Душанба куни эрталаб Маъқул хола хуш кайфият билан ўрнидан турди. Тушида Ғайбиддин томдан ошиб келиб онасини маҳкам қучоқлаб олганмиш, уларга қараб Санам билан Меҳри қиқир-қиқир кулармиш.
Она-боланинг ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтибди:
“Нега томдан ошиб келдинг?”
“Қўшнилар кўрмасин дедим”.
“Қўшнилар кўрса кўраверсин”.
“Гап қилишади”.
“Гапдан қўрқсанг, нега келдинг?”
“Сизни соғиндим”.
“Соғинсанг шу пайтгача келардинг-да?”
“Тоғдан ўтолмайман, деб қўрқдим”.
“Ўртада тоғ бормиди?”
“Ҳа”.
“Энди ўтолдингми?”
“Бир амалладим”.
“Қайтиб кетмайсанми?”
“Кетаман, тоғнинг ортида ҳам онам ва сингилларим бор”.
Маъқул хола уйғониши билан тушини эслади ва мийиғида кулиб қўйди, ўғлининг ҳар бир сўзи мағзини қайта-қайта чақаркан, таъбирини яхшиликка йўйди: Ғайбиддин келади, албатта, келади!
Унинг оғзи қулоғида эди, тилидан шу сўзлар тушмай қолди: Ғайбиддин келади, албатта, келади.
Маьқул хола юз-қўлларини ювди-да, ҳовузнинг ёнига бориб сувга тикилди.
“Эй обиҳаёт! Бугун Ғайбиддиним тушибга кирибди. Мени маҳкам қучоқлаб олиб, сизни соғиндим, деди. У тўғри айтди. У сира ёлғон гапирмаган, мени алдамаган, урмаган. Мен Ғайбиддинга ишонаман. У мени соғинган. У, албатта, келади, мени кўргани келади.
Эй обиҳаёт! Мен ҳам Ғайбиддинни соғинганман. Шу кўрган тушим ўнгидан келсин ва ўғлим билан дийдор кўришиш насиб этсин, болагинамни бағримга босай…”
–Тушингни сувга айтяпсанми?
Маъқул хола чўчиб тушди ва бошини кўтариб, Шамсиддинни кўрди.
–Кел, болам. Каллайи саҳарлаб нима қилиб юрибсан?
–Санам шу ердами, кеча ўқишга кетмадими?
–Йўқ, бугун эрталаб кетаман, деганди, уйғотмоқчи бўлиб тургандим.
Маъқул хола сўзини тугатар тугатмас уйдан кўзини ишқалаб Санам чиқиб қелди.
–Ўқишга борсанг, олиб кетаман, тез бўл, –деди Шамсиддин унга.
–Ҳозир, ака.
Санам апил-тапил юз-қўлини ювиб, чой дамлади.
–Ака, бир пиёла чой ичиб олайлик, сиз ҳам келинг.
–Мен тўйдан келяпман, –деди Шамсиддин. –Ош едим, Абдунаби ўғлини суннат қилибди.
–Бугун Ғайбиддин тушимга кирибди, –Маъқул хола Шамсиддинга умидвор термулди. –Мени қучоқлаб олди, иккаламиз суҳбатлашдик. Келиб қолармикин, нима дейсан? Сувга илтижо қилиб, тушимни ўнгига бошқар, десам, жимирлаб, товланиб кетди, жавоб қайтарди: ўғлинг келади, деди.
Шамсиддиннинг энсаси қотди.
–Ғайбиддин бир ҳафта аввал хотини, қизчаси билан келди, икки кеча ётишди, –деди у. – Тошкент сенга бир нарса йилт этса чопиб келадиган қўшнининг уйи эмас.
Бир зумда Маъқул холанинг, авзойи бузилди.
–Нега бизникига келмади? – жазаваси тутиб кетди унинг. – Нега менга билдирмадинг? Қанақа инсонсан ўзи? Соғинганимни билмасмидинг?
–Ўчир овозингни, –ўдағайлади Шамсиддин. –У аҳмоқми, сеникига келади? Тошкентлик хотини олдида шарманда бўлсинми? –Шамсиддин Санамга ўгирилди. – Тезроқ бўл, кетамиз.
–Ўчирмайман, – Маъқул хола илк марта Шамсиддинга тик гапирди. – Ўчирмайман! Сен она юраги қанақалигини биласанми ўзи? Билмайсан! Билганингда Ғайбиддинни олдингга солиб келардинг, мана, она, бебош ўғлингиз, деган бўлардинг, мени тушунардинг, юрак-бағрим идраб ётганини сезардинг. Сен битта бола кўрибсан-у, ота бўлмабсан. Сен ота эмассан…. Сен… Сен… Ҳаммани ўзингдай деб ўйлайсан… Тошбағирсан…
Маьқул хола йиғлашга тушди.
–Халойиқ, мен бола ўстирмадим балойижон ўстирдим, Ғайбиддинни мендан яширди у, кўрсатмади, мени назарига илмади, мени жинни фаҳмлади…
–Тезроқ чиқ, –Шамсиддин Санамга қаради. –Эчкининг орқаси қичиса, тўйхонага борармиш, нега кирдим ўзи?
–Ака, ростдан Ғайбиддин акам келдиларми? –сўради Санам мотоциклга ўтираркан.
–Гапнинг ёлғони бўладими? Туғилган куним сенларнинг хаёлингда ҳам йўқ, лекин у хотини билан келди.
–Ҳеч қайсимизни туғилган кунимизда биров йўқламайди, ака. Улар тошкентликда, одатлари бошқача. Аммо бу ҳақда онамга бекор айтдингиз, ўтган йили келганларини ҳам яширгандик.
–Жазаваси тутишини қаердан билибман. Бир ҳисобдан шуниси яхши, Ғайбиддиндан умид қилмайди.
–Қайтанга умид қилганлари яхши эди…
Ўша куни кун бўйи Маъқул холанинг кайфияти кўтарилмади, туз ҳам тотмади. Кечга яқин ўтирган жойидан ирғиб турди-да, уч-тўртта кўйлагини тугунлади.
–Ҳа, она, қаерга отланяпсиз? –сўради Меҳри.
–Тошкентга, энди ўзим Ғайбиддинни қидириб топаман.
Меҳри онасини қайтаришга уринди.
–Она, тўхтанг, қоронғи тушяпти, уйга киринг, эртага борасиз.
– Йўқ, ҳозир бораман, сен йўлимни тўсма, поезд кетиб қолади, қоч.
Меҳри уни силтаб ўтиб кетган Маъқул холани ушлаб қололмаслигини билиб индамади ва дарвоза ёнидаги ўриндиқда қайтишини кутиб ўтирганди, Санам қўлидан судрагудек қилиб олиб кирди уни.
–Сен кўчада ўтирсанг ҳам, ўтирмасанг ҳам онам қайтади, бу унинг ҳар галги одати. Ундан кўра овқатингни е-да, дарсингни тайёрла.
Меҳри индамай опасига эргашди, истар-истамас овқатини еди ҳамки хаёлидан онаси кетмади. У ўғлини қаттиқ соғинган, ўтган ҳафта расмига қараб йиғлаб ўтирганини Меҳри ўз кўзи билан кўрганди.
–Акаларингнинг орасида Ғайбиддин бошқача, кўнглимга қараб иш тутарди, – деди онаси унга. –Шамсиддин урса, тарафимни олмаса ҳам кўзлари жовдирайди. Кўрмаганимга икки йил бўлди-ю, худди икки юз йилдай туюлади менга. Армияга кетса ҳам эрта-индин келади, деб умид қилиб ўтирардим. Уни кутишни ҳам билмайман, кутмасликни ҳам, афти-ангори эсимдан чиққан. Ғайбиддиндан гина қилсамми, Бодомданми? Аъмолим қаттиқ бўлмаса, ёнимда яшаб юрган қиз ҳам қорасини кўрсатмайдими?
Маьқул холанинг бўғзига нимадир тиқилди, бошқа гапиролмади.
“Ҳақиқатдан нега биз бунчалар бемеҳрмиз, –ўйлади Меҳри. – Ҳаммасига онамнинг касаллиги сабабчими? Йўқса, Тошкентдай жойдан келган акам онамдан, сингилларимдан хабар олай демайдими? Шунчалар бағритошлик, ноинсофлик қиладими? Уни соғинганимдан менинг юрагим ёняпти, онамнинг жонига тўзим берсин”.
Меҳри шуларни эсларкан, юраги сиқилди. Дарс тайёрлашга ўтирса ҳам хаёли чалғийверди. Орадан бир оз ўтиб, Маъқул хола қайтди-да, овқат емай, кўрпачанинг устига чўзилганича уйқуга кетди.
“Онам бечора боласини соғинган, –ўйлади Меҳри. – Мен ҳам акамни соғиндим. Жуда соғиндим”.
Онасининг ҳолати Меҳрига таьсир қилди унсиз йиғлади. Уйга кириб, альбом ичидан Ғайбиддиннинг болаликда тушган суратини топиб тикилиб ўтирди. Идиш-товоқларни ювиб келган Санам унинг йиғлаганини сезди, қўлидаги суратни кўргач, ҳаммасини англади.
–Йиғладингми? – секингина сўради синглисидан.
–Ҳа.
–Акамни соғиндингми?
–Ҳа.
–Мен ҳам соғиндим, жудаям соғиндим. Юз тузилишиниям унутгандим, мана, суратига қариб эслаяпман. Кўз ўнгимга келтириш учун кўзларимни юмиб оламан-у келтиролмайман. У ўзгариб кетгандир.
Меҳри жавоб қайтармади, унинг елкалари титрар, йиғларди. Санам синглисини қучоқлаб олди.
–Бўлди, бас қил, онам сезиб қоладилар.
Меҳри ўзини тўхтата олмади, энди опасининг кўксига бошини қўйиб йиғлади.**
*ХХХ*
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев