Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Алҳамдулиллаҳ, вас-солату вассаламу ала Расулиллаҳ. Амма баъд.
Барча нарса оиладан бошланар экан, ундаги жамики муомала-муносабатлар шариат аҳкомларига муносиб бўлиши лозим. Инсоннинг барча ибодатлари – намози, рўзаси, ҳаттоки берадиган закоти, адо этадиган ҳаж ибодати ҳам оиланинг тинчлигига боғлиқ. Қанчадан-қанча одамлар уйи нотинч бўлгани учун намозларини қазо қилиб қўяди, хонадонидаги нохушлик туфайли рўза тутолмайди ёки оиласида молиявий инқироз сабаб закотини беролмайди, чунки нотинч оиладан барака кетади.
Шунинг учун оила тотувлиги, тинчлиги тўғрисида қанча гапирилса шунча оз. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, бу тўғрида бот-бот сўзланаётганига қарамасдан, шаръий талабларни ҳаётга тадбиқ қилиш қийин бўлмоқда. Биргина таскин шундаки, озгина бўлса ҳам силжишлик, айниқса, ёшларимизда бу нарсани тушунишлик бор. Бир босқичдан иккинчи босқичга ўтадиган даврга тўғри келиб қолдикки, ёши улуғларимиз ҳафа бўлишмасин сўзларимдан, уларнинг баъзи бирлари шариат аҳкомларини тўғри тушуна олишмайди. Чунки улар қарийб 50-60 йиллик умрларини бошқа бир ғоялар, бошқа бир тузумлар таъсири остида ўтказиб бўлишган. Энди уларнинг янгича бир ғояга мослашувлари ниҳоятда қийин бўлади. Ёшларимиз эса, алҳамдулиллаҳ, эшитган маълумотларини тезда қабул қилиб олмоқдалар ва ҳаётга тадбиқ этишга завқу шавқ билан киришмоқдалар. Лекин кексалар томонидан тўсиқ, қўрғон бўлиб туришлик, кўнгилга тугиб қўйилган режаларни амалга оширтирмаслик, уйда мени айтганим бўлади, дейишлик ҳолатлари ҳанузгача бор.
Оиланинг тинчлигида эркак кишининг ўрни ниҳоятда катта. Зотан ҳар бир жамиятнинг раҳбари яхши бўлса, ўша жамиятдаги барча кишиларнинг ҳаёти тинч бўлади. Худди шундай, оиланинг раҳбари – эркак киши яхши, адолатли, илмли, маърифатли бўлса, оила ҳам тинчлик-осойишталикка эришади.
Бу борада сўз кетса, кўпинча эркакларнинг аёллар олдидаги масъулияти тўғрисида гапирилади. Бунда, яна шу мавзу экан-да, яна эрларнинг вазифаси, масъулияти айтилаяпти, аёлларнинг ҳеч қандай ўрни йўқ экан-да, деган тушунча бўлмаслиги керак. Аввало, ҳар бир инсон биринчи навбатда ўзини ислоҳ қилишликка масъул. Биз ўзимизни ислоҳ қилсак, иншаАллоҳ, аҳли аёллар ҳам ўзидан-ўзи ислоҳ бўлиб қолади. Бизга қараб туриб, биздан намуна олиб улар ҳам гўзал турмуш қуришликка, эрларига гўзал муомала-муносабатда бўлишга ўтишади, иншаАллоҳ. Шунинг учун, бугун эркакларнинг аёлларга бўладиган муносабатларини, эркакларнинг аёллар олдидаги вазифа ва масъулиятларининг баъзи бир қирраларини айтиб ўтамиз.
Бу сўзларимиз кимлар учундир танқид, кимлар учундир эса хурсандчилик башорати бўлиши мумкин. Танқид бўлса, кўнглига олмасдан ўзини ислоҳ қилишга ўтиши, бундан сира ҳам зерикмаслиги лозим.
Уламоларимиз айтадиларки, толиби илм бир маълумотни мингинчи марта эшитаётган бўлса ҳам, худди илк маротабадагидек бутун вужуди билан тингласа, шундагина ҳақиқий толиби илм даражасига етади. Агар у “Буни ўн марта эшитганман-ку, юз марта эшитганман-ку. Яна шу маълумотми?” деса, мақсадига эришолмайди, унга илм юқмайди, манфаатли илм ҳосил қилолмайди.
Шунга мувофиқ, азизлар, гарчи аввал ҳам кимдандир эшитган, қаердадир ўқиган шариат маълумотларини тинглаётган бўлсангиз, шуни унутмангки, шариат илмлари ҳеч қачон эскирмайди. Тўғри, орамизда шундай одамлар ҳам бор. Улар “Эскича ўқишни ўрганиб олдингми?”, “Эскичага олиб бориб қаратдингми?”, “Эскича удумларни қилдингми?” дея эътироз билдирадилар. Аслида эса уларнинг ўзлари эскирган.
Шариат зинҳор эскирмайди! Доим янги ҳолатда бўладиган ва қиёматгача боқий қоладиган ҳақиқий навқирон шариат – бизнинг шариатимиздир. Бу — бизнинг динимиздир. Бизнинг динимиз маълумотлари ҳеч қачон эскирмайди. “Эскича қилдингми”, деганларнинг ўзлари аллақочан замондан ортда қолган, уларнинг ўзлари назардан йироқ.
Эркакнинг хотини олдидаги биринчи одоби, бу – валимадир.
Яъни, никоҳ тўйини уюштириб беришлик эркак кишининг одобига ва хотинининг олдидаги масъулиятига киради. Бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларига мувофиқ мустаҳаб амал даражасига кўтарилган.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳунинг юзларида бироз хурсандчилик аломатларини кўрдилар ва “Нима учун хурсандсан?” дедилар. У киши “Мен бир хурмо данагидек тилло эвазига уйландим”, дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом “Аллоҳ сенга баракотларни ёғдирсин, битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилиб бергин”, дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Мана шу ҳақиқий эркакларга (қўштирноқ ичидаги эркакларга эмас), ҳақиқий мусулмон йигитларга қарата айтилган хитобдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам битта қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат қилиб беришни буюрдилар. Аммо бу буйруқ фарз, вожиб ёки суннати муаккада эмас. Балки мустаҳаб ўрнида, имконияти борлар қилиб берсин, қўй сўйишга имконияти бўлмаса, гувоҳларни чақиртириб, никоҳ ўқитиб, шундоқ уйланиб кетаверсин, деб тушунилади.
Ҳозирги инсонларнинг аксариятидан нима учун уйланмай юрганини сўрасангиз, “Ҳали мен тўйга тайёр эмасман”, деб жавоб беради. Қизларингизни нимага турмушга чиқармаяпсиз, қизингиз қари қиз бўлиб қолибди-ку, десангиз “Ҳали мен қизимни узатишга тайёр эмасман”, дейди. Буни қаранг-а, мол-дунёга муҳаббат қўйганимиз сабабли қанчадан-қанча йигитлар уйланолмайди ва қанчадан-қанча қизлар турмушга чиқолмайди.
Афсуски, бунинг оқибатида жамиятда фаҳш ва бузуқликлар кўпайиб бораверади. Охир-оқибат мана шу нарса жамиятнинг бузилишига олиб келади. Бориб-бориб, жамият фақатгина шундай инсонлардан иборат бўлиб қолади.
Ҳозирдаги Ғарбни, Оврўпа, денгиз орти мамлакатларини кўринглар. Айрим мамлакатларнинг энг катта ташвиши – олтита оила қўрса, бештаси ажрашаётганида. Зеро Ғарб мамлакатларини эшитса, баъзи бирларнинг сўлаги оқиб кетади, чунки, агар молу дунё билан ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, улар албатта пешқадам. Лекин маънавияти қани уларнинг? Уларнинг иймон-эътиқоди қайда қолди? Ахлоқ-одоби қани?
Ахир, ҳақиқий инсон бўлиш учун фақатгина молу дунёси, маишати зўр бўлса етарли эмас-ку. Балки, маънавиятни, ўзининг миллийлигини, диний урф-одатларини ҳам ўйлаши керак. Мана шундагина киши ҳақиқий инсон бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди мана шунинг учун битта қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат қилиб беришни тавсия қилдилар.
Шу ўринда, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бир ибратли воқеани келтириб ўтамиз. Исм-шарифларини, тўйхонани айтиб ўтирмайман, балки уларни иштирокчилари бизнинг орамизда бордир.
Ўтган йили бир вақтни ўзида тахминан 750-800 меҳмонни ўз бағрига қабул қила оладиган тўйхоналарнинг бирида катта тўй бўлган. Биласизлар, тўйгача қанча сарф-ҳаражатлар бўлади. То ош берилгунча, ҳамма босқичларни босиб ўтиб, қуда-анда бўлмишлар тўй кунини белгилаган пайтда, кўп нарса келин тарафдан қилинади. Келиннинг отаси куёвнинг отаси билан наҳорда бериладиган ош ҳақида маслаҳатлашиб, “Қанча меҳмон олиб борасизлар? Шунга қараб, тайёргарлик қилиб қўямиз”, деса, куёвнинг отаси “Икки юзта атрофида бўлиб борамиз”, дея жавоб берибди.
Бечора келиннинг отаси шунга ҳаракат қилиб, қуда тарафга 200 тача жой тайёрлаган. Яна ўзининг меҳмонлари учун 200 та ва ундан ортиқроқ жой ҳозирлаган.
Биласизлар, ошга келган қуда тараф, аввал тўйхонанинг олдидаги майдонда тўпланиши керак. Ҳамма жам бўлиб, кейин дабдаба билан ичкарига кириб бориш одатини ҳеч йўқотиб бўлмайди. Ана шундай, ўша куни ҳам улар йиғилгандан йиғилишяпти. Кўпайгандан кўпайиб бораяпти. Ош бераётган қуданинг қалбига ғулғула тушишни бошлаган. Қараса, булар икки юзтадан кўпайиб кетаяпти. Кўпайганлиги аниқ бўлди ҳам. Ичкаридагиларни чақириб “Тез бориб ўзимизнинг яқинлар, кўнглига қаттиқ ботмайдиганларга айтинглар, жойни бўшатсин, қуда тараф кўпайиб кетиб қолди. Агар бўшатмасак, ҳозир сиғмай қолади, шарманда бўламиз”, деб ўзининг меҳмонларини ўтирган жойларидан турғазиб, жойларни бўшаттирган.
Кейин булар кирган. Нечта келган дейсизми? Қуда бўлмиш куёв тараф 500 та бўлиб келган. Босқинчилик эмасми бу?! Ваҳшийлик, ноинсофликнинг энг чўққисига чиқиш эмасми бу? Балки, номардликдир! Ундан кўра ўша қуда тараф бошига рўмол ўраб олса яхши эмасмиди?
Бечора қуда ўзининг мутлақо ҳамма меҳмонларини турғизиб юборишга мажбур бўлган. Ош бўлган, амри-маъруф бўлган. Ундай жойда “Куёв тарафнинг келишини қаранг”, деб домла айта олмайди. Жумада эса мумкин. Чунки бу ерда ҳеч ким ош бераётгани йуқ, бемалол гапира оламан. Ўша пайтда гапирилса борми, жанжал чиқади, сен атайин домла гапирсин, деб айтгансан, дейиши мумкин эди. Дарҳақиқат, никоҳ тўйларида менинг гапиргим келади. Куёв томоннинг кириб келаётганини кўриб: “Уялмайсизларми шунча бўлиб кириб келгани?” дегим келади. Орқаси кўринмайди. Вагон-вагон бўлиб кириб келаверади. Келин тарафнинг ошини егани-я?! Келинга ўтказдириб қўйган жойи борми? Муттаҳамлик ҳам эви билан-да!
Ҳалигилар 500 та одамни олиб келди. Ош еб бўлинди. Чиққандан кейин яна бир расмиятчилик бор. Энди уларнинг елкасига бир нарсалар ташланиши керак. Улар яна ҳаммаси эшикни олдида тўпланиб туришганда, ҳамма керакли нарсаларни кийдириб бўлинган. Келин бечоранинг отаси қалбида, албатта, озгина бўлса ҳам хафалик бор-да, шунинг учун қудани чақириб: “Қуда, бизни анча қийнаб қўйдингиз, ҳижолатга қолдирдингиз. Бизнинг меҳмонларимизни қаранг, энди уларни бошқатдан олиб кириб меҳмон қилишимиз керак, жуда ҳижолат бўлиб қолдик”, дебди. Куёвнинг отаси эса юқоридан пастга қараб туриб: “Тўйни чидаганга чиқарган, қуда”, дебди. Гапини қаранг унинг.
Келиннинг отасининг мардлигини қаранг! Ҳақиқий эркак борлигидан хурсанд бўлдим шу жойда. Ош берган қуда: “Омин, қўлларингни кўтаринглар. Бу берган ошим эҳсон. Тўй бекор қилинди. Бунақа одам билан мен қуда бўлолмайман. Аллоҳу акбар”, деб тўйни бекор қилиб юборибди. Тошкентда бўлган воқеа шу. Келин тарафнинг мардлиги-ю, куёв томоннинг номардлигини томоша қилинг.
Қуйидаги ҳадисда айтилишича:
وجَاءَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ أَبُو شُعَيْبٍ إِلَى غُلاَمٍ لَهُ لَحَّامٍ فَقَالَ: اصْنَعْ لِي طَعَامًا يَكْفِي خَمْسَةً فَإِنِّي رَأَيْتُ فِي وَجْهِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم الْجُوعَ فَصَنَعَ طَعَامًا ثُمَّ أَرْسَلَ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وآله وسلم فَدَعَاهُ وَجُلَسَاءَهُ الَّذِينَ مَعَهُ فَلَمَّا قَامَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وآله وسلم اتَّبَعَهُمْ رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَهُمْ حِينَ دُعُوا فَلَمَّا انْتَهَى رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وآله وسلم إِلَى الْبَابِ قَالَ لِصَاحِبِ الْمَنْزِلِ إِنَّهُ اتَّبَعَنَا رَجُلٌ لَمْ يَكُنْ مَعَنَا حِينَ دَعَوْتَنَا فَإِنْ أَذِنْتَ لَهُ دَخَلَ قَالَ: فَقَدْ أَذِنَّا لَهُ فَلْيَدْخُلْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ.
Абу Шуъайб исмли бир киши ўзининг қассоб ходимининг олдига келиб:
«Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очликни кўрдим», деди.
У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у Зотни ва бирга ўтирганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида, даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига:
«Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради», дедилар.
«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у».
(Термизий ва икки Шайх ривоят қилишган).
Буни қаранглар, битта одамга рухсат сўраляпти! 300 тага эмас! 200 та деб қўйиб, 500 та олиб келадиган номардлар ҳам бор экан шаҳримизда.
Қани мусулмончилигимиз?! Ҳамма нарсани мусулмончиликка йўямиз. Бу бизнинг ўзимизнинг бидъат-хурофотимиз эмасми?! Исломга йўймайлик буни!
“Энди мусулмончиликда шунақа-да, ҳамма нарса келиннинг бўйнига юкланади, мусулмончиликда шунақа-да ҳамма нарса бу қуда тарафга юкланади....”.
Йуқ! Мусулмончиликда бунақа эмас, азизлар!
Ҳеч бўлмаса: “мусулмончиликда эмас бу, бизнинг расво урфимизда шунақа”, денглар. “Бизнинг ёмон одатлариимиздан бири шу – бировни оёқ ости қилишлик бизнинг “қадриятимиз”га айланиб қолган. Аслида эса “бу бизнинг динимизга амал қилмаслигимизнинг касофати”, дейишимиз керак.
Яна бир воқеа. Шаҳримиздаги хонадонлардан бирида қўшалоқ келин тушираётган эканлар. Кўпчилик, айниқса, аёллар чуқур энтикиш билан: “Бизларга ҳам шундай қўшалоқ келин тушириш насиб этсин”, деб орзу қилишган, баъзилар эса ҳадикда. Тўғри-да, ҳозирги кунда битта келинни қабул қилиб олиб, кўнгилдагидек ҳаёт кечириб кетаётганларнинг ўзи камчиликни ташкил қилади, аммо бирданига иккита келиннинг машмашаси, албатта ўзига яраша бўлади.
Халқимизнинг “ажойиб” бидъату хурофотларидан бири келин туширилаётган хонадонга аввалроқ келин тарафдагилардан бир неча аёллар ва уйнинг ўлчамини оладиган алоҳида мутахасислар келади. Юқорида айтганимиздек, деярли барча молиявий харажатлар келин томондан бўлиши етмаганидек, куёв тараф мазкур аёллар ва мутахассислар келишига бир неча хонадан иборат бўлган уйни бўм-бўш қилиб, яланғочлаб қўйишади. Куёв тараф ҳам бу ишларни қойилмақом қилиб амалга оширибди. Қўш келин тушираётганлиги учун “адолат” билан ҳар иккала келин тарафдагиларга бир хил шароитли, яъни чор девордан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бир неча хонани кўрсатиб қўйишибди. Ана энди тамошани кўринг. Никоҳ тўйига 10-15 кун қолгунича ҳар иккала келин тарафдагилар бир неча йиллардан бери йиғиб келган сарпо-суруғ, турли уй жиҳозлари, мебеллар, гиламлар, кўрпа-тўшаклар, қисқаси, деворнинг бирор жойи очиқ қолмайдиган даражада қимматбаҳо парда ва гиламлар билан безатишган. Буларнинг барчаси текшириладиган, кўрикдан ўтказдириладиган ва ҳисоб-китоби чиқариладиган кунга ҳам етиб келибди.
Хотинларнинг урфида бу “мол ёяр” куни деб аталади. Бу кунда барча нарсани одатда “бош ҳакам” — қайнона ҳал қилади. Ҳайъат аъзолари эса қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан иборат бир гуруҳ — ғийбатчи аёллар бўлади. Бир овоздан катта келиннинг сепи аъло баҳога лойиқ деб топилган, бечора кичик келинга нисбатан ҳақоратли сўзлар “гулдастаси” отилган. Эмишки, кичик келиннинг сепидаги барча нарсалар ўзимизники, “импортний” ҳеч нарсаси йўқ. Бундай имтиҳондан кичик келин тарафдагилар ўта олмаганлар. Натижада эса кичик келин томон кўч-кўронини кўтариб, тўйни бекор қилиб кетишган. Бундан бўлажак қайнона ҳеч ташвишлангани йўқ, чунки у кишининг хаёлларида кичкина ўғилга ҳам катта ўғилникидек бой-бадавлат хонадоннинг қизини келин қилиб олиб бериш нияти бор эди. Аммо у кишининг ҳам хаёллари пуч эканлиги маълум бўлиб қолди.
Биринчи қуда бўлмиш, яъни катта ўғилга қиз бераётган тараф виждонли, иймонли, инсофли экан. Қайнона ва “ҳайъат аъзолари” тарафидан чиқарилган ҳукмга норози бўлишиб, агар ҳамма нарса мол-дунё билан ўлчанадиган бўлса, биз ҳам бундай оила билан қуда-анда бўлолмаймиз, деб кичик келин томоннинг қилганини қилиб кетишибди.
Бундай воқеъа ва ҳодисалар ҳар куни ҳар қадамда учраши мумкин. Лекин кўпчилик қуда-анда бўлаётганларнинг юқоридагига ўхшаган муаммоларга сабр қилишдан ўзга чоралари йўқ. Гўёки ҳар тарафини ўйлашади, мулоҳаза қилишади, боламнинг бахтига зомин бўлмайин, деб паст кетишга мажбур бўлишади. Мана шундай нотўғри фикрлар, мулоҳазаларнинг йиғиндиси эса, қайсидир маънода, фарзандларимизнинг бахтига чанг солишлик эканлигини ўйлаб кўришмайди.
Яқинда водий тарафда бир йиғилиш бўлибди – тўй-томошаларни қисқартириш, тежамкорлик билан тўйларни уюштириш тўғрисида. Ҳозир водийда ҳам худди Тошкентдагидек, асосий юк келин тарафга ўтиб кетиб қолган. Авваллари водийда асосий юк куёв томоннинг зиммасида бўларди. Ҳақиқий эркаклар кўп эди у пайтда водийда. Ҳозир водийда ҳам улар камайиб кетаяпти.
Ўша мажлисда иштирок этаётган одам менга айтиб беряпти. Мажлисда куёв тараф иккита қўчқор, икки қоп ун, бир қоп гуруч, сабзи, картошка ва ҳоказоларни бериши кераклиги ҳақида муҳокама бўляпти. Мажлисдагилар қачонгача куёв тараф иккита қўчқор беради, шуни биттага туширайлик, қачонгача икки қоп ун беради, шуни биттага туширайлик, бир қоп гуруч эмас, ярим қопга туширайлик, дебдилар. Муҳокама тугаб, битта қўчқор, бир қоп унга келишиб турганларида, бир ақлли одам туриб, шошмай туринглар, менда ҳам бир гап бор, дебди. “Сизлар ҳозир куёв тарафнинг келин томонга берадиган нарсаларини муҳокама қиляпсизлар. Аммо келин тарафнинг бераётган мебели қани? Диванлари қани? Жиҳозлари қани? Куёв болани бошдан-оёқ кийинтириши қани? Уйга осиладиган пардалари қани? Гиламлари, курпа-тўшаклари қани? Нимага энди куёв тараф қисқартириши керагу, келин тарафники баттар кўпайиб кетавериши керак? Шу инсофданми? Аслида келин тарафнинг берадиган нарсасини қисқартириб, куёвникини ошириб қўяйлик! Чунки шариат бўйича куёв тўй қилиши керак. Ўзи шундоқ ҳам келин тарафга ҳамма нарса юкланиб турган бўлса, нимага куёв тарафникини қисқартиришимиз керак?” дебди.
Сўнгра, ўйлаб туриб, охири келишолмабдилар-да, “Бўпти, ўшандайча қолаверсин”, деб тарқалишибди.
Мана, азизлар, ақллиларимизнинг, оқсоқолларимизнинг бир жойга тўпланиб олиб қилган муҳокамаларининг натижаси шу.
Куёв тарафдан нарсаларни камайтириб, унга енгил қилиб, келинга яна юкланавериши керак экан-да?! Нима қилсин энди келин бечора? Худо билади, бу кетишда, яқинда балки куёвлар маҳр талаб қилишни бошлайди: “Сени оламан. Қанча маҳр берасан?”, деб.
Келинг масаланинг яна бир бошқа томонларига ҳам тўхталиб ўтсак. Эркак киши аёли билан бўлаётган ҳазил-мутойибада ҳаддидан ошиб кетмаслиги зарур. Энди эса, аёлларнинг бироз салбий томонларини ёритишга ўтиляпти. Чунки аёллар кўп нарсани хоҳлаб юборади. Ҳазил-мутойибада ҳам, мусобақада ҳам, муомала масалаларида ҳам чегарани билиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чегарани сақлаганлар.
Эрлари ўз аёлларини ислоҳ қилиб туришлари, қилаётган ишлари шариатга номувофиқ бўлса танбеҳ бериш, ҳатто таъзир беришлари ҳам мумкин. Ҳозирги кундачи? Мутлақо бундай ҳолатлар қолмади. Биз эркакларнинг кўпчилигимиз аёлларнинг қулига айландик. Юқорида кўрсатилган барча салбий ҳолатлар аёлларнинг фикрларига бўйсунганлигимиздан келиб чиқяпти. Тўю томошадан тортиб, барча бидъату хурофотларнинг сабаби – “Энди, аёллар қўймас экан-да, қори ака, уҳ-ҳў, буларнинг машмашаси тамом қилиб юборди мени”, деб итоат этиб кетилаверишдадир. Аёлларнинг нафси нимани хоҳласа шу амалга оширилаяпти, оилада аёллар раҳбар бўлиб қолишди. Хоҳлаган буйруғини беради. Эркаклар эса итоаткор қулга айланди. Фақат пул топиб келиши керак холос. Қолган тўю томоша, оила рўзғорининг ишлари – буларда гуёки, эркак кишининг ҳеч нарсага аралашишга ҳаққи йўқ. “Эркак кўчаники, пулни олиб кел, “энди бўшсан”, дейди, тамом. “Тўйга сен аралашмагин, нечта тағора қиламан, нечта либос қиламан, нечта мато соламан – ҳаммасини ўзим биламан”, дейди. Эркак бечора лаллайиб чиқиб кетаверади. Шу-да, қўпол бўлса ҳам.
Қани, қайси бирларинг айта оласизлар: “Мен хотинимнинг айтганларига қулоқ солмадим, тўйни ўзим белгилагандек қилдим”, дея? Шундай сўзларни айта оладиган одам борми ичларимизда? “Тўйда хотинимнинг бирорта гапига бўйнсинмадим, ўзим қандай хоҳласам, худди шундай тўй қилдим, хотинларнинг гапини синдириб, ўзим истагандек — шариатга мувофиқ тўй қилдим”, деган мард бўлса, жумадан кейин келсин олдимга, ўзим тақдирлайман, мукофотини бераман. Йўқ ундайлар! Худо хоҳласа, бундан кейин чиқиб қолмаса, ҳозирча йўқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайсики қавмга аёл киши раҳбар бўлса ўша қавм нажот тополмайди”, дедилар (Бухорий ривоят қилган).
Ҳадиси шарифда қайси қавм деганда, унинг қайси оила деган маъноси ҳам бор. Қайси оилага аёл киши раҳбар бўлса, ўша оила нажот тополмайди. Юқоридаги биринчи ҳолатда ҳам шу – хотин айтган-да: “Менинг уруғимнинг фалонтасини айтасан”, деб. Хотин уруғидан айтилган ўшаларнинг кўпи. Шунинг учун 500 та бўлиб кетган. Эр эса унинг гапини синдиролмаган. Ундан кўра қудага “тўйни чидаганга чиқарган”, деб қўйиш осонроқ. Хотинга гапиргандан кўра, қудага гапириш осон-да.
Мана, азизлар, қаерга қараб кетаяпти эркакларимиз – аёлларга жиловни, бутун ҳокимиятни бериб қўйганлар. Натижада эса нажот тополмаяпмиз, бидъат-хурофотлар денгизига таборо ғарқ бўлиб бораяпмиз.
...Гапирганда “Ўҳ-ҳў” деворамиз, тўғирлаш керак экан, деганимизда эса “Эҳҳ” деймиз, лекин тўғирлолмаймиз, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Фақат эшитамиз холос.
Лекин ўтган жумадан кейин бир Хожи ака келдилар. Яхши иш қилибдилар. Яқинда, ўғилларини уйлантираётган эканлар, қуда томон “Нечта бўлиб келасизлар?” деса, у киши: “Мен куёвнинг отасиман, бизлар сиз тарафда берилаётган ошга умуман бормаймиз”, дебдилар. Қуда тараф хафа бўлиб: “Нимага бизнинг ошга келмайсизлар, биз одам эмасмизми?” дебдилар. У киши: “Йўқ, шариатимизда шунақа экан, шариатда эркак тараф аёл томон бераётган ошга бормаслиги керак экан. Сизлар бизникига келишларинг керак экан. Хоҳлаганча бўлиб келинглар, биз меҳмон қилайлик. Эркакмиз биз. Мен ўғил уйлантиряпман, қиз чиқараётганим йўқ. Келинглар биз тарафга, биз ош қилиб берамиз”, деб айтибдилар.
Қудалар эса: “Йўқ, бундай бўлмайди. Майли-ку, лекин озгина бўлиб келмасаларинг бўлмайди”, дейишибди. Охири, ўнта одам бўлиб боришга келишдик, дедилар. Қуда тараф эса – “Майли, ўн киши бўлса ҳам келинглар, кўрган одамларни олдида, мана шу қудам бўлади, деб киритай”, деб, рози бўлибди.
Мана бу - эркакликнинг бошланиш нуқтаси. Секин-секин биз ўз аслимизга қайтаяпмиз, иншаАллоҳ. Мана шундай қудалар кўпайиб борса, балки 10-15 йилдан кейин бу гаплар биз учун таажжубли ҳолат бўлмай қолади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев