Қалбингни банд этсин охират ғами,
Ҳар лаҳза ёдингдан чиқмасин ўлим,
Надоматким, мендан чиқмади олим,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Закариё каби алам ютсанг ҳам,
Илмни чўғ каби қўлда тутсанг ҳам,
Уйи йўқ Ийсодан фақир ўтсанг ҳам,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Ҳақиқий олимлар қасрлар қурмас,
Қасрлар ичинда бемалол юрмас,
Фонийда қалбимга таскин зарурмас,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Чорасиз он йўқлаб келсанг мабодо,
Отангни чин дилдан севсанг мабодо,
Рози бўлсин отам, десанг мабодо,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Бу йўлда машаққат, меҳнат кўринар,
Заҳматнинг остинда роҳат кўринар,
Отамнинг ҳасрати кўнглимни тирнар,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Кулгингдан айланай, ўргилсин жоним,
Сенда шиддат ила оқмоқда қоним,
Ҳажга олиб борма қариган оним,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Кимдир ўғли сабаб мағрур кулади,
Кимнингдир кўз ёши жиққа тўлади.
Бу дунё ишлари бир гап бўлади,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим.
Ҳар бир юмушимда хайрихоҳ ўғлим,
Унутма, Қиёмат - манзилгоҳ, ўғлим!
Бугун олиб берай нени истасанг,
Бунинг эвазига бир шарт чидасанг,
Бошимга тож кийдир, Абдуллоҳ ўғлим!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев