Тўсатдан кўзи йўл
четидаги машинага тушди. Унда бир қария аёл ўтирар, атрофга чорасиз алангларди. Йигит машина ёнига келиб, эски уловини тўхтатди. Аёл қўрқиб кетди, чунки шунча вақтдан буён ҳеч ким унга эътибор бермаган, ёрдам қўлини чўзмаган эди. Бу одам бирор ёмонликни кўзламаганмикан?
– Менинг исмим Абдураҳим,– деб ўзини таништирди йигит.– Сизга ёрдам бераман, онахон. Унгача менинг машинамда ўтириб туринг, озроқ исиниб оласиз.
Йигит машинанинг у ёқ-бу ёғини текширган бўлди. Йўқ, унақа ваҳимали нарсанинг ўзи йўқ экан. Ғилдирак тешилибди, холос. Бироқ қария аёл буни қандай тўғрилашни билмай анча азоб чеккан кўринади. Абдураҳим чўккалаб, машина остига қаради. Қулай жой топиб, кўтармани қўйди. Сўнг
қўлларини куҳ-куҳлаб иситгач, ишга киришди. Ғилдиракни алмаштириб бўлгач, юзига табассум инди. Муаммо ҳал бўлганини кўрган аёл:
– Сизга неча пул беришим керак? – деб сўради, сўнг шоша-пиша қўшиб қўйди. – Тортинмай айтаверинг, қанчалигининг аҳамияти йўқ.
Абдураҳим шундай жавоб берди:
– Хижолат бўлманг, ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Мен бир ёрдамга муҳтож одамга кўмаклашдим, холос. Менинг ўзимга шу пайтгача қанча одам ёрдам қўлини чўзган – биргина Худога аён. Агар миннатдорчилик билдиришни жудаям хоҳлаётган бўлсангиз, ёрдамга муҳтож бирор одамга дуч келсангиз, унга ёрдам беринг ва мени эсланг.
Аёл қайта-қайта раҳмат айтди ва машинасига ўтирди. Бир неча чақирим юргач, бир ресторанга кўзи тушди. Йўл олдидан бироз исиниб, тамадди қилиб олиш ниятида ресторанга кирди. Унга хизмат қилган жувон жуда истарали экан. Кун бўйи оёқда тик турган бўлса-да, табассум билан муомала қилди. Иши ҳам, ҳомиладорлиги ҳам, кундалик ташвишлар ҳам ундаги мулойимликни йўқота олмагани шундоқ кўриниб турарди.
Аёл овқатланиб бўлгач, ҳақини ортиғи билан тўлади. Қайтим олиб келингунича эса ресторанни тарк этди. Унинг кетиб қолганини кўрган жувон ҳайрон қолди. Шу пайт кўзи стол устидаги қоғозга тушди.
Унда ёзилганларни ўқиган жувоннинг кўзлари ёшланди: “Ҳайрон ҳам, хижолат ҳам бўлманг. Мен шунчаки, йўлусти кирган эдим. Бугун менга бир инсон самимий ёрдам қилди ва мен ҳам сизга беғараз ёрдам қўлини чўздим. Агар чиндан ҳам менга миннатдорчилик билдирмоқчи бўлсангиз, ушбу оқибат риштасини узиб қўйманг. Вақти келиб бирор муҳтож кишига кўмак беринг”.
Жувон хатни ўқиб бўлгач, сочиқ остида бир даста пул турганини кўрди. Юраги тўлқинланиб, ҳайрат-ҳаяжонга тушди. Бу нотаниш аёл у ва эри анчадан буён пулга зориқиб юрганини қандай сезди экан-а?
Жувон уйига келгач, эрига мамнунлигидан ял-ял ёниб боқди ва ички бир ишонч билан деди:
– Ҳаммаси яхши бўлади! Сиз яхши одамсиз, Абдураҳим ака.
Камила опа Расуловадан.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев