"Пахтакор-79"ни хотирлаб
Ушбу санада "Пахтакор"
авиаҳалокат туфайли 17 нафар
ўғлонидан ажралиб қолган. Биз
эса ўша жамоа аъзоларини
хотирлаган ҳолда мудҳиш
ҳалокат тафсилотлари
тўғрисида эслаб ўтсак.
• • •
1979 йилнинг 11 августи.
Тошкент вақти бўйича соат
13дан 35 дақиқа 38 сония
ўтган. Шу лаҳзада Тошкент-
Гурьев-Донецк-Минск рейсида
парвоз қилаётган ТУ-134
самолёти Челябинск-Кишинёв
рейсини бажараётган шу
русумдаги бошқа самолёт
билан тўқнашиб кетди. Фожеа
ердан 8400 метр баландликда
юз берди ва икки самолёт
бортида бўлган 178 киши ҳалок
бўлди. Улар орасида ўша вақтда
ўзбек футболининг фахри
ҳисобланган «Пахтакор»нинг
17 нафардан иборат таркиби
ҳам бўлган. Афсуски,
диспетчернинг хатоси икки
юзга яқин инсонларни бу
ҳаётдан олиб кетди.
Ўша куни Харьковдаги ҳаво
ҳаракатларини бошқариш
марказида 6 нафар диспетчер
навбатчилик қилаётганди.
Бўлим бошлиғи Сергеев ёш
Николай Жуковскийни иш
ўрнига ўтказди ва унга
раҳбарлик қилиб туришни
Владимир Сумскойга топширди.
Ўша куни бу ҳудудда об-ҳаво
унчалик яхши эмасди. Осмонни
булутлар эгаллаган бўлиб, улар
8-9 километр баландликда ҳам
қалин жойлашганди. 65735
борт рақамли Ту-134 самолёти
Москва вақти билан соат
13:11да Донецкдан ҳавога
кўтарилади. А.С.Комаров
бошчилигидаги экипаж
аъзолари 77 йўловчини
манзиллари томон етказиб
қўйишлари зарур эди. 12:53да
Воронеждан учган бошқа бир
Ту-134 эса 65816 борт
рақамига эга бўлиб, унда
А.А.Тараненко командирлик
қилаётганди. Молдавияга
тегишли самолёт салонида 88
нафар йўловчи рўйхатга
олинганди. Улардан 16 нафари
12 ёшгача бўлган болалар
бўлган.
11 августда содир бўлган
воқеалар қуйидаги ҳолатда
юзага келган.
7:50. Харьков ҳаво
ҳаракатларини бошқариш
марказида раҳбар Сергеев
жанубий-ғарбий йўналишга
масъул этиб катта тажрибага
эга бўлмаган Жуковскийни
қўйди. Унинг ҳаракатларини
назорат қилишни эса биринчи
классли диспетчер Сумскойга
топширади. Ваҳоланки, бу
ҳудуд собиқ СССРда самолётлар
энг кўп учиб ўтадиган йўлга эга
эди. Одатий кунларда ҳам ушбу
жой осмонида бошқа
ҳудудлардан кўра иш анча
қизғин бўларди.
13:17. Молдавияга қарашли
Ту-134 самолёти Харьков
маркази билан алоқага чиқди.
Командир 9600 метр
баландликни эгаллашни сўради.
Лекин Жуковский унга бу йўл
банд бўлишини айтиб, рад
жавобини берди.
Кейин эса алоқага Минскка
тегишли бўлган Ту-134 чиқиб,
командир Комаров самолёт
5700 метр баландликда
эканини айтиб, ўзи учун
белгиланган 9600 метр
масофага кўтарилишни сўради.
Ҳар икки самолёт йўналиши
Днепродзержинск тумани
осмонида тўғри бурчак остида
кесишар, лекин орадаги фарқ
бир дақиқани ташкил этарди.
Бироқ Жуковский ҳисобда
адашиб кетади ҳамда икки
самолёт учиб ўтиш фарқи 3
дақиқа деб белгилаб олади. Шу
сабабли у Комаровга 7200 метр
баландликни эгаллашга буйруқ
беради.
13:34. Минск экипажи 8400
метр баландликка кўтарилишга
буйруқ олади ҳамда навбатдаги
буйруқни кута бошлайди. Чунки
бу йўлдан Ил-62 учиб ўтиши
лозим эди. Ва Жуковский яна
бир хатога йўл қўяди. Буни
«Пахтакор» учаётган самолёт
командирининг алоқага чиқиб
айтган сўзларидан пайқаган
Сумской бошқарувни қўлга
олади ҳамда учувчилар билан
алоқага ўзи чиқишни
бошлайди.
13.34.07: - 676чи (Ил-62нинг
борт рақами), 9600 метр
баландликни эгалланг.
13.34.28: - 735чи, сиз эса 9000
метр баландликка ўтинг.
Днепродзержинскда 8440 метр
баландликда йўллар кесишади.
Жавоб эса қуйидагича
янграйди:
- Тушундим, 8400.
Сумскойнинг хатоси шунда
бўлганки, у жавобни қайси
самолёт командири айтганини
сўраб, тасдиқлатишни эсдан
чиқарган. Ҳар икки диспетчер
буйруқни ким бажарганини
сўрашни ёки локаторга қараб,
самолётлар қайси йўналишда
ҳаракат қилаётганини
текширишни унутишган.
13.35.38: 95 даража бурчак
остида 65916 рақамли Ту-134А
шу русумдаги 65735 рақамли
бошқа бир самолёт билан
тўқнашиб кетади. Ҳар икки
самолёт учувчилари қалин
булут туфайли қаршисидаги
самолётни кўриш имкониятига
эга бўлишмаган. 8300 метр
баландликда Молдавия
самолёти Минскка қарашли
самолётнинг қанот қисмига
келиб урилган. Комаров
«Пахтакор» учаётган лайнер
бошқарувини 4500 метр
баландликкача герметизация
бузилган ҳолатда ҳам ушлаб
турган, бироқ шундан кейин
самолёт кескин равишда
қулашни бошлаган.
Ҳалокат тўғрисида биринчи
бўлиб ўша пайт ҳавода бўлган
АН-2 самолёти экипажи хабар
беради: «Куриловка ҳудудида
қулаётган самолёт қисмлари
кўзга ташланмоқда. Менимча,
бу ТУ-134 парчалари».
Икки лайнернинг 8400 метр
баландликдаги тўнашуви
натижасида 178 нафар инсон
ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин
бўлиб ўтган судда Жуковский
ва Сумской устидан суд қарори
эълон қилинди. Улар умумий
режимда 15 йилдан
озодликдан маҳрум этилдилар.
Бошқа жавобгар шахслар эса
«сувдан қуруқ чиқишган».
Ушбу ҳалокатдан жуда
кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган.
Чунки ўша мавсумда
«Пахтакор» ишончли ўйин
кўрсатиб, юқори ўринлардан
жой эгаллашга ҳақли
эканлигини исботлаб
келаётганди. Ҳатто, баъзи
мутахассислар жамоанинг яқин
йиллар ичида Еврокубокларда
ўйнаши мумкинлиги тўғрисида
тахмин қилаётганди. Фожеа
оқибатида нафақат кўплаб
инсонлар ҳалок бўлди, балки бу
ўзбек футболининг
ривожланишига ҳам ўзининг
салбий таъсирини кўрсатди.
Тасаввур қилинг, ўшанда
бизнинг энг яхши
футболчиларимиз дунёдан кўз
юмди. Натижада бир бутун бир
авлоддан ажралиб қолдик. Агар
ўша ҳалокат бўлмаганда
футболимиз ҳозирги
савиясидан икки-уч баробар
юқорироқ бўлиши мумкин эди.
Самода ҳалок бўлган ўйинчи ва
жамоа аъзоларининг рўйхати
мазкур инсонлардан иборат:
Идгай Борисович Тазетдинов
13.01.1933 Мураббий
Владимир Васильевич Чумаков
08.12.1932 Шифокор
Мансур Иномжонович
Толибжонов 04.04.1944
Маъмур
Михаил Иванович Ан
19.11.1952 Ярим ҳимоячи
Владимир Иванович Фёдоров
05.01.1956 Ҳужумчи
Олим Масолиевич Аширов
25.01.1955 Ҳимоячи
Равиль Рустамович Агишев
14.03.1959 Ҳимоячи
Константин Александрович
Баканов 25.05.1954 Ярим
ҳимоячи
Юрий Тимофеевич Загуменних
07.06.1947 Ҳимоячи
Александр Иванович Корчёнов
04.05.1949 Ярим ҳимоячи
Николай Борисович Куликов
25.04.1953 Ҳимоячи
Владимир Васильевич Макаров
09.03.1947 Ярим ҳимоячи
Сергей Константинович
Покатилов 20.12.1950
Дарвозабон
Виктор Николаевич Чуркин
25.01.1952 Ҳужумчи
Сирожиддин Аҳмадович
Бозоров 10.08.1961 Ҳужумчи
Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев
08.02.1959 Ҳужумчи
Владимир Валиевич Собиров
14.01.1958 Ҳужумчи
Шу тариқа ишқибозларни
армонда қолдириб, «Пахтакор»
авиаҳалокатга учради. Тез
фурсат ичида Тошкентга бошқа
жамоалардан футболчилар
чақирилиб, жамоа мавсумни
давом эттирди. Уч мавсум
мобайнида жамоага олий
лигадан тушиб кетмаслик
имконияти тақдим этилди.
Лекин ҳаётдан кўз юмган бутун
бир жамоа ўрнини ҳеч ким ва
ҳеч нарса боса олмасди. Ўша
машъум ҳалокат туфайли кўп
минг сонли ишқибозлар
футболдан бутунлай кўнгил
узишди. Пахтакорчиларнинг
оила аъзоларига қанчалик
қийин бўлганлигини тасаввур
қилиш мушкул бўлмаса керак.
Навбатдаги учрашувларга
ташриф буюрган мухлислар
кўзларида ёш билан янги
жамоа иштирокидаги ўйинни
кузатиб боришарди.
Бугун... Бугун эса янги тонг
отмоқда. Кимларнингдир
қалбида янги орзулар билан,
кимлардадир эса унутиб бўлмас
хотира ва армонлар. Биз эса
пахтакорчиларни ёдга оламиз.
Аслида улар ҳар доим бизнинг
қалбимиздаги, бизнинг
ёдимизда. Сизларни ҳеч қачон
унутмаймиз, "Пахтакор"нинг
чинакам ўғлонлари!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2