Ёноқларин шаббодага ўпдирган,
Ялпизларнинг яна тутди уфори.
Юракларни энтиктириб куттирган,
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори.
Тоғ сувидан юзин ювиб безанган.
Адирлардан кетди қишнинг ғубори.
Лолалардан бағри "қонга беланган",
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори.
Юртим бугун бамисоли келинчак,
Либосларин тўкилмаган охори.
Чор атрофга тўлиб кетди гул-чечак,
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори.
Севишганлар юрагида аланга,
Висол фасли, йўқдир кўнгил озори.
Тортиқ этиб муҳаббатни оламга,
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори.
Бугун яна, ташвиши кўп, иши кўп,
Далададир бободехқон наҳори.
Диққинафас қилди уни қиши хўп,
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори..
Бугун яна, наврўзида сумалак,
Иймони бут, масжиди-ифтихори.
Озодман деб ўзбек ҳам, қилди дарак,
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори.
Осмон узра ой кезади куюнчак,
Шеър дардида мен ҳам туннинг бедори.
Юрагимга илҳом солди бойчечак,
Тоғлар ошиб келди юртим баҳори.
Уйғонмоқда ноз уйқудан табиат,
Димоғимда илиқ баҳор уфори.
Таралмоқда юртим бўйлаб нафасат,
Ўзгачадир, озод юртнинг баҳори …
✍Зокиржон Фозил.
https://t.me/zokirjon_fozil
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев