Ошхонага кириб газни ёқдим. Бир пайт қарасам, кўк ўрнига сариқ тусдаги олов ёнар, устидаги қозон эса қоп-қорайиб кетган эди. Кўнглим ғаш бўлди. Овқатни пишириб бўлдиму дарров сузиб олдим. Кейин бор тозалаш воситалари биланни қозонни ювишга киришдим. У дастмол билан ишқалаганим сари очилиб борарди. Бундан завқланиб энг кичик доғлари кетгунича эринмай тозаладим. Ниҳоят сувда чайганимдан кейин янгидек ялтираётганини кўрдим. Хаёлимни энди қозонни эҳтиётлаб ишлатаман, бошқа қорайтирмайман деган фикр банд қилган эди…
Шунда миямдан оғриқли ўй ўтди: қалбим ҳам худди шу қозонга ўхшйди қаттиқ ва қора… Қозонни газ қувуридан чиққан сифатсиз олов қорайтирган бўлса, менинг юрагимни кўз, қулоқ ва оғиз номли қувурлардан кириб келаётган маъсиятлар қоракуяга буркаган. Қозонни ўтда тоблаб, махсус воситалар билан ишқаса, тоза бўлади. Бироқ қалб-чи? Ундаги гуноҳлардан пайдо бўлган доғларни куйдирувчи олов, қириб туширадиган нарса борми? Агар ҳеч бўлмаса қорайган қозонга сарфлаганчалик диққатим ва вақтимни юрагимдаги доғларни кетказишга қаратганимда эди, у офтобдек ярқираб кетмасмиди?..
Кўп ўйладим, қалб кирини нима кетказади? Жавобини Раббимнинг муборак Каломидан топдим – тавба, истиғфор. Аллоҳ учун рўзадор бўлиш экан! Зеро, “рамазон” сўзининг луғавий маъноси “куйдирмоқ”дир! У юракда гуноҳлардан пайдо бўлган қораликни олов каби куйдириб йўқотади.
Аллоҳ таоло чин дилдан тавба қилган бандасининг гуноҳларини кечиради. У Зот марҳамат этади: “Ва Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара, 199); “Бас, де-димки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У(бандалари-га нисбатан) ўта кечиримли зотдир” (Нуҳ, 10).
Демак, қалбимиз қорасини ибодатларни ихлос ва самимият ила бажариш кетказади. Агар бу саодатга муваффақ бўлолсак, навбат ялтиратишга етади. Бунинг учун намоз, рўза, такбир, таҳлил, зикр ва тиловат номли воситалардан унумли фойдаланишимиз зарур. Юқоридаги ишларни рисоладагидек адо этолсак, иншааллоҳ, ютуқ бизники бўлади.
Зебуннисо Қутбиддинхон қизи
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев