Гурунглашиб кутар арзон ёғ навбатин.
Ўша ердан ўтиб қолди битта эркак,
Худди шундан бошланади бизнинг эртак.
У аёллар ичра бири гўзал эди,
Ўзи ёшу, аммо сўзи масал эди.
Ўша эркак қараб секин ўнгу-чапга,
У аёлни қувлик билан солди гапга.
Деди: - Синглим, сизга рахмим келди жуда,
Ўрнингизга куёв бола келмапти-да.
Аёл деди: - Эрим ўтган, бир болам бор,
Икки йилки бир ўзимга қолган рўзғор.
Эркак деди: - Қийналибсиз ғамлар ютиб,
Ёғ учун хам юрасизми навбат кутиб.
Навбат кутиб ёшлигингиз бўлар увол,
Эрга тегишингиз керак гулдай аёл.
Менинг уйим тўла емиш, ёғу унлар,
Омборхонам тўла мева, дону дунлар.
Икки уйда икки дона хотиним бор,
Истасангиз бўлинг менга учунчи ёр.
Аёл деди бир оз ўйлаб бир оз кулиб:
- Кундошларим қўйишсачи сочим юлиб?
Майлику-я икки хотин тинч ётишса,
Не қиламан деразамга тош отишса?
Эркак деди: - хотинларим билишмайди,
Билишмагач, тинч яшайсиз, уришмайди.
Хаммангизни тенг кўраман тоқат билан,
Висол туни - уч кунда бир навбат билан.
Аёл деди кулгусини ичига ютиб:
- Ўларканман у ердаям навбат кутиб.
Машинага, уйга навбат кутган эдим.
Навбат кутиб кўз дўхтурдан ўтган эдим.
Аммо бундай кўчалардан ўтмаганман,
Ўғирликча эрга навбат кутмаганман.
Рози бўлсам, билмам, недан ютарканман.
У ердаям, бу ердаям кутарканман.
Уч кунда бир ёр кутгандан бўйним эгиб,
Бир ойда бир ёғ кутайин қомат кериб.
Эркак деди: - Тавба, бу не деганингиз?
Ахир кунда ош бўларди еганингиз.
Аёл деди: - Бу деганим - берманг озор,
Ошқозоним тепасида Юрагим бор.
Эркак деди: - Мендаям бор ўша юрак,
Ростин айтсам, менга фақат савоб керак.
Ўнгимдаям, тушимдаям савоб дейман,
Уйимдаям, ишимдаям савоб дейман.
Аёл деди: - Кечиринг, эй яхши одам,
Бева экан мен-ла турган аёллар хам.
Ёшлари сал каттароғу мехрга зор,
Керакмасми тўртинчи ё бешинчи ёр?
Шошмай туринг, уларни хам чақирайин,
“Очилди бахтимиз” дея бақирайин.
Суюнгандан ақиллари шошар эди,
Савобингиз беш баробар ошар эди.
Шунда эркак чин ниятин очиб кетди
Машинасин юргиздию, қочиб кетди.
Муллакалар, ожизгина аёлдирмиз,
Балки калта ўю, калта хаёлдирмиз.
Орангизда сахий, хотам кишилар кўп,
Олам-олам эхсон қилиб, олишмас чўп.
Чин сахийлар мухтожларга лаган-лаган,
Ош киргизиб, кимданлигин айтишмаган.
Хабар олиб қўшнисининг йўқ-боридан,
Кийим-кечак, нон ташлаган деворидан.
Бахту омад, қийинчилик,
Хамма нарса вақтинчалик.
Ўтинч: Бизни нафсингизга талаштирманг,
Савоб сўзин ишрат билан адаштирманг . . . ! ! !
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев