Ўнинчи насиҳат:
Бекорчилик кўп ёмонликларга олиб боради. Улардан энг ёмони кўп гапириш, ғийбат ва миш-миш гапларга берилишдир. Кўрасизки, бир талай муҳожир биродарлар ора кунда йиғилишиб, бировнинг ғийбатини қилиб ё обрўсига чанг солиб ё шахсий ҳаётини титкилаб ё ўзларидан сўралмаган ва бировларга тааллуқли бўлган гаплардан гаплашиб ўтиришади.
Баъзан бунга ҳасад сабаб бўлади..
Баъзан қалблардаги мараз ва адоват тўлиб-тошади..
Азиз биродар! Битта шаҳарда яшаб турган мусулмонлар ўзаро сафларимизни бирлаштиришга қодир бўлмаймиз-у, қандай қилиб ислом умматини бирлаштиришни орзу қиламиз?!
Мусулмонларга нисбатан дил софлиги ва кўнгил тозалиги ҳам энг катта ибодатлардан ва жаннат аҳлининг белгиларидан саналади: «Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик» (Ҳижр: 47).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзлари нақадар ажойиб:
У зотдан: «Одамларнинг энг афзали ким?» деб сўралганда «Дили тоза ва ростгўй киши», деб жавоб бердилар. «Ростгўйликни биламиз, дили тоза одам қандай бўлади?», дейилганда: «Тақводор, покиза, гуноҳ, тажовуз, ғиллу-ғашлик ва ҳасаддан тоза одам», дедилар (Ибн Можа ривояти, саҳиҳ).
Мусулмонларга яхшилик қилинг, гарчи улар сизга ёмонлик қилсалар ҳам...
Уларга ҳалимлик кўрсатинг, гарчи улар сизга қўполлик қилишса ҳам...
Мусулмон биродарларингизга нисбатан бағрикенглик қилинг...
Дунё ўткинчи, ғирр этиб ўтиб кетади.
Жуда кўп одам намоз билан, садақа билан, рўза билан Аллоҳга қурбат ҳосил қила олиши мумкин. Бироқ, мусулмонларга нисбатан дилини соф қилиш билан Аллоҳга қурбат ҳосил қила оладигани жуда кам бўлади.
Аллоҳ таоло сизнинг қалбингизга боқиб, унда мусулмонларга нисбатан ғиллу-ғашлик ва ҳасадни кўришидан ҳазир бўлинг!!
Ўн биринчи насиҳат:
Насроний аёлга уйланишдан эҳтиёт бўлинг! Сиз: «Бундай қилиш ислом шариатида жоиз-ку!» деб менга эътироз билдиришингиз мумкин. Тўғри, жоиз... Лекин, бундай турмуш қуриш ортидан келган ва келаётган оқибатларга назар солинг... Аксарият ҳолларда болалар тарбиясининг зое бўлиши... Эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар... Баъзан эрнинг диндан чиқиб кетиши ва номигагина мусулмон бўлиб қолиши... На намоз, на Аллоҳга даъват, на ҳижоб, на аралашиб юришдан сақланиш...
Қасам ичиб айтаманки, насроний аёлларга уйланган мусулмон эркаклар ҳаётида буларнинг ҳаммасини мен ўз кўзим билан кўрдим.
Ўн иккинчи насиҳат:
Сиз динингизни кимдан ўрганасиз, кимнинг фатволарини оласиз?!
Бу жуда муҳим савол.. Чунки, эътибор берсангиз, кўпчилик муҳожир биродарлар кўпроқ рухсатлар ортидан қувишади.. Хоҳиш-ҳаволарига мос келадиган фатво берадиган муфтийларни хуш кўришади.. Айримлар ҳаволарига мувофиқ келувчи фатвони эшитсалар, бошлари осмонга етиб: «Мана шу олим ҳақиқий олим-да! Бу шайх воқеликни яхши тушунади.. Мусулмонларнинг алам-ташвишлари билан яшайди», дейишади. Улар учун фарқи ҳам, қизиғи ҳам йўқ, ўша шайхнинг фатвоси Китобу Суннатга зид келадими.. Динни емиришга хизмат қиладими.. Шаръий далилларга нисбатан енгил қараш мавжудми.. Рухсат қидириб, ҳужжати заиф гапларни ушлаб олиш борми.. Муҳими, фатво бор, вассалом!!..
Мусулмон биродар!
Қиёмат куни Аллоҳ таоло сиздан фақат бир нарсани сўрайди: «(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейди» (Қасас: 65).. Фалон-фалон шайх тўғрисида сўрамайди.. Фақатгина Китобу Суннатга эргашиш ҳақида сўрайди.
Бояги муҳим саволимни яна бир бор такрорлайман: «Сиз динингизни кимдан ўрганасиз?!»
Салла-чопон кийган ва телеканалларга чиқадиганларнинг ҳаммаси ҳам муфтий бўлавермайди! Дин учун манба бўлишга ярайвермайди!
Муфтийликнинг меъёри ва миқёси шуки, берган фатвоси Китобу Суннатга мувофиқ келсин. Хоҳиш-ҳавога эргашиб, сизни Аллоҳнинг йўлидан адаштирадиган бўлмасин.
Ислом марказларидан бирида маъруза қилдим. Маърузадан сўнг бир киши олдимга келиб: «Шайх, сиз нега (эркак-аёллар ўртасидаги) аралашиб юриш масаласида қаттиқлик қиласиз?! Фалон телеканалда доктор унвонли фалон шайх тўй-маросимларда, йиғинларда эркагу хотинлар аралашиб юрсалар бўлаверади, ниятлари яхши бўлса бўлди, бир-бирларига шаҳват назари билан боқмасалар бўлди, деди-ку?!!», деб қолди.
Бошқа бир жойда маърузадан сўнг бир киши: - Шайх, судхўрликнинг ҳукми нима?, - деб сўради.
- Ҳамма шакли, ҳамма кўриниши ҳаром, - деб жавоб бердим.
- Фалон телеканалда фалон шайх чиқиб, судхўрлик ҳозирда аср заруратларидан бирига айланган, шуғулланишнинг зарари йўқ, деб айтди-ку!!, деди у.
Бошқа бири мендан куй-қўшиқ ва мусиқанинг ҳукми ҳақида сўради. Жавобимни эшитгач, фалон шайх уни ҳалол деб фатво берганини айтди.
Азиз биродар! Динингизни унга чанг солмоқчи бўлган ва уни бузишга интилган ҳар кимнинг ўлжасига айлантириб қўйманг! Қиёматда ўзингизга ўзингиз жавоб берасиз! Аллоҳ таоло сиздан: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» (Қасас: 65) деб сўрайди.
Охирги насиҳат:
Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришингизни ёдда тутинг ва билингки, бу дунё ўткинчидир, абадий қароргоҳ эмас!.. Аллоҳ таолодан чиройли хотима сўранг.
Бир биродар ҳикоя қилади:
Канадада тиббиёт факултетида ўқирдим. Шифохонада жонлантириш (реанимация) хонасидаги беморлар устида навбатчилик қилган бир куним асло эсимдан чиқмайди. Учинчи рақамли каравотда ётган беморнинг исми диққатимни ўзига тортди: Муҳаммад...
Мен унинг оғзи ва бурнига уланган кўплаб ускуналар ва резина ичаклар орасида кўринмай кетган юзига энгашиб қарадим. СПИД касалига чалинган йигирма беш ёшлар чамасидаги йигит, икки кун олдин ўпкасида ўткир яллиғланиш билан шифохонага келтирилган экан. Аҳволи жуда-жуда оғир эди. Ундан ҳол-аҳвол сўраш мақсадида қулоғига оғзимни яқинлаштириб, оҳиста: «Муҳаммад! Муҳаммад!» деб чақирдим. У мени эшитди, лекин жавоб беришга қурби етмай, бир нималар деб шивирлади. Мен унинг уйига қўнғироқ қилдим, телефонга онаси жавоб берди. Лаҳжасидан унинг келиб чиқиши Ливанлик экани сезилиб турарди. У билан сўзлашувдан маълум бўлишича, Муҳаммаднинг отаси катта савдогар бўлиб, бир неча қандолатчилик моллари дўкони эгаси экан. Онага ўғлининг аҳволини тушунтирдим. У билан сўзлашувим асносида бирдан йигитга улаб қўйилган жиҳозлардан чийиллаб, қон айланиши кескин тушиб кетганини англатувчи огоҳлантириш сигнали кела бошлади. Мен онаси билан суҳбатни узиб, унга: «Тезда етиб келмасангиз бўлмайди», деб қичқирдим. У: «Ҳозир бандман, бўшаганимдан кейин бораман», деди. «Унда фурсат ўтган бўлиши мумкин!», дедим ва гўшакни ташладим. Ярим соатлардан кейин ҳамшира бемор йигитнинг онаси келиб, мен билан учрашмоқчи бўлаётганини айтди. Мен унинг киришига изн бердим. Ўрта ёшли бир аёл, кўринишидан мусулмон деб ўйламайсиз.. У ўғлининг аҳволини кўргач, бўғзидан фарёди отилди. Мен уни тинчлантиришга уриндим ва: «Аллоҳга боғланинг, Ундан ўғлингизга шифо сўранг!», дедим. У ҳайрат ичра: «Сиз мусулмонмисиз?!», деб сўради. «Алҳамду лиллаҳ», дедим мен. У: «Биз ҳам мусулмонмиз», деди. «Жуда яхши.. Нега унинг боши устида ўтириб, Қуръон ўқимайсиз, шояд Аллоҳ дардини енгиллаштирар?!», дедим. Она бир оз гарангсиб қараб тургач, овозлари титраганча: «А?! Қуръон?! Билмайман!! Қуръондан ҳеч нарса ёд олмаганман!!», деди. Мен: «Унда қандай намоз ўқийсиз?! «Фотиҳа»ни ҳам ёд билмайсизми?!», деб сўрадим. «Биз бу мамлакатга кўчиб келганимиздан бери фақатгина ҳайит намозларини ўқиймиз», деди. Мен ундан ўғли ҳақида сўрадим. «Туппа-тузик эди, ўша қиз сабабли шу аҳволга тушди», деди у. «Намоз ўқирмиди?», деб сўрадим. «Йўқ, лекин умримнинг охирида ҳажга бораман деб ният қилиб юрарди», деди.
Огоҳлантириш ускунаси тобора қаттиқроқ овоз чиқара бошлади. Мен бечора йигитга яқинлашдим.. У ўлим талвасасини бошдан кечирарди.. Ускуна тобора чийиллар, онаизорнинг йиғиси атрофни тутганди.. Ҳамширалар гарангсиб қараб туришарди. Мен йигитнинг қулоғига оғзимни яқин қилиб: «Ла илаҳа иллаллоҳ, де.. Ла илаҳа иллаллоҳ, де», дедим. Ундан овоз чиқмади. Мен яна: «Ла илаҳа иллаллоҳ, де», дедим. У мени эшитаётган эди. Бироз ўзига келгандек бўлиб, менга қарашга уринди. Бечора, бутун вужуди қийналар, кўзларидан ёш оқар, юзи қорайиб кетган эди.. Мен яна: «Айт: Ла илаҳа иллаллоҳ, де», дедим.. Шунда у қийналиб, узуқ-юлуқ қилиб гапира бошлади: «О-о-ҳ.. О-о-ҳ.. Чидай олмайман.. О-о-ҳ.. Оғриқ қолдирувчи беринг.. О-о-ҳ.. О-о-ҳ..».. Мен эса ўзимни йиғидан зўрға тутиб, тинмай унга ла илаҳа иллаллоҳ дегин деб ёлворардим.. Бирдан унинг лаблари қимирлай бошлади. Мен суюниб кетдим.. Эй худойим, ниҳоят айтадиган бўлди.. Ҳозир айтади.. Бироқ унинг лабларидан: «I cant.. I cant.. Маъшуқам.. Маъшуқамни кўришни истайман.. Чидолмайман.. Чидолмайман...» деган сўзлар чиқди.. Онаизор эса тинмай, ўксиб-ўксиб йиғларди... Томир уриши сусайиб борар, сўнгги нафаслар кириб-чиқаётган эди.. Мен ўзимни тутолмай, ҳўнграб юбордим ва унинг қўлидан ушлаб: «Ўтинаман сендан.. Ла илаҳа иллаллоҳ дегин», деб ялина бошладим. Бироқ, ялинишларим бефойда кетди. Юрак уриши тўхтади.. Йигитнинг юзи қоп-қорайиб кетди.. Унинг жони узилганди. Она унинг устига ўзини отиб, фарёд чека бошлади. Мен бу манзарани кўриб, ўзимни тўхтатолмай қолдим.. Барча тиббий урфларни унутиб, онага қараб қичқирдим: «Сен!! Сен жавобгарсан!! Сен ва отаси жавобгарсизлар!! Омонатни зое қилдинглар, Аллоҳ сизларни зое қилсин!! Омонатни зое қилдинглар, Аллоҳ сизларни зое қилсин!!».. «Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
Муҳожир биродар!
Шу бечоранинг аҳволи ҳақида бир фикр юритиб кўринг. Унинг ўрнида сизнинг ўғлингиз ё қизингиз, инингиз бўлса, ё ўзингиз бўлиб қолсангиз нима бўларди?! Шундай экан, Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиб қолинг.. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102)..
Барча ҳолатингизда Аллоҳга илтижо қилинг, барча ишларингизда Ундан мадад ва тавфиқ сўранг. Ундан солиҳ зурриёт сўранг. «Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин», дейдиган кишилардир» (Фурқон: 74).
Ундан динда саботли қилишини, фитналардан нажот беришини сўранг.. «Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102)..
Барча ҳолатингизда Аллоҳ таолонинг зикрига маҳкам бўлинг.. «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб: 41).
Нафсингиз маъсиятга чорлаганда Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис қилинг. Билингки, У сизни кўриб ва кузатиб турибди!
Қисқаси, ўзингиз билан Парвардигорингиз ўртасида махфий алоқа ўрнатинг, у тунги намоз, махфий рўза ё садақа, даъват ва одамларга насиҳат кўринишида бўлиши мумкин.. Унутманг, ким фаровонлик пайтида Аллоҳга танилиб олса, машаққатлар пайтида Аллоҳ уни танийди! Аллоҳдан сизни ҳифзи-ҳимоясида асрашини ва сизга тавфиқ ато этишини сўрайман.
Сўзим охирида айтаманки: Эй муҳожир мусулмон! Эй биродарим! Мен бу насиҳатларни чин қалбимдан, сизга фақат яхшилик истаб айтдим. Мен бу сўзларга қалб қўримни ва жон торларимни қўшдим.
Сиздан фақат ғойибона дуодан бошқа ҳеч қандай тилагим йўқ. Раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот мени ва сизни Ўз раҳматига олсин.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Сизни севувчи биродарингиз Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий.
1.02.1420ҳ, 4.05.2000м.
Араб тилидан таржимаси 9.09.2009. ниҳоясига етди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2