Иккинчи фарзандига ҳомиладор дугонам қулупнайга бошқоронғи бўлган.Бироқ бир кунда 6-7 та қулупнайдан ортиғини емайди. “Янги чиққан мева ва сабзавотлар шунингдек айрим махсулотлар сабаб органзимда заҳарланиш юзага келиши мумкин” дейди. Тўғри, оз-оздан меъёрида истеъмол қилган яхши, албатта. Аммо унинг махсулотлардан заҳарланиш ҳақидаги хавотирлари ўринлимикан? Келинг, бу ҳақда акушер-гинеколог Нилуфар Абдуллаева фикрлари билан танишамиз.
“Заҳарланиш” одам танламайди...
Ҳа, рост баъзида ўзингиз сезмаган ҳолда оддий мевадан ҳам захарланишингиз мумкин. Ҳатто севиб истеъмол қилган егулигингиз ҳам акс таъсири кўрсатиши ҳеч гап эмас. Одатда маҳсулотлардан захарланишга мавсумий — янги чиққан мевалар, қулупнай, ўрик, бодринг ёки уриниб қолган, дориланган ва сифати яхши бўлмаган егуликлар сабаб бўлади. Агар организмда моддалар алмашинуви бузилиб, ичаклар микрофлорасида ўзгариш кузатилса, ташқи белгилари 2-5 соатдан кейин сезила бошлайди.
Бу белгиларни биласиз...
Кўнгил айниши, қайт қилиш;
Ҳолсизлик, ланжлик;
Бош оғриши, тана ҳароратининг (37-39 С) кўтарилиши;
Диарея (ич кетиши), қорин оғриқлари, киндик атрофи сохаларида тез-тез такрорланувчи оғриқлар;
Қон босимининг пастлаши ёки асксинча юқорилаши;
Мушакларда қон томирларининг тортишиши;
Бу каби белгиларнинг тез-тез такрорланиши организмга тез ёрдам кераклигидан ҳабардир.
Эхтимол токсикоздир?
Кўпчилик аёллар ҳам айнан шундай деб ўйлашади. Зотан токсикознинг оғир турларида юқорида келтирилган белгилар кузатилиши мумкин. Токсикозни махсулотдан захарланиш билан фарқлаш учун аҳамият беринг: ич суриши ва тез-тез такрорланувчи қайт қилиш ҳолатлари бўлса, демак бу токсикоз эмас.
Захарланишнинг ҳам турлари бор...
Касаллик ўз белгиларига кўра бир неча турларга ажратилади. Яъни, енгил тури – бир кунда 1-2 марта кўнгил айниши ёки ич суриши билан ўтади. Ўрта оғир тури – бир кунда 3-4 марта ва ундан кўп такрорланувчи белгилар билан кечади. Оғир турида эсабир кунда 4-5 мартаданкўп ва тез-тез (ҳар соатда) такрорланувчи белгилар билан кузатилиши мумкин.
Биринчи ёрдам...
Уй шароитида даволаниш учун аввал ўзингиздаги ўзгаришларга диққат қилинг. Агар лоҳаслик ва бош айланиши, қайт қилиш ёки ич суриши давом этса, шиофкорга мурожаат қилинг. Мутахассис келгунича ёки қабулига боргунингизча кўпроқ суюқлик ичишга ҳаракат қилинг. Бу вақтда организмингиз йўқотган суюқлик ўрнини қайнатилган илиқ сув ёки газсиз сувлар билан тўлдириш керак.
Шифокор қабулида...
Уйда биринчи ёрдам кўрсатишни эпласангиз-да, барибир шифокор кўригидан ўтишингиз керак. Ҳавотир олманг, ҳозирда ҳомиладорлар учун ҳам заҳарланишгақарши турли препаратлар қўлланилмоқда. Уларнинг ҳомилага зиёни бўлмайди. Заҳарланишнинг сабабига кўра қуйидагимуолажа усуллари тавсия қилиниб, давомийлиги шифокор томонидан белигиланади.
Касалликнинг турига кўра организмдан инфекция ва бактерияларни чиқарувчи дори препаратлари;
Токсинларнинг тарқасмаслиги ва уларни ҳайдаб чиқарувчи томчи инъекция дорилари;
Ичаклар пересталтикасини оширувчи дори препаратлари;
Тозаловчи хуқна;
Бачадонни тинчлантирувчи препаратлар;
Йўқотилган сув ўрнини тўлдириш учун кўпроқ суюқлик ичиш ва парҳезга риоя қилиш.
Ҳомилага таъсирини борми?
Йўқ, ҳомилага зиёни бўлади деб ҳавотирга тушманг. Инфекция тарқатувчи бактериялар ошқозон ва ичаклардан бошқа аъзоларга ўтмайди. Аммо зарарли токсинларниг бутун орзанизмга тарқамаслиги ва сувсизланиш юз бермаслигига эътиборли бўлинг. Айрим вақтларда заҳарланишнинг белгилари жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Жумладан:
Ҳомила тушиш хавфининг юзага келиши;
Муддатдан илгари туғруқнинг бошланиши;
Йўлдош кўчиши;
Сув кетиши;
Организмнинг қувватсизланиши сабаб ҳомилада юрак уришининг сустлашиши, ҳаракатларининг камайиши кабилар.
Ҳалқона усуллар
Шифокоригиз билан маслахатлашиб, захарланишнинг оғир-енгиллигига кўра қуйидаги усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин.
4-5 стакан қайнатилган сувни хўплаб ичиб, кўрсаткич бармоқни оғиздан томоққа киргизинг. Бу ҳаракат қайт қилишга ундаб, ошқозонда туриб қолган махсулотларни ташқарига чиқишига ёрдам беради.
Ич кетишида организм қувватсизланади. Бу вақтда аччиқ дамланган қора чойга бир бўлак новвот солиб, иссиқ-иссиқ ичиш ҳам фойдали.Бир кунда 2-3 мартагача такрорлаш мумкин.
Янги ивитилган қатиқ ошқзон микрофлорасининг тикланиши учун асқотади. 1 стакан қатиқни илиқ ҳолатда оз-оздан ичсангиз, кўнгли айнишида ёрдам беради.
Қуритилган анор пўстлоғининг 1-2 бўлагини 1 стакан сув билан қайнатиб, ярим стакандан 3 махал ичиш ҳам яхши натижаберади.
Мумкин эмас!
Диареяда ич кетишини тўхтатувчи препаратлардан фойдаланманг! Акс холда касаллик қўзғатувчи бактерияларнинг оганизмдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилган бўлсиз. Бу вақтда кўпроқ суюқликичиш орқали ўзингизга ёрдам беринг. Қолаверса шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда фаол кўмир (уголь)қабул қилишингиз ҳам мумкин. Бунда тана вазни60 кггача бўлган ҳомиладорлар 7-8 донафаол кўмирдан 2-3 маҳал қабул қилса, тана вазни60 кгдан юқори бўлганлар учун 9-10 донаси белгиланиши мумкин.
Касалликдан сўнг...
Организмнинг умумий қувватини оширувчи ва ичаклар микрофлорасини яхшиловчи муоалажалар олиш фойдадан холи бўлмайди. Бунда сизга шифокор тавсияси билан витамин ва бир неча препаратлар тавсия қилинади.
Ҳомиладорлик муаммоларсиз ўтиши учун...
Махсулотлардан захарланиш юзага келмаслиги учун бир неча қоидаларни ён дафтарингизга ёзиб олинг.
Овқатланишдан олдин қўлларингизни совунлаб ювинг;
Мева ва сабзавотларни қайнатилган сувда чайиб, сўнг истеъмол қилинг;
Сифати ва кўринишига эътибор беринг.Айниқса гўшт ватухумдан тайёрланган махсулотларнинг муддатини кўздан қочирманг!
Ярим хом гўшт ва балиқ гўштидан тайёрланган егуликлардан воз кечганингиз маъқул.
Таомномангиздан консерваланган махсулотлар, ярим тайёр ёки фаст-фуд егуликларни вақтинча чиқариб туринг.
Кўча-куйда ёки йўл-йўлакай биринчи учраган егуликни истеъмол қилманг.
Устма-уст ёки жуда тўйиб овқатланманг. Танаввулдан сўнг ярим соат сайр қилиш ёки ҳаракатда бўлиш керак.
Ҳа, кўриб турганингиздек дугонам бекорга ҳавотир олмас экан. Шубахона сиз ҳам ўзингиз учун керакли маълумотлар ва амалий тавсияларга эгабўлдингиз. Муҳими, уларга риоя қилишни унутманг!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев