Бу она ва бола саломатлиги учун хавфли эмасми?
Ҳомиладорлик хасталик эмас, у шунчаки физиологик ҳолат, дея шифокорлар кўп бор таъкидлашади. Шундай экан, бўлажак она ҳам бошқалар сингари турли касалликларга чалиниши, ҳатто жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказиши мумкин.
Ҳомиладор аёлларда ўткир аппендицит, юрак қон-томир хасталиклари, ўткир холецистит, ўн икки бармоқли ичакнинг асоратли касалликлари (ярадан қон кетиши, тешилиши, торайиб овқат ўтишига тўсқинлик қилиши), қориннинг олдинги девори чурралари ўткир сиқилиши ҳолатлари ва стоматологик касалликларнинг жарроҳлик амалиёти нисбатан кўп кузатилади. Бунда жарроҳ ҳамда анестезиолог беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, она ва болага энг кам зарар етказадиган оғриқсизлантирувчи дори воситаларини қўллайди.
Анестезия “дард чақир”иши мумкин
Аслида, анестезия ҳомиладорликнинг исталган даврида ҳам муайян хавф туғдиради. Ҳомиладорликнинг 2-ҳафтасидан 8-ҳафтасига қадар ҳамда 28-ҳафтадан то бола туғилгунича бўлган давр эса оғриқсизлантирувчи препаратларни қўллаш учун энг ноқулай пайтдир. Чунки ҳомиладорлик бошида бола организми шаклланиши жараёни кечса, охирги ҳафталарда анестезия туфайли муддатидан аввалги туғруқ хавфи юзага келиши мумкин. Бундан ташқари, туғишга яқин аёлнинг бачадони қорин бўшлиғини сиқиб қўяди ва қон-томирлари эзилади. Шунинг учун операцияни режалаштиришнинг имкони бўлса, шифокорлар уни 14-28 ҳафта оралиғида ўтказишга ҳаракат қилишади.
Юрак қон-томирларида турли стеноз(торайиш) ҳолатлари мавжуд ёки юрак порогига чалинган ҳомиладор аёлларда жарроҳлик амалиётлари ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида умумий оғриқсизлантириш остида бажарилади. Бундай анестезия муддатидан илгари «дард» чақиришини инобатга олган ҳолда аёлни туғдириш ва боланинг ташқи муҳитга мослашишини таъминлаш масаласи ҳам аввалдан режалаштирилади.
Оғриқсизлантириш турлари
Анестезия ҳомиладор аёл организмининг индивидуал хусусиятлари, ҳомила муддати ва операция турини эътиборга олиб, сўнг танланади. Бундан асосий мақсад, болани турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ва ҳомиладорликни сақлаб қолишга эришишдир.
Ҳомиладор аёллар учун ҳозирги кунда эпидурал ҳамда умуртқа орқали оғриқсизлантириш усуллари қўлланилаяпти. Эпидурал анестезияда дори воситаси орқа мияга юборилиб, натижада белдан пастки қисм ва оёқлар оғриқсизлантирилади, бемор ҳушини йўқотмайди. Шунингдек, аёлларда кўп учрайдиган чов, киндик чурралари операцияси ҳам маҳаллий оғриқсизлантириш йўли билан бажарилади. Бундай анестезия она ва бола ҳаёти учун хавфсиз бўлиб, ушбу дори воситаси ўз таъсирини йўқотгач, организмга сингмайди, балки чиқиб кетади.
Мабодо, операция юрак, буйрак, жигар хасталиклари билан боғлиқ мураккаб амалиётлардан бири бўлса, орқа мия ва эпидурал анестезия биргаликда қўлланади. Шунингдек, ҳозирги пайтда ўпкани сунъий вентиляция қилиш усулида оғриқсизлантириш мураккаб жарроҳлик амалиётларида тобора кенг қўлланилмоқда. Бунда ичига махсус ингаляцион газ тўлдирилган аппарат беморга уланади ва операция тугагунига қадар у беморнинг ўпкаси орқали нерв томирларига таъсир кўрсатиб туради. Ушбу усулнинг самарадорлиги шундаки, дорини она ва бола организми ўзлаштирмайди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ушбу дори воситасининг атиги икки фоизи организмга таъсир қилади, қолгани эса ҳавога чиқиб кетади.
Кўпчиликка маълумки, бўлажак оналарни энг кўп безовта қиладиган ҳолатлардан бири тиш касалликларидир. Агар тишлар муолажасида оғриқсизлантириш зарурати бўлса, унда маҳаллий анестезия буюрилади. Хусусан, стоматологик амалиётларда қўлланиладиган “Лидокаин” дориси ҳомиладорликнинг илк даврларида йўлдош орқали ҳомилага таъсир этса-да, ҳомила организми онаникига нисбатан уни тезроқ чиқариб юборади.
Болага салбий таъсири нимада?
Ҳар қандай жарроҳлик амалиёти болага таъсир кўрсатмай қолмайди. Бу бола туғилганида нафас олишининг қийинлашуви мисолида кўзга ташланиши ҳам мумкин. Агар ҳомиладор аёл операцияси мураккаб бўлса, жарроҳлик амалиётига микропедиатр-шифокорлар таклиф этилиши керак.
Бўлажак оналарга тавсиялар
Ҳар қандай аёл, аввало, ўзи, ундан кейин фарзандининг саломатлиги ҳақида ўйлаши керак. Айниқса, сурункали хасталиклар, юрак қон-томир ҳамда ўт-тош касалликларига чалинган аёллар бу масалага жиддий ёндашишлари лозим.
Туғишлар оралиғида уч-тўрт йиллик танаффус бўлиши ҳам она организми тикланиши, витамин ва минераллар захирасининг меъёрига келишини таъминлайди. Бу эса она ва бола саломатлигини асраш имконини беради, қолаверса, ҳомиладорлик муаммоларсиз кечади.
Операция зарур: нима қилиш керак?
Башарти ҳомиладор аёл учун шошилинч жарроҳлик амалиёти зарур бўлса, уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда унинг вилоятлардаги филиалларига мурожаат қилиш лозим. Гинекологик, урологик ёки онкологик хасталикларни жарроҳлик йўли билан даволаш учун эса беморни мамлакатимизда мавжуд ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг филиал ҳамда диспансерларига олиб бориш лозим.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 14