ТОШ ОТИШ ЖОЙИДА САВОЛ сўраш ВА ФАТВО БЕРИШ ҲАҚИДА
124. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Жамрада кўрдим. У зотдан савол сўраларди. Бир киши:
«Тош отишдан олдин (қурбонликни) сўйиб қўйибман», – деди.
«Отавер, танглик йўқ», – дедилар.
Бошқаси:
«Эй Аллоҳнинг Расули, (қурбонликни) сўйишдан олдин соч олдириб қўйибман», – деди.
«Сўявер, танглик йўқ», – дедилар.
У зотдан олдинга ёки кейинга сурилган нима нарса ҳақида сўралса ҳам: «Қилавер, танглик йўқ», – дедилар».
*Изоҳ: Жамра – Ҳажда шайтонга тош отиш жойи.
47-боб. АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ: «СИЗЛАРГА ЖУДА ОЗ ИЛМ БЕРИЛГАНДИР» (Исро 83) ДЕГАН сўзи ҲАҚИДА
125. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинанинг хароба жойларида пиёда кетаётган эдим. У зот хурмо калтагидан қилинган ҳассаларига таяниб олган эдилар. Бир тўп яҳудийларнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда улардан бири бошқасига:
«Ундан руҳ ҳақида сўранглар-чи», – деди. Уларнинг баъзилари: «Ундан сўраманглар, (тағин) бу ҳақда сизлар ёқтирмаган нарсани келтирмасин», – деса, баъзилари: «Албатта, ундан сўражакмиз», – деди. Қейин улардан бир киши туриб:
«Эй Абулқосим, руҳ нима?» – деди. У зот жим бўлиб қолдилар. Мен у кишига ваҳий қилиняпти деб, туриб кетдим. У зотдан (бу ҳол) тарқалгач, айтдилар:
«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Уларга жуда оз илм берилгандир», – деб айт».
Аъмаш: «Бизнинг қироатимизда ана шундай», – деган».
48-боб. айрим ИХТИЁР қилган нарсаларидан БАЪЗИ ОДАМЛАРНИНГ ФАҲМИ ТУШУНИШГА НОҚИСЛИК ҚИЛИБ, УНДАН-ДА қаттиғиГА тушиб қолИШЛАРИДАН ҚЎРққанидан воз кечган КИШИ ҲАҚИДА
126. Асваддан ривоят қилинади:
«Ибн Зубайр менга:
«Оиша сенга кўп сир айтар эди, Каъба тўғрисида сенга нима сўзлаб берган?» – деди.
Мен айтдим:
«Оиша менга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Оиша, агар қавминг янги одамлар??? бўлмаганида эди, – Ибн Зубайр: «Куфрдан (янги чиққан)», деган, – Каъбани бузиб, унга икки эшик: одамлар кирадиган бир эшик ва улар чиқадиган бир эшик қилар эдим», – деганлар» – деб айтган».
Натижада Ибн Зубайр буни амалга оширди».
49-боб. ТУШУНМАЙ ҚОЛИШЛАРИНИ маъқул кўрмай, ИЛМда БИР ҚАВМНИ ҚЎЙИБ, БОШҚА БИР ҚАВМНИ хОСЛАГАН КИШИ ҲАҚИДА
127. «Алий розияллоҳу анҳу:
«Одамларга улар англайдиган нарсаларни гапиринг. Аллоҳ ва Расулининг ёлғончига чиқарилишларини хоҳлайсизми?!» – деди.
128. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтиб берди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Муъоз ибн Жабал», – дедилар. Муоз у зотнинг уловларига мингашиб олган эди.
У: «Лаббайка ва саъдайка,* эй Аллоҳнинг Расули», – деди.
«Эй Муъоз», – дедилар яна.
У: «Лаббайка ва саъдайка, эй Аллоҳнинг Расули», – дея уч марта айтди.
У зот: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб сидқидилдан гувоҳлик берган киши борки, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилур», – дедилар.
У: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларни бундан хабардор қилмайми, севинишар эди?», – деди.
«Унда суяниб қолурлар», – дедилар у зот.
Муъоз буни, гуноҳкор бўлиб қолишдан қўрқиб, ўлимидан олдин айтган».
*Изоҳ: «Лаббайка ва саъдайка» ибораси луғатда «Мана мен шу ердаман, сизга кўмак беришга таёрман» деган маънони билдиради. Итеъмолда эса ўзбек тилидаги «Буюринг, амрингизга мунтазирман» деган жумлага тўғри келади.
129. Анас розияллоҳу анҳу айтади:
«Менга айтилдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъозга:
«Кимки Аллоҳга Унга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда йўлиқса, жаннатга киради», –дедилар.
У: «Одамларга хушхабар бермайинми?» – деди.
У зот: «Йўқ, мен уларнинг суяниб қолишларидан қўрқаман», – дедилар».
50-боб. ИЛМДА ҲАЁ ҚИЛИШ ҲАҚИДА
Мужоҳид: «Уялчан ҳам, димоғдор ҳам илмни ўргана олмайди», – деган.
Оиша розияллоҳу анҳо: «Ансорларнинг аёллари қандай ҳам яхши аёллар! Ҳаё уларни динда фақиҳ бўлишларидан тўсиб қўймади», – дейди.
130. Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади:
«Умму Сулайм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди, аёл кишига, агар эҳтилом бўлса, ғусл лозимми?» – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сувни кўрса», – дедилар.
Шунда Умму Салама юзини беркитди. Кейин:
«Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» – деди.
У зот: «Ҳа, барак топгур,* бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди?» – дедилар».
*Изоҳ: «Барака топгур» деб таржима қилинган жумла сўзма-сўз таржима қилинса, «Ўнг қўлинг тупроққа қорилгур», дегани бўлади. Баъзида «ўнг қўл» ўрнига «икки қўл» деб ҳам ишлатилади. Қўлнинг тупроққа қорилиши эса камбағал бўлиб қолишдан киноя. Аммо араблар истеъмолида унинг асли маъноси йўқ бўлиб кетган, балки бирор нарсага ундаш, ажабланиш, инкор қилиш маъноларида ишлатиладиган иборага айланиб қолган. Ўзбек тилида ўшандай ўринларда ишлатиладиган жумлалар орасида биз учун юқоридаги ибора яқин кўрингани учун, шуни қўйдик.???
131. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дарахтлар орасида бир дарахт борки, унинг барги тўкилмайди ва у мусулмоннинг ўхшашидир. Менга айтингларчи, у нима?» – дедилар. Одамларнинг хаёллари саҳро дарахтларига кетди. Кўнглимга унинг хурмо дарахти экани келди. Аммо уялдим. Кейин улар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уни айтиб беринг» – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У хурмодир», – дедилар.
Кейин мен кўнглимга келган нарсани отамга айтган эдим, у: «Ўшани айтган бўлганингда, мен учун фалонфалон нарсалар бўлишидан кўра маҳбуброқ бўлар эди», ‒ деди».
https://www.youtube.com/watch?v=DWkLTzKaWDA
https://www.youtube.com/watch?v=kW7ptRFVFMs
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев