Ислом дини ёйила бошлангандан буён ҳеч ҳам назардан қолмаган мавзулардан бири бу бўлинишни олдини олишдир. Асл манба бўлмиш оят ва ҳадисларга диққат қиладиган бўлсак, доимо улар мусулмонларни бир жамоа бўлишга ва ўзаро фирқаланишдан қайтаришга урғу беради.
Шунингдек, бу йўлни қаттиқ ушлаган ва бошқаларни ҳам шундай йўл тутишга даъват қилган кишиларни улуғ ажр эгаси бўлишга ваъда беради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тўғрида шундай марҳамат қиладилар:
من اراد بحبوحة الجنة فليلزم الجماعة فان الشيطان مع الواحد وهو من الاثنين ابعد
“Ким жаннатнинг булоғини истаса жамоани маҳкам ушласин. Чунки шайтон ёлғиз киши билан бирга бўлади. Икки кишидан эса узоқроқ бўлади”.
Жамоани маҳкам ушлашлик тўғрисидаги ҳадиснинг улуғлигини кўрмайсизми?! Ҳамма яхшилик жамоа бўлишда экан. Бошқа ҳадисда ҳам: “Аллоҳнинг қўли жамоада ... ” (Имом Термизий 2166) келгани бежиз бўлмаса керак. Нима учун Аллоҳнинг қўли жамоа билан бирга? Қачон уларни қўллайди, уларга ёрдам беради? Жавоби шуки, қачонки ўша жамоа ҳақ устида бўлса, Аллоҳнинг итоатида бўлса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам итоатларида бўлсагина нусрат ҳам бўлади, ёрдам ҳам бўлади.
Яна жамоани лозим тутиш, унинг сафидан чиқмаслик тўғрисида ҳадислар ворид бўлган. Анас ибн Молик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадис ҳам шулардан ҳисобланади. Унда: “Менинг сўзимни эшитиб, уни кўтарган бандасини Аллоҳ яшнатибди, гўзаллаштирибди. Кўпинча фиқҳни кўтариб юрувчи фақиҳ эмас. Ундан кўра фақиҳроқ одам чиқиб қолади. Уч нарса борки, мусулмоннинг қалби улар учун ёпиқ бўлмайди: бир ишни Аллоҳ учун ихлос билан қилишлик, иш бошиларга ўзаро панду насиҳат қилишлик ва мусулмонлар жамоасини маҳкам тутишлик. Уларнинг даъвати ўзларидан кейингиларни ҳам ўраб олади” (Ибн Можа 236, Имом Аҳмад 3/225).
Ҳадисга диққат билан назар соладиган бўлсак, уччала иш бирин-кетин келмоқда. Аллоҳ таолога ҳақиқий ихлос кишини Роббисига талпинтиради, ўз-ўзидан ишида мустаҳкам бўлади, сўзида ёлғон бўлмайди. Бу эса уни атрофидаги одамлар олдида обрўсини оширади. Ҳатто юқори мансабдаги одамлар ундан маслаҳат сўрай бошлайди. Ўз-ўзидан ўрни ва жойини билиб панду насиҳат қилади. Охир оқибат мусулмонлар жамоасининг чиройли ва мустаҳкам йўлдан боришига кўмаклашади. Аллоҳ ҳузурида севикли бандага айланади.
Бошқа ҳадисда айтилади:
-Дин насиҳатдир. Биз сўрадик:
-Ким учун? Айтдилар:
-Аллоҳ учун, Китоби учун, Расули учун, мусулмонлар имомлари учун ва барча омма учун. (Имом Муслим 55)
Юқоридаги ҳадис “иш бошиларга ўзаро панду насиҳат қилишлик”нинг маъноси давлат раҳбарларига қарши чиқишлик, урушлар қилишлик, тўнтаришлар ва намойишлар ўтказиш дегани эмас. Бу ҳолат айни хато иш бўлар эди. Сабаби, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирган ҳадисда қуйидагича келади: “Имомларингизнинг энг яхшиси сизлар яхши кўрадиганингиз ва сизларни яхши кўрадиганларидир. Сизларни дуо қиладиганлари ҳамда сизлар уларнинг ҳаққига дуойи хайр қиладиганларингиздир. Имомларингизнинг ёмонлари эса уларни ғазаблантирадиганингиз ва сизларни ғазаблантирадигани, уларни лаънатлайдиганингиз ва улар сизни лаънатлайдиганидир”. Шунда сўрашди: “Уларга қилич билан жавоб қайтарайликми?” Жавоб бердилар: “Йўқ, модомики намоз ўқир экан. Агар ҳокимларингизда ёмон ишни кўрсангиз, ишинигина ёмон кўринг. Лекин бошингизни итоатдан кўтарманглар” (Имом Муслим 1855). Яъни, бош кўтариб турли намойиш ўтказманг, сабр қилинг.
Аллоҳга шукурки ҳозирги пайтда масжидларимизда ҳокимларимизни, юртбошимизни дуойи хайрда кўрамиз. Демакки мусулмонлар ўз раҳбарларидан розилар. Уларни хайрли ишларида Аллоҳ кўмакчи бўлишини истаб кўп дуолар қилинмоқда. Демакки пешқадамларимиз яхшилардан ҳисобланади.
Ҳузайфа ибн ал-Яман р.а.дан қилинган ривоятда айтилади: “Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен эса ёмонликни тушиб қолишдан қўрқиб у ҳақида сўрар эдим:
-Ё Расулуллоҳ! Биз жоҳилиятда ва ёмонликда эдик. Аллоҳ бизга бу яхшиликни берди. Бу яхшиликдан сўнг яна ёмонлик борми?
-Ҳа – деб жавоб бердилар. Сўрадим:
-Бу ёмонликдан сўнг яна яхшилик борми?
-Ҳа ва унда тутуни ҳам бор – деб жавоб бердилар. Сўрадим:
-Тутуни нима?
-Менинг ҳидоятим йўқ йўлни кўрсатадиган қавмдир. Улар амри маъруф ва наҳи мункар қиладилар – деб жавоб қайтардилар. Айтдим:
-Бундан кейин яна ёмонлик борми?
-Ҳа. Жаҳаннам эшикларига чақирувчи кишилар бор. Ким чақириққа жавоб берса дўзахга тортадилар.
-Ё Расулуллоҳ! Уларни сифатлаб беринг.
-Улар бизнинг теримиздан (бизга ўхшайди). Бизнинг тилимизда гапирувчи кишилар.
-Мен уларни топсам, нима қилишимни буюрасиз?
-Сен мусулмонлар имомини маҳкам ушлагин – деб жавоб бердилар. Сўрадим:
-Агар мусулмонларнинг на жамоаси бўлса ва на имоми бўлса, нима қилайин?
-Ундоқ бўлса барча фирқалардан ажралгин. Гарчи дарахтнинг илдизини тишлаб бўлса ҳам (ўзингни сақлаб) ўлим устинга келгунча ажралгин, - деб буюрдилар” (Имом Бухорий 3606, Имом Муслим 1847).
Имом Нававий “Саҳиҳул Муслим” китобини шарҳ қилишида бу ҳадисни “Фитналар содир бўлганда ва барча ҳолатда мусулмонлар жамоасини маҳкам ушлашлик ҳамда итоатдан чиқиш ва жамоадан айрилиш ҳаромлиги тўғрисидаги боб” деб алоҳида боб ажратганлар.
Ибн Батол эса: “Қуйидаги ҳадис мусулмонлар жамоасини маҳкам ушлаш ҳамда золим подшоларга қарши чиқишни тарк қилиш тўғрисидаги кучли ҳужжат бўла олади” – дея маълум қилган (Ибни Ҳажар “Фатҳул Борий” 13/37).
Эй мусулмон биродарим! Шунинг учун жамоани маҳкам ушлаш тўғрисида қатъий баёнот келган. Ўзаро бўлиниш оқибати кўп нохушликларга олиб келиши аниқ.
Яна бир мисол: Абдулло ибн Масъуд р.а.дан ривоят қилинмоқда: “Мен бир кишидан Қуръондан бир оят ўқиганини эшитдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам ўша оятни бошқача ўқилганини эшитдим. Шундан кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб ҳолатни билдирдим. Юзларида нохушликни кўрдим. Шунда у киши: “Ҳар иккаласи ҳам яхши. Кўп ихтилоф қилманглар. Сабаби, сиздан олдингилар ҳам ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар” – деб жавоб бердилар (Имом Бухорий 3476).
Имом Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний: “Бу ҳадис бирликни, дўстликни маҳкам ушлаш ҳамда бўлиниб ихтилофга боришдан сақланишга ундамоқда” деб айтган (Фатҳул Борий 13/102).
Бошқа ҳадисда: “Қалбингиз якдил бўлгунча Қуръонни ўқинглар. Агар ихтилоф қилсангиз туринглар” деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий 5061, Имом Муслим 2667). Яъни, қалбингиз бир бўлиб, фикрларингиз бир жойда бўлгунча, ўзаро тортишмасдан ўқийверинглар. Лекин ихтилоф бўладиган бўлса, ўзаро маъноларини тушунишда тортишадиган бўлсангиз, низо чиқадиган бўлса, бўлинадиган бўлсангиз тезда туринглар ва баҳсни тўхтатинглар. Охири ёмонликка бормасин (Фатҳул Борий 13/101).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларнинг дин ишида ўзаро тортишувини кўриб қолсалар ғазаблари қаттиқ қайнар эди. Чунки у киши тириклик пайтида одамлар фирқаланиб ҳалокатга юзтубан бўлиб кетишлигини хоҳламас эдилар. Абдулло ибн Амрдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига ҳижрат қилдим. Икки кишининг оят устида тортишиб турган товушини эшитдим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз томон чиқдилар. У кишининг юзларида ғазаб кўринар эди. Айтдилар: “Сизлардан олдинги уммат ҳам Китоб устида тортишганлиги учун ҳалокатга учратилди” (Имом Муслим 2666).
Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин саҳобалар ҳам бунга қаттиқ туришган. Умар ибн Хаттоб р.а. ўз халқига қараб: “Мендан кейин ажралиб, бўлинманглар” деб насиҳат қилган (Ибн Касир “Бидоя ван Ниҳоя” 8/127).
Муовия ибн Абу Суфён р.а. ҳам хутба қила туриб, фитна қилмасликка даъват қилган: “Фитна қилишдан сақланинглар! Чунки у ҳаётни бузади, неъматни завол топтиради, қашшоқликни олиб келади” (Бидоя ван Ниҳоя 8/132).
Нўъмон ибн Башир р.а. ҳижрий 62 йил охирида Язид ибн Муовияга берилган байъатни қайтараётган Мадина аҳлига қараб панду насиҳат қилади. Уларга бўлиниш оқибати фақат зарардан ўзга нарса бўлмаслигини, қонлар беҳуда тўкилишини, юрт вайронага айланишини айтиб маъруза қилади. Шунда Абдулло ибн Мутиъ Нўъмон ибн Баширга эътироз қилиб: “Сен бизнинг одамларни бўлиб ташламагин. Ҳаммамиз бирга Язидга (подшога) қарши чиқамиз. Аллоҳ бизнинг ишимизни ислоҳ этган вақтда сен нега бузасан?” – дейди. Нўмон унга жавобан: “Аллоҳга қасамки, сен даъват қилган ишларни мен тарк этаман. (Ўйлаб кўр) Язиднинг одамлари от миниб келади. Бўйин эгмаган одамларни қилич билан чопиб ташлайди-ку. Икки томондан қанча ўлим бўлади. У ердаги мискинларничи?! (ансорий саҳобаларни ўйлаб кўр). Кўчаларда, масжидларда, ҳовлилари эшигида ўлиб ётганлигиничи?! (тасаввур қила оласанми?!)” деб бор овозда насиҳат қилади. Лекин одамлар Нўъмоннинг сўзига қулоқ солишмайди. Ва у қайтиб кетади (Бидоя ван Ниҳоя 8/216). Дарҳақиқат, Нўъмоннинг айтгани бир оз фурсатдан кейин ўз тасдиғини топади. Ҳижрий 63 йил бошида Язид ибн Муовия Мадина аҳлига Муслим ибн Уқба бошчилигида аскар жўнатади. Улар эса ҳамма жойни яксон қилиб ташлайди (Бидоя ван Ниҳоя 8/217-218).
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев