҳамма дилларга меҳмон бўлавермаскан. Мактабда ўқиб юрганларида бир-бирларига ими-жимида хат ёзишиб юрган синфдошларини кўрган Дилмуроднинг энсаси қотарди. Улғайишди, ўт-олов бўлиб юрган тенгқурларининг бир-иккитаси севганларига етишдилар. Кимдир армонда куйиб ҳам қолди. «Дарди йўқ кесак» деган ном олиб улгурган Дилмурод ҳеч кимга кўнгил бермади. Унинг баланд бўйларига, қоп-қора қошу кўзларига термулганлар ҳам йигитдан бир садо чиқишига кўзлари етмай, бирин-кетин келин бўлиб кетишди. Вақти келганда у онаси топган, роса мақталган қиз – Насима билан учрашувга чиқди. Ер чизиб турган соддагина қизни боғда айлантирган, музқаймоқ олиб берган бўлди. Сўраганларида «ўзларинг биласизлар»дан нарига ўтмади. Тўй қилиб Насимани тушириб келишди. Келин ҳамма юмушни аъло қилиб бажарарди. Лекин эрининг кўнглини топишни билмас, бунга ҳаракат қилмасди ҳам. Дилмурод ҳам хотинидан нима кутаётганини ўзи ҳам тушунмасди. Фарзандлари туғилганида ўша нимадир топилгандек бўлди. Лекин фарзандга қаттиқ боғланган бу икки кўнгилда бир-бирларига етгулик ришта топилмади. Лекин бунақалар камми, яшайвердилар...
***
Йиллар билан бирга ўша йилларни обод қилган одамлар ҳам ўтиб кетди. Аввал Содиқнинг отаси, кейин қайнотаси у дунёга рихлат қилдилар. Бу орада ўзи ҳам нуфузли амални эгаллаб улгурган Содиқ оиласига кўникиб кетди. Лекин минг бора айтилганидек, ўша беғубор биринчи муҳаббати ёдига тушганда ич-ичдан хўрсиниб кетарди. Хотини Зилоланинг тажанг феъли ўзига жабр қилди. Элликка етмай орттириб олган юрак ўйноғи уни ва Содиқни дўхтирма-дўхтир чопишга мажбур қилди. Даво излаб, пойтахтдаги машҳур шифохонанинг юрак касалликлари бўлимига боришди. Палатага жойлашганларидан кейин ўғли Собиржон иккиларини қолдириб ортига қайтди. Шифокорлар беморга ташхис қўйиб, муолажаларни бошладилар. Икки кун ичида зерикиб улгурган Зилола опанинг ҳасрат дафтари очилди.
-Бу дард энди мени олиб кетади, шекилли, дадаси, ўғлимнинг тўйини ҳам кўролмайдиганга ўхшайман.
-Нафасингни иссиқ қил. Сен ҳали кў-ўп яшайсан. Сен бўлмасанг, менинг асабларимни ким эговлайди? Келинингни зир югуртирмасанг, армонда қоларсан.
Совуққина ҳазил Зилола опанинг кўнглига кулгу эмас, алам пуркади. У ҳам эрини узиб олиш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, эшик очилиб ҳамшира билан даволовчи врач кириб келди. Ҳамшира унинг ён-атрофини тартибга келтираётганида шифокор гап бошлади.
-Омадларинг бор экан. Профессоримиз Германиядаги кардиологлар анжуманидан қайтиб келдилар. У кишининг кўриги учун беморлар ойлаб навбат кутишади. Ўзлари бўлимдаги беморларни «обход» қилмоқчилар. Шикоятларингизни қисқа ва аниқ айтинг. Ортиқча гаплар билан вақтларини олманг.
Ўнлаб талабалар ва шифокорлар палатага кирганларини кўрган даволовчи врач сапчиб ўрнидан туриб Зилола опанинг олдидаги курсини бўшатди. Оқ халатлилар бирпасда беморнинг атрофини ўраб олишди, Содиқ ака сурилиб дераза ёнига бориб қолди.
Қирраси тиғдай қалпоқчаси йилларга енгилмаган қоп-қора сочларини аранг ушлаб турган, оппоқ халати ўзига жуда ярашган профессор аёл Зилола опанинг юрагини астойдил эшитди. Узун қоғозларни синчиклаб ўрганди, даволовчи шифокорнинг маълумотларини тинглади ва дона-дона қилиб зарур муолажаларни тайинлади. Яна Зилола опага юзланди:
-Опа, ёшингиз нечада?
-Қирқ еттидаман, айланай.
-Ие, синглим экансиз-ку, опа деб сизни қаритиб қўйибман,-кулди профессор.
Зилолага бу гаплар алам қилди. Шифокорлар каттасининг вақт таъсирида тароватини йўқотмаган таранг юзига, авайлаб парвариш қилинганлиги билиниб турган қош-кўзларига қаради.
-Дард мени еб битирди-да, оповси. Сиз мени даволанг, қиёматлик опа-сингил бўлайлик. Менинг ҳам орзу-ҳавасим бор, ўғлимнинг тўйларини кўрсам, набираларимни бағримга боссам дейман.
Кўзлари ёшланган Зилола опанинг гап халтаси очилиб кетди. Профессорга савол берди:
-Сизни ҳам тўйларга етказсин, ўзингизда болалардан нечта, синглим?
Нозик мавзу очилганидан атрофдагилар бир қимирлаб олишди. Профессорнинг ҳам қиёфаси жиддийлашди. Гапни бурди:
-Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Сизга ҳаяжонланиш мумкинмас.
-Вой, шу гапни хўжайинга айтинг, ана ўзлари.
Оқ халатлилар четга чиқиб, Содиқ ака кўринди. У дераза ёнидаги курсида кўксини чангаллаб ўтирарди. Зилола опанинг даволовчи врачи югуриб унинг ёнига борди.
-Саида Толибовна, хўжайинларининг ҳам мазаси қочиб қолди.
Яқинроқда турган талаба йигит ушлаб қолмаганда, Содиқ ака йиқилиб, бошини стол четига урган бўларди. Уни авайлаб ўринга ётқиздилар, шифокор билагига мослама улаб, қон босимини ўлчай бошлади. Профессор Зилола опанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, ҳаммани ҳайрон қолдириб шошилганича чиқиб кетди.
***
Истироҳат боғида уч яшар қизалоғини айлантириб юрарди. Бола-бола-да, дадаси қўйиб юбориши билан энтикиб югурди. Дилмурод қўл телефонида гаплашиб чалғиганида қизи Насиба сувни томоша қилиш учун боғ чеккасидаги бетон ҳовуз бўйига борди. Ҳовуз чуқур, чети сирпанчиқ эди. Насиба тойиб йиқилиб, думалаганича сувга тушиб кетди. Бир лаҳзада қизини кўздан йўқотган Дилмурод каловланиб қолди. Аланг-жаланг кўзлари Насибани ҳовуздан тортиб чиқараётган қизга тушди. Югуриб борганида қизалоғи қўрқувдан титраб йиғлаётган, қутқариб олган қиз уни овутишга ҳаракат қиларди. Фарзандини қучиб олди, кўзларига ёш келди. Болагинаси жонининг бир бўлаги эканлигини шу онларда ич-ичидан ҳис қилди.
-Қизалоқ шамоллаб қолади.
Ёшли кўзларини халоскор қизга тикди. Қоп-қора, чиройли кўзлар меҳр билан боқиб турарди.
-Сув муздек экан, бола совуқ еди, кийимларини алмаштириш керак,-давом эттирди қиз самимий оҳангда.-Менинг уйим шу атрофда, юринглар.
Насибани қучганича қизга эргашди. Истироҳат боғининг биқинидаги кўп қаватли уйларнинг шинамгина хонадонига кириб боришди. Икки хонали уйда ҳеч ким йўқ эди. Қиз Насибанинг кийимларини ечди ва иссиқ сувда ювинтириб каттакон сочиққа ўраб қўйди. Асалли чой қилиб берди, кейин ҳўл кийимчаларини ювиб, ёйиб қўйди.
-Энди қизингизнинг кийимлари қуригунча бир-икки соат меникида меҳмон бўласизлар,-кулди қиз.
Миннатдорчилик билдирган Дилмурод атрофга разм солди. Қиз ёлғиз яшаса керак, ҳамма жиҳозлар бир кишилик. Юмшоқ сочиқ орасидан чақноқ кўзлари кўриниб турган Насиба маза қилиб мультфильм томоша қилаётганди. Боласига қараб яна бир марта бугунги хавфни ҳис қилди. Агар мана шу қиз бир дақиқа кечикканида борми, даҳшат...
Кофе олиб келган қизга деди:
-Раҳмат сизга, синглим, қизимни... вақтида кўриб қолибсиз. Олдингизда бутун умр қарздорман.
-Қўйсангиз-чи, бу ҳар бир инсоннинг олдидаги бурч...
Кийимлари қуригунча Насиба ухлаб қолди. Уй эгаси уни диванга ётқизиб қўйди.
Танишиб ҳам олишди. Қизнинг исми Мафтуна экан, шифохонада ҳамшира бўлиб ишларкан. Мафтуна Насибанинг нам кийимларини дазмоллаётганида Дилмурод секин ўрнидан турди ва стол устидаги бежирим телефон тугмаларини босди. Дам ўтмай чўнтагидаги телефон жиринглади. Рақамни сақлаб олди ва ташқарига чиқиб кетди. Ўн дақиқа ўтар-ўтмас совға-салом билан қайтиб келди ва қўлидагиларни қўярда-қўймай Мафтунага тутқазди.
***
Содиқ ака ўттиз йиллик дард юракка жо бўлиб, бунчалик қаттиқ хуруж қилишини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. У хотини шунча йиллар давомида қандай дард билан олишаётганини ўз танасида ҳис қилди. Энди иккилари ҳам шифтга тикилиб ётишибди.
Саида... Толибовна. Биринчи ва охирги муҳаббатини тақдир шу ерларга етаклаб келган экан-да. Журъат қилиб Саиданинг онасидан сўраганида, «қизимизни эрга бериб юбордик», деган юракни ўртовчи жавобни олган, шундан кейин узил-кесил умидини узганди. Умид узилгани билан севги дилнинг бир четида қолавераркан. Ёш элликдан ўтиб, бунақа гаплар уят бўладиган давр келган бўлсаям, кўнгил ўртанишини қўймади. Зилоланинг қаршилигига қарамай, ўрнидан турди. Шифохона тўрига катта ҳурмат тахтаси ўрнатилган, унда ёшу қари шифокорларнинг суратлари бор. Энг юқорида Саиданинг сурати, «...тиббиёт фанлари доктори, профессор». Ўша ёшликдаги қора сочлар, қатъият билан боқувчи шаҳло кўзлар. Ҳашаматли эшикни тақиллатишга юраги бетламади, ортга қайтди. Лекин ўзига анча яқин бўлиб қолган шифокор йигитдан эшитганлари қалбини ўртади.
«Саида Толибовна кардиология соҳасида етакчи мутахассис ҳисобланади, нафақат юртимизда, Россия, Европа, АҚШда ҳам обрўси зўр. Йилига икки-уч ой чет элда ишлаб келади. Умрини илм-фанга бағишлаган, турмуш қилмаган, ёшлигида кўнгил қўйган йигити фожиали ҳалок бўлган дейишади, бир жияни билан яшайди, шекилли...».
Содиқ титраб кетди. Демак, Саида уни кутган, қачондир келади деб умид қилган. Гап-сўзлардан қўрқмаган, турмушга чиқмаган. Ёлғиз ўзи аёл боши билан шу даражаларга эришган. Йиллар ўтавергач, фожиали муҳаббат тарихини ўйлаб топган. Ҳақиқатдан ҳам ўлиб кетгани яхшимасмиди Содиқнинг?!.
Ҳамдард топмай, кекса онасига ёрилди. Озроқ гина ҳам қилди. Бу яна бир катта хато бўлди...
***
Дилмуроднинг қизи Насиба ўзининг сувга тушиб кетганини чучук тиллари билан айтиб берганида хотини эътибор бермади ҳам. Ўша тўнглик, ўша қош-қовоғи билан индамай ишини қилиб юраверди. Қўлини пешонасига қўйиб шифтга тикилиб ётган Дилмурод эса ҳамшира қизни ўйлайверди. Мафтунанинг меҳрли нигоҳлари, самимий муносабати унинг қалбида ҳали бирор марта меҳмон бўлмаган туйғуларни уйғотганди. Қизнинг чақнаб турган қоп-қора кўзлари, сутга чайилгандек оппоқ юзидаги кулгичлари гўзал бир қиёфа касб этиб, унинг кўз ўнгидан кетмай қолди. Бир неча бор қўнғироқ қилиш учун телефонини олди, лекин андиша устунлик қилди. Нега шу туйғу унинг қалбига бу қадар кеч кириб келди, севги деганлари шумикан, юракни эзиши ҳам бунчалар ширин?.. Лекин келажаги мавҳум бу муҳаббат тўғрисида гап чиқса, Дилмурод ҳам, Мафтуна ҳам маломатга қоладилар. Ҳали қизнинг кўнглида ўзига нисбатан илиқлик тўғрисида ўйлашга ҳам ҳадди сиғмайди. Оддий бир инсон сифатида боласига ёрдам берди, холос. Ким қўйибди Дилмуродга бунақа хаёлларга боришга?..
Лекин кўнгил барибир айтганини қилди. Бир ҳафта ҳам муддат ўтмай, ортиқ чидашига кўзи етмай, қизнинг эшиги тагига борди. Сувга тушиб кетган ширингина қизалоққа Мафтунанинг ҳам меҳри тушиб улгурганди. Дилмуродни яхши кутиб олди, очиқ юз билан қўлидаги совға-саломини олди. Табиатан киришимли бўлган Мафтуна йигитнинг кўнглидаги ҳисларни сезгандек бўлса-да, кўксидан итармади. Шунчаки очиқкўнгилликни аямади. Яхши танишиб олишди. Мафтунадаги энг қизиқ жиҳат- кўпчиликнинг наздида ёши ўтинқираб қолган бўлса-да, турмушга чиқмагани эди. Пайтини пойлаб Дилмурод ўзини қизиқтирган саволни чиройли тарзда берди:
-Мафтуна, наҳотки шу пайтгача бирорта йигит сизнинг кўнглингизни тополмаган бўлса?
Савол мазмунини тушунган қиз кулиб қўйди. Унинг ҳазилнамо жавоби Дилмуроднинг қалбидаги чўғнинг аланга олишига сабаб бўлди ва ҳаётида туб бурилиш ясади.
-Шу пайтгача сиздақаси учрамади-да, Дилмурод ака...
***
Икки қалбнинг бирида шунча йиллар ўтиб қайта кўз очган, иккинчисида баҳор ўтиб келган қалдирғочдек бемаврид қўнган ишқ туйғуси гуркиради. Маълум муддат тақдир севгининг аланга олишига йўл қўйиб берди-ю, охир-оқибат барибир куйган кўнгилларнинг устидан кулди.
Зилола опанинг умри қисқа экан. Содиқ ака нима бўлганда ҳам жуфти ҳалоли, фарзандларининг онасига куйикарди. Хотинини оёққа тургизиш учун шунча йил зир югурди, лекин шунча муолажаларга қарамай, Зилола опа бир кечада узилди-қолди. Содиқ ака билан ўғли Собиржон аза очиб, марҳуманинг барча расм-русумларини қилиб, тупроққа қўйдилар. Хотинининг йилини ўтказган Содиқ ака яна пойтахтга қараб йўл олди. Поездда кетаркан, ўйлади, аввало Саида билан учрашмоқчи, оёғига бош уриб кечирим сўрамоқчи, кейин агар Саида рози бўлса, у билан тақдирини боғламоқчи. Бу нияти орадан шунча йиллар ўтгани сабаб ўзига ҳам эриш туюлар, лекин тақдирнинг ўзи аввал Саидани учратиб, кейин ажал орқали бўлса-да йўлини очганлиги бу режани амалга оширишга замин яратгандек эди.
Яна бир ишқдан девона Дилмурод кунлар ўтиб бир қарорга келди. Нима деса-десинлар, хотини билан ажрашади! Ахир у ҳам ҳаётга бир марта келади, суйгани билан яшашга ҳаққи бор-ку. Уни тўхтатиб турган куч одамларнинг фикри ҳам эмас, қизалоғи Насиба эди. Лекин жону жаҳонидан узила олмайди. Иложи бўлса ўзи билан олиб қолишга ҳаракат қилади, ахир Мафтуна ҳам Насибани жонидан ортиқ кўради-ку. Хотинини ҳам ташлаб қўймайди, таъминлаб туради, бунақа яшаётганлар озми, у ҳам бир кунини кўрар...
Гул дўконига кириб, энг бежирим гулдастани танлади, қизнинг олдига боришдан олдин кафега кириб икки кишилик жой буюрди. Ҳали Мафтунага бу мавзуда бирор марта сўз очмаган, бугун ҳаммасини тушунтиради, у ҳам Дилмуроднинг қалбидаги туғёнларни сезгандир... Нима бўлганда ҳам, рози қилади, энди бу қизсиз ҳаётини тасаввур ҳам қилолмайди.
ХАСИС ДУНЁ,
БЕВАФО ДУНЁ
Содиқ ака шаҳарга етиб келиб сартарошхонага кирди. Ўзига оро берди. Худди йигитчалардек қимматбаҳо атир харид қилди, энг чиройли гуллардан гулдаста ясатди. Шунча йиллик айрилиқдан кейинги учрашувни ўйлаб юраги энтикиб кетарди.
Шу ерда ишловчи шифокорлар ҳам киришга ҳайиқиб турадиган бежирим эшик ёнида анча турди. Ниҳоят эшикни қия очиб, ичкарига кирди. Саида Толибовна, унинг шунча йиллик Саидаси бошини чангаллаганча кўзларини юмиб ўтирарди. Содиқ аканинг томоқ қиргани ўзига жабр бўлди. Бошини кўтарган Саида Толибовна ёшликдаги Саиданинг овози билан эмас, йиллар давомида раҳбар лавозимларида шаклланган овоз билан Содиқ акани жойига михлаб қўйди:
-Қайси юз билан бу ерга келдингиз? Уялмадингизми, орият деган нарса борми сизда? Э одамни ҳар нарса бўлгани яхши... «Туҳмат балосидан асрасин», деб бекорга айтмас экан халқимиз. Чиқинг, кетинг бу ердан, қайтиб кўзимга кўринманг.
Саида Толибовна охирги сўзларни шиддат билан шундай оҳангда айтдики, Содиқ ака қандай қилиб чиқиб, қандай эшикни ёпганини сезмай ҳам қолди.
Наҳотки ёшликдаги иложсиз муҳаббатнинг алами шунча йиллардан кейин ҳам бу қадар заҳар сўзларни яратган бўлса?!. Судралиб ортига қайтди ва бир оз бўлса-да ўзига келиш учун кўчадаги шинам кафега кирди...
***
Дилмурод Мафтунани ишхонасидан топа олмади. Мафтуна шифохонанинг кенг боғи четидаги ўриндиқда ёлғиз ўтирарди. Қизни узоқдан кўрган Дилмуроднинг юраги ҳаприқиб кетди. Мафтуна мана шу хилват жойда уни кутаётгандек, айтмоқчи бўлган гапларини эшитиб қувончдан бўйнига осиладигандек туюлди. Лекин ёнига етиб борди ҳамки, хаёлларига кўмилиб ўтирган қиз қайрилиб қарамади, у йигитнинг ёнига келганини сезмаганди ҳам.
-Мафтуна!
У «ялт» этиб қаради. Нигоҳларда нафрат зоҳир эди.
-Мен ёнингизга...
-Нега келдингиз?! Шунча гапдан кейин ҳам без бўлиб туришга уялмадингизми?! Бўҳтонларингиз билан ғуруримни поймол қилганларингиз етмадими, яна нима дейсиз?! Битта яхшилик қилганимга жавобми бу?!
Дилмуроднинг тили калимага келгунича Мафтуна шитоб билан ўрнидан турди ва йиғлаганича югуриб кетди. Дилмурод анча вақт қимирламай турди. Турмуш қилмаган қизга уйланган йигитнинг таклифи шунчалар аччиқ баҳоланишидан ҳайратланиб, секин ортига қайтди. Қўлидаги гуллар севгиси сингари ерга тўкилиб борарди...
***
Ҳар бир нарсага нимадир сабаб бўлади. Дилмурод Мафтунанинг айрим сўзлари мағзини чақишга уринди, лекин жавоб топа олмади. Қанақа бўҳтон, нега ғурурини поймол қилган ҳисоблади, наҳот Дилмуроднинг кечиккан севгиси қизни шунчалик изтиробга солган бўлса? Ҳали севгисидан сўз очишга улгургани ҳам йўқ эди-ку...
Агар вақт ортга қайтганида, Дилмурод роса бир соат олдин Мафтунанинг хонасига етиб келганида борми...
Эридаги ўзгаришларни қайси хотин сезмаскан?! Хотини Насимани бекорга «ичимдагини топ» дейишмасди. Эрини кузатиб, бу ҳолатларнинг сабаби Мафтуна экани, қиз қаерда ишлашигача билиб улгурди. Турмушини сақлаб қолиш дадил ҳаракатлар талаб қилишини тушуниб етди ва боласини қўлига олиб йўлга тушди. Қизалоқни кўриб юзи ёришган Мафтуна унинг онасидан эшитганлари таъсирида бутун жамоаси олдида ер билан битта бўлди. Нималар деб жавраганини англаш қийин эмас... Айниқса, дод деб йиғлаётган боласини силкилаб айтган битта гапи бутун умр ёдидан чиқмайдиган бўлди:
-Ҳеч бўлмаса мана шу гўдакнинг уволидан қўрқмадингми, мегажин, бировнинг эрини йўлдан урганингнинг касрига бутун умр тирноққа зор бўлиб ўтгин илойим!..
Ўйга ботган Содиқ ака ҳам Саиданинг гапларини тушунмай доғда эди. Қанақа туҳмат бўлди экан?! Ёки Содиқ билан ёшликдаги муҳаббати гап болалатиб, Саиданинг турмуш қилишига тўсиқ бўлганмикан?..
Содиқ ака ҳам кечикканди. Муҳаббат бобида кечиккани майли, дадасининг ортидан йўлга тушиб, замонавий машинада поезддан ўтиб кетган ўғлидан ортда қолганди. Бувисидан бор гапни эшитган Собиржон бир хулосага келиб улгурди.
Саида Толибовна сўроқсиз кириб келган йигитни кўриб ҳайратда қолди. Гўё йиллар ортга қайтган, рўпарасида Содиқ тургандек...
Лекин бу йигит Содиқ айтадиган ширин сўзлар ўрнига заҳардан ўқлар ясаб келганди. Айниқса, бир жумла уни тамоман гангитиб қўйди:
-Наҳотки шунча йиллар ўтган бўлса ҳам, дадамни тинч қўймайсиз?! Бемаъни ниятингизга етиш учун онамни ҳам сиз ўлдиргансиз, бу қилмишингиз учун жавоб берасиз ҳали!
***
Ишқ кўзларини сўқир қилган бу икки инсон ўзларининг ўтмиши, бугунги ҳаётлари бу қадар осон йўққа чиқишини ҳисобга олмагандилар. Уларнинг қалбидаги туғёнлар ҳеч бир айби бўлмаган икки кўнгилни вайрон қилгани қолди, холос.
Кафеда эса қўшиқ янграрди. Худди атай қўйилгандек қўшиқ
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев