Бўлимлар: 25. Жаноза, дафн, қабр, 01. Эътиқод
Савол: Мени бир савол қийнайди. Шунга бир оз тушунча бериб юборсангиз илтимос. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр ёнидан ўтиб, уларни азобланаётганини айтдилар ва бунинг сабабларини баён қилиб, бир чўпни икки бўлиб, қабр устига қадаб қўйдилар ва “Бу қуригунича азобдагиларга енгиллик бўлади”, деб айтдилар. Мен билмаган яна бирор ҳадис борми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам азоб енгил бўлиши учун тиловати Қуръон қилиб савобини қабр эгасига бағишлаганлари ҳақида иложи борича батафсилроқ тушунча берсангиз.
Умар.
Жавоб: Аллоҳ таоло Охиратга сафар қилган барча мўминларни Ўз раҳматига олсин.
Мусулмонлар ўзларининг ораларидан ўтган Ислом аҳлини яхшилик билан ёд этишлари, уларнинг ҳақларига дуо қилишлари вожиб ва мустаҳаб орасидаги амалдир. Шу билан бир қаторда Аллоҳ розилиги учун қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг, Ислом манфаати йўлида амалга ошириладиган хайрли ишларнинг савобларидан вафот бўлганларнинг руҳларига етказишни сўраш иншоаллоҳ ўринли ва солиҳ амаллардан саналади.
* * *
• Дуо, истиғфор ва садақадан маййитларга манфаат бор;
• Маййитга етиши ихтилофли бўлган амаллар.
* * *
Дуо, истиғфор ва садақадан маййитларга манфаат бор
Дуо ва истиғфорнинг маййитлар руҳига етишида Ислом аҳли орасида ҳеч қандай ихтилоф бўлмаган. Шунингдек, садақанинг савоби ҳам вафот этганлар руҳига етишида барча иттифоқдир. Шунинг учун бу икки ибодатнинг турли кўринишларда бажо қилиб, савобларидан ўтганлар руҳларини ҳам баҳраманд этишини Аллоҳдан сўраш энг афзал ишлардан ҳисобланади.
عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ أُمِّىَ افْتُلِتَتْ نَفْسَهَا وَلَمْ تُوصِ وَأَظُنُّهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ أَفَلَهَا أَجْرٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ عَنْهَا قَالَ « نَعَمْ ». (رواه البخاري ومسلم واللفظ لمسلم).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, деди: “Эй Расулуллоҳ, менинг онамнинг жони тўсатдан узилиб қолди. У васият қила олмади. Ўйлайманки, агар гапира олганда албатта садақа қилган бўлар эди. Агар мен унинг номидан садақа қилсам, унга савоб бўладими? У зот “Ҳа”, дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари. Айни ҳадис Муслимники).
Маййитга етиши ихтилофли бўлган амаллар
Маййитга савоби тегсин, деган ният билан намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, нафл ҳаж қилиш, нафл рўза тутиш ҳақида қадимдан ихтилофлар мавжуд.
Жумҳур уламолар (имом Абу Ҳанифа, имом Аҳмад, шофеий ва моликийлардан баъзилари) Қуръон тиловатининг савобидан маййитнинг руҳига фойда бўлади, дейишган. Шофеийлар ва моликийлардан кўплари тиловат савоби ўлганларга етиб бормайди, деб айтишган.
وتنازعوا في وصول الأعمال البدنية : كالصوم، والصلاة، والقراءة . والصواب أن الجميع يصل إليه، فقد ثبت في الصحيحين عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال : ” من مات وعليه صيام، صام عنه وليه ” . وثبت أيضاً : أنه أمر امرأة ماتت أمها، وعليها صوم، أن تصوم عن أمها . وفي المسند عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال لعمرو بن العاص : ” لو أن أباك أسلم فتصدقت عنه، أو صمت، أو أعتقت عنه، نفعه ذلك ” ، وهذا مذهب أحمد، وأبي حنيفة، وطائفة من أصحاب مالك، والشافعي .(مجموع الفتاوى (مجمع الملك فهد) – 24 ص366).
“Уламолар рўза, намоз, қироат каби жисмоний амалларнинг маййитга етиши устида тортишганлар. Тўғриси – буларнинг ҳаммаси унга етади. Саҳиҳайнда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлгани шуки, у зот айтганлар: “Кимки зиммасида рўза бўлган ҳолда вафот бўлса, унинг номидан валийси тутиб беради”…
Бу Аҳмад ва Абу Ҳанифанинг, ҳамда Молик ва Шофеий асҳобларидан бир гуруҳ олимларнинг мазҳабидир”. (Ибн Таймия, Фатволар тўплами – 24/366).
Исламвеб саҳифаси фатволарида ҳам қадимги ва ҳозирги замон уламоларининг шу мавзудаги ижтиҳодлари ва улар суянган далиллар батафсил келтирилган. Бу фатволарнинг хулосасида тиловат ва нафл намозлар савобини маййитларга ҳадя қилиш мумкинлиги айтилган.
“Уламолар маййитга садақа ва дуонинг савоби етишига ижмо қилганлар. Намоз, рўза ва Қуръон қироатининг савоби етишида ихтилоф қилганлар…
Бинобарин, инсон истаганча нафл намоз ўқиб, унинг савобини маййитга ҳадя қилиши мумкин”. (islamweb/24841)
Энг тўғрисини билувчи Аллоҳдир. У Зотдан барчамизни ҳақ йўлга бошлашини сўраймиз.
Қўшимча маълумот:
Тиловат савобини маййитлар руҳига ҳадя қилиш мумкинми?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1