Дунёда оқибат аталган бир неъмат бор.Ҳам неъмат,ҳам фазилат.Элимизда аҳил дўстларни кўрганда,меҳрибон ака-укаларни кўрганда оқибатларига кўз тегмасин дейишади.
Ёхуд бирор бир ишни бошлаётганда,Тангрим,охирини бахайр қилсин,оқибатимизни берсин дейишимиз бежиз эмас.Хўш,-оқибат нима? Унинг ҳаётимиздаги ўрни,мавқеи қанақа?
Баъзан шунақа дўстларни кўриб қолсанки,қалбингда бир ҳавас,ихлос уйғонади.Бу меҳр,бу муҳаббат қайдин пайдо бўлди экан деб ўйга чўмасан.Дўстлар бир-бирини шу қадар авайлашадики,таърифлашга тилинг ожизлик қип қолади.Дўстим,жигарим,қанотим деган жумлалар шу қадар самимий янграйдики,қойил қоласан киши.Бир ерда бирга ўтириб қолишса,ўртада бечора илик саргардон "сиздан бўлсин,-сизга илиндим,сизга атадим дўст" ва ҳоказо.Вақт ўтиб шу меҳрибон дўстларни яна тақдир сабаб қаердадир учратиб қоласану,ёқа ушлайсан.Во ажаб,кечагина бир-бирига меҳр кўрсатаётган,бир-бирисиз томоғидан бир луқма ҳам ўтмайдиган қадрдонлар шуми?Шуми қиёматлик дўстлар?Шуми оқибат?
Шу экан оқибат.Эл кўзи учун,ишим битсинга кўрсатилаётган сохта муҳаббатни оқибат аталган туйғу ниқобини йиртиб ташлади қўйди.Баъзида шундай дўстлар,қадрдонлар бўладики,узоқдан бўлсада сени соғиниб,мудом сенга интилиб яшайди.Уларга сохта мулозамат,эл кўзи учун кўрсатилаётган илтифот керакмас,улар сени бетаъма севишади,улар сени Оллоҳ учун севишади.Уларга давлатинг,иззатинг,дастурхонинг,тўрга ўт,тўрга ўтинг керакмас,уларга чимдим меҳрингу,охирли оқибатинг кифоя!
Улар сени ардоқлашади,меҳрингдан куч олишади,сени зимдан дуо қилишади.Яратгандан иқболингни тилаб ёлворишади.Зиёфатинг тўрида туриб гердаймоқ уларга асло керакмас.Ана меҳр,ана оқибат!
Бирига милтиқ бору ўқ йўқ.Бирисига ўқи бору милтиғи йўқ сохта "дўст"лардан оқибатли дўстлар минг чандон афзалмасмикин?
Мен шундай опа укаларни билардим.Раҳматли онасидан сўнг катта опасини она ўрнида кўриб шу қадар меҳр,шу қадар муҳаббат кўрсатишардики,ҳайратдан ёқа ушлардим.Опаси азгина касалвандроқ,гоҳо гоҳида тоби қочиб касалхонада ётиб қолган кезларида укалар оиласи билан касалхонада тунаб қоларди.Шу биргина опаларининг соғлиги учун борларини тикишга тайёр эди улар.Тўйларида,яхши ёмон кунларида суянчиқ,соябон эди улар.Агар рассом бўлганимда оқибат тимсолини шу ука нинг қиёфасида жонлантирардим.Мен чин маънода оқибатни шу инсонда кўрардим.Кимгадир,кимнидир ўрнак қилиб кўрсатадиган бўлса,шубҳасиз,шу йигитни оқибатини ўрнак қилиб кўрсатган бўлардим.Ана меҳр,ана оқибат!
Инсонни янглишувчан,адашадиган дейишади,рост экан.Барибир хом сут эмган бандамизда,оқни оқ,қорани қоралигин барибир Яратган Эгамдан бўлак ҳеч ким билмайди.Адашган эканман.Ўша мен билган укалар оқибатсиз чиқди.Вақт келиб фарзандларининг ноқобил йўли туфайлидан опа укалар орасига хусумат оралади.Ўртада бечора опа субутсизга чиқди,юзсизга чиқди.Айбсиз опа ўзини оқлашга қанчалар уринмасин фойдасиз бўлиб қолди.Бировнинг пешобига биров сирпанибди,емаган сомсасига пул тўлабди деган нақллар юзага чиқди.Опаси ўзини оқлолмади.Натижада минг йилли қадрдонлар душмандан баттар бегонага айланишди.Опа ота уйга бормай қўйди.Укалар энди мотамда ҳам бормоқ йўқ дея онт ичишди.Орадан йиллар ўтибди ҳамки улар ҳануз совуқ,ҳануз эътиборсиз.Баъзан ўйланиб қоламан,агар ношуд укалар шу қадар меҳрибончилик кўрсатишмаганда оқибатда опаси бу қадар чўкиб қолмасмиди?Меҳрли укалардан топилган қаҳрли оқибат ҳануз бечора опаларининг қалбини ўртайди.Балки опаларида ҳам айб бордир.У қандай айб эканки ҳеч кечириб бўлмайдиган?Яратган Эгам бандаларининг чексиз гуноҳларини мағфират этиб турганида укалар ким бўпти эканки,опаларининг арзимас гуноҳини кечиролмаса.Ҳар нарсанинг оқибати бўлсин дейди доно халқимиз.Меҳрнинг ҳам,муҳаббатнинг ҳам,дўстликнинг ҳам оқибати бўлсин азизлар.Сохта меҳрлимас,Қиёматли оқибатли бўлайлик.
Орамизда оқибат ўлмасин,оқибат!!!
Тарк этмасин қалбни ҳаловат,
Тарк этмасин,ишонч,садоқат.
Мен бир тилак тилайман фақат,
Оқибат ўлмасин,оқибат.
Меҳримиздан яшнагай Дунё,
Муҳаббатсиз таратмас зиё.
Сўзимнинг аввали аввало,
Оқибат ўлмасин,оқибат.
Дўст бир кунда кўрсатмасанг бўй,
Кел,интизор кўзларимни ўй.
Илтифотни бир чеккага қўй,
Оқибат ўлмасин,оқибат.
КАМОЛИДДИН ШУКУР
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев