Шифокорлар икки ҳомиладорлик ўртасидаги муддат камида уч йил бўлиши керак, деб бежиз таъкидлашмайди. Зеро, бу вақт оралиғида аёл организми ўзини тиклаб олиш ҳамда етарлича витамин ва минерал моддалар захирасини тўплашга уринади. Кўпчиликка аёнки, болани эмизиш пайти ой кўрмаганликлари сабаб, кўпчилик оналар ҳомиладорликдан сақланиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Аслида эса гўдакнинг кундалик таомномасига қўшимча озуқалар киритилиши билан организмда яна овуляция ҳолати тикланиши, шубҳасиз. Бу эса кутилмаган ҳомиладорликдан сақланиш керак, деганидир.
Сўз — педиатр шифокорга!
Аёл бемаврид ҳомиладор бўлгач, лактация жараёни ўз-ўзидан тўхтаб қолмайди — она қўлидаги гўдакни ҳар қандай вазиятда ҳам эмизишга мажбур. Аммо шуниси борки, ҳомиладор онанинг сутида гормонал ўзгаришлар туфайли лактоза миқдори камаяди. Натрий эса орта бориб, натижада, кўкрак сутининг таъми ўзгаради, яъни ширин бўлмай қолади. Гўдакка сутнинг янгича мазаси ёқмагач, у эмишдан бош тортади ва инжиқлана бошлайди. Қолаверса, лактация жараёнида ҳомиладор бўлиб қолган аёлларнинг 70 фоизида кўкрак сути миқдори камайиб кетади. Шу боис ҳар икки ҳолатда ҳам гўдакка қўшимча озуқа ва сут бериш зарур.
Тавсиямиз шуки…
Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида аёл организми жисмоний, руҳий ҳамда гормонал ўзгаришларга юз тутади. Эмизикли гўдаги бор аёл ҳомиладор бўлиб қолса, албатта, шифокор кўригидан ўтиши ва кейинчалик нима қилиши лозимлиги ҳақида жўяли маслаҳатлар олиши даркор. Шунингдек, бир қанча хавфли ҳолатларни ҳам кўздан қочирмасликни тавсия этган бўлардик. Яна ҳам аниқроғи, гўдак эмаётганида она организми окситоцин гормонини ишлаб чиқара бошлайди. Мазкур гормон бачадон қисқаришига сабаб бўлгани боис, ҳомила тушиши хавфи бор. Умуман, бу борада гинеколог шифокорларнинг икки хил фикри мавжуд. Биринчиси, ҳомиладор аёл организмига окситоцин гормони ҳомила 20 ҳафталик бўлгунига қадар таъсир этмайди. Иккинчиси эса ҳомиладор аёлнинг тўнғич фарзандни эмизишда давом этиши она учун ҳам, эмаётган бола учун ҳам хавфлидир. Айниқса, бачадон миомасидан азият чекувчилар ва илгари ҳомила тушишини бошдан кечирганлар эҳтиёт бўлишлари лозим. Бир сўз билан айтганда, ҳомила иккинчи уч ойлик бўлгунига қадар биринчи фарзандни эмизмаган маъқул.
Уч киши учун овқатланамиз!
Эмизикли ва шу билан бирга ҳомиладор аёл энди нақ уч киши учун овқатланиши зарур. Худди эгизакларга ҳомиладор бўлганлар каби озуқавий кучи юқори бўлган таомларни истеъмол қилиш керак. Айниқса, биринчи уч ойликда токсикоз кузатилса, ўта эҳтиёткор бўлиш тавсия этилади. Аёл организми, биринчи навбатда, ҳомилани, сўнг эмизикли гўдакни ва ниҳоят ўзини дармондорилар билан таъминлайди. Таомномада витаминларга бой егуликлар мавжуд бўлмаслиги эса болаларнинг ўсиб-ривожланишида акс этади. Яъни уларда авитаминоз ва шунинг оқибатида юзага келадиган касалликлар кузатилиши эҳтимоли кучаяди. Аёл организмида гемоглобин миқдори пасайиб кетиши эса темир моддаси танқислиги ҳамда сурункали гепоксия ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.
Қўшимча озуқа танлашда адашманг!
Гўдакни кўкрак сутидан ажратиш қарорига келган экансиз, буни секин-асталик билан амалга оширишингиз лозим. Мазкур юмушни иккинчи фарзандингиз дунёга келиши кутилаётган муддатдан камида икки–уч ой аввал бажаришни маслаҳат берамиз. Чунки бу вақт оралиғида гўдак онанинг кўкрагини бироз унутади. Аввалига кундузги эмизишлардан воз кечиш, болага қўшимча озуқа бериб бориш керак. Сўнг тонгги ва тунги эмизишларни ҳам секинлик билан чеклаш лозим. Табиийки, болага қўшимча озуқа беришда баъзи муаммолар, яъни диарея ва аллергия кузатилиши мумкин. Шунинг учун, болага озуқа танлашда педиатр шифокор билан маслаҳатлашишни тавсия этамиз.
Болага кўкрак беришни камайтирганингиз сайин сут ҳам озайиб боради. Агар бундай ҳолат кузатилмаса, шифокор маслаҳатларига амал қилган ҳолда лактацияни тўхтатувчи дори воситаларидан фойдаланишни тавсия этамиз.
Олий тоифали шифокор, педиатр,
болаларни кўкрак сути билан эмизиш бўйича
малакали мутахассис
Нафиса СУЛТОНОВА тавсиялари асосида
Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1