Аллоҳнинг марҳамати ила муборак рамазон ойи яна яқинлашиб келмоқда.
Шундай экан, биз ҳозирдан бошлаб нафл рўзаларимизни, Қуръони карим тиловатларини ва Аллоҳ йўлидаги садақаларимизни кўпайтириб туришимиз дунё-ю охират бахтига етишимизга ва Раббимиз ҳузурида мартабамиз кўтарилишига сабаб бўлади.
.
ШАЪБОН ОЙИ РЎЗАСИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг аксар кунларида рўза тутар эдилар.
Уммул-мўминин Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазон ойидан бошқа бирор бир ойни (бошидан охиригача) мукаммал тарзда рўза тутганларини кўрмаганман. Шаъбон ойидан бошқа ойларда эса шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмаганман…”.
(Бухорий ва Муслим ривоятларидан)
Уламолар шаъбон ойи рўзаси ҳақида ворид бўлган ҳадиси шарифларни шарҳлаб айтадилар:
“Шаъбон ойи рўзаси муҳаррам ойлар (ражаб, зул-қаъда, зул-ҳижжа ва муҳаррам ойлари)даги рўзадан афзал. Нафл (рўза)ларнинг афзали рамазон ойига яқин – рамазондан олдин ва рамазондан кейин бўлганидир. (Бу рўза) худди фарз намозлардан олдин ва кейин ўқиладиган суннат намозларга ўхшаш мартабада бўлиб, фарз ибодатни бажаришда йўл қўйилган камчиликларни тўлдиради. Фарз намозларнинг суннатлари умумий нафл намозлардан кўра афзалроқ бўлгани каби, рамазондан олдинги ва кейинги рўза ҳам рамазондан узоқроқ ойлардаги рўзадан афзал бўлади”.
(Имом Ибн Ражабнинг «Латоифул-маъориф» китобидан: 138-саҳифа).
Рамазондан олдинги ва кейинги суннат рўзаларга тарғиб этилишидан рамазонга улаб тутиш тушунилмайди, албатта. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларда ундан қайтарганлар. Айниқса рамазон ҳайити – Фитр байрами куни рўза тутиш қатъиян ҳаром қилинган. Худди шунингдек Азҳо байрами куни ҳам рўза тутиш ҳаром.
Рамазондан бир кун олдин – шак кунида “рамазон бошланиб қолган бўлса рўза тутган бўламан” деб рўза тутиш ҳам жоиз эмас.
Шаъбон ойида рўза тутишга тарғиб этилишининг ҳикматларидан яна бири, чунки бу рўза рамазон ойига тайёргарликдир. Бу ойда ўзини рўза тутишга ўргатиб турган киши рамазон кирганда қийналмасдан, рўзаларни бемалол тута оладиган бўлади.
.
ШАЪБОН ОЙИДА ҚУРЪОН ТИЛОВАТИ
Яна шаъбон ойда Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилишга ўрганиб туриш ҳам тавсия этилади. Зеро, рамазон ойи Қуръони карим ва таровиҳ ўқиш ойидир.
.
ШАЪБОНДА МУҲТОЖ МУСУЛМОНЛАРГА САДАҚА БЕРИШ
Фақиру мискин биродарларимиз рамазон ойида қийналиб қолмасликлари учун ҳозирданоқ уларнинг ҳожатларини чиқариш, Аллоҳ учун садақалар бериб, меҳр-муравват кўрсатиб туриш ҳам энг улуғ фазилатли амаллардан.
Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло барчаларимизга шаъбон ойида ҳам Ўзининг баракотларини ёғдирсин, рамазон ойига ҳам етказиб, бутун ҳаётимизни улуғ тоат-ибодатлар билан ғанимат билишимизга муваффақ қилсин.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев