Япроқлари тўкилса куздек,
Дунёларни унга тор деманг,
Ғурури бор ҳамманинг сиздек,
Мусофирни мардикор деманг.
Гарчи дардга тўла кўз ёши,
Ҳеч кимсага йўқ отар тоши,
Ҳалолу,пок тотган туз,оши,
Мусофирни мардикор деманг.
Тирикчилик - ишдадир улар,
Соғинчга дил риштадир улар,
Қўллари гул устадир улар,
Мусофирни мардикор деманг.
Мингта гуноҳ бир онингизда,
Ғийбат оқди гоҳ қонингизда,
Ўтирволиб айвонингизда,
Мусофирни мардикор деманг.
Яралайди дилни ноҳақ сўз,
Шойи,ипак ҳаммаси бир -бўз,
Орқасида тўрт жуфт қора кўз,
Мусофирни мардикор деманг.
Тайёр луқма айтинг қайда бор,
Шўҳлик сойда,ҳусн ойда бор,
Мусофирлик ҳамма жойда бор,
Мусофирни мардикор деманг.
Оҳир борар манзилимиз бир,
Ким оқкўнгил,кимнинг қалби кир,
Бу дунёда ҳамма мусофир,
Мусофирни мардикор деманг.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6