Ибодатга фориғ бўлиш Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” (Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ, деган). Аллоҳ буюрган амалларни ўз вақтида ва мукаммал суратда ихлос билан амалга ошириш бандани дунё ва охират ташвишидан озод қилади. Ушбу ҳадиси қудсийда ибодатни бутун вужуди билан, хаёлини бир жойга жамлаб амалга оширишнинг манфаатлари ҳақида сўз юритилмоқда: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман”. “Фориғ бўлиш” деганда бирон ишни бажараётганда унга боғлиқ бўлмаган барча нарсани тарк этиш ва фақат муайян машғулот билан шуғулланиш назарда тутилади. “Ибодатга фориғ бўлиш” эса худди Аллоҳни кўриб тургандек, хаёли ва диққатини бир жойга жамлаб ибодатни адо қилишдир. Бу ердаги “ибодат”дан мурод мутлоқ ибодатлардир. Аввало, намоз, рўза, закот, ҳаж, Қуръон тиловати ва Аллоҳга бандалик қилишни англатувчи ҳар қандай солиҳ амал. Лекин ҳадисдаги “ибодатимга фориғ бўл” деган жумладан, асосан “намозни тўла-тўкис адо эт, уни шошилмай, ташвишларингни хаёлдан чиқариб ташлаган ҳолда амалга ошир” деган маъно англашилади. Яъни, Аллоҳ таоло бандаларига хитоб қилиб: эй бандам, ибодат қилаётганингда, дунёвий ишларингдан фориғ бўл. Менга ихлос билан амал қил. Сени дунё ишлари ибодат қилишдан ёки ибодатни хушуъ билан бажаришдан тўсиб қўймасин. Агар сен шундай қилсанг, қалбингни хотиржам, қаноатли, ризқи ҳақида хавотирга тушмайдиган қилиб қўяман ва ҳамма ҳожатларингни раво қиламан. Фақирлигингни кетказиб, сени махлуқотларимга ялиниш ва уларга ҳожатманд бўлишдан сақлайман. “Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” Агар ибодатимга фориғ бўлмасанг, дунёвий тавшвишларинг билан овора бўлиб, Менга ибодат қилишни унутсанг ёки рисоладагидек ибодат қилмасанг, сени муаммо ва ташвишлар гирдобига ташлайман. Қанча ҳаракат қилсанг ҳам, ҳожатларингни раво қилмайман. Маъқил ибн Ясор розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Раббингиз табарока ва таоло: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка ва қўлингни ризққа тўлдираман. Эй Одам боласи, Мендан узоқлашма! Акс ҳолда, қалбингни фақирликка тўлдираман. Қўлингни эса банд қилиб қўяман”, дейди” (Ҳоким “Мустадрак”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган). Ушбу ҳадисни ўқиб, баъзи ўқувчиларимиз “ибодатга фориғ бўлиш”ни касб-кор ва тирикчиликни йиғиштириб қўйиб, масжидда эртаю кеч ибодат билан машғул бўлиш, деб тушунмасинлар. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ибодатга фориғ бўлиш ибодат чоғида қалбнинг сергак ва уйғоқ туриши, хушуъ ва хузуъ билан, ўзини худди Аллоҳга хитоб қилаётгандек тутган ҳолда, ўй-хаёли чалғимасдан ибодатни амалга оширишдир. Бу нарсани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисларида: “Худди Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар сен уни кўрмаётган бўлсанг, У Зот сени кўриб туради”, деб тушунтирганлар. Мазкур ҳадис бизнинг хато ва камчиликларимни баён қилмоқда. Кўпчилигимиз намозни шошиб-пишиб ўқиймиз. Фикр-хаёлимизда дунё ташвиши. Ибодат лаззатини сезмаймиз. Хушуъ билан ибодат қилиш жуда кам. Оқибатда ташвишларимиз кўпайса, кўпаядики, асло камаймайди. Ҳадисда айтилганидек, агар Аллоҳнинг ибодатига фориғ бўлиб, бутун қалбимиз билан боғланиб, У Зотга хотиржам қалб билан ибодат қилганимизда, ҳам катта ажр-савобларга эришар, ҳам ҳаётдаги кўпгина муаммо ва ишларимизни якунлаб, кўзланган натижага эришган бўлар эдик. Бас шундай экан, дунё ва охират саодатига эришиш учун ибодат чоғида муаммоларимизни бирпас унутиб, қалбимиз билан Аллоҳга ибодат қилайлик, У Зотга хушуъ билан юкинайлик. Шунда солиҳ бандалардан бўламиз. Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этинглар. Зеро, уларнинг ҳар иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказгани каби фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” (Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Термизий ҳадис санадини ҳасан-ғариб, деган). Ушбу ҳадисда ҳаж ва умрани кетма-кет бажариш фақирликни кетказиши ва гуноҳларни ювиб юбориши айтилмоқда. Ҳаж ва умрани кетма-кет адо этиш, агар умра қилган бўлса, унинг ортидан дарров ҳаж қилиш ёки аксинча, агар ҳаж қилган бўлса, ортидан тезда умра қилишдир. Демак, ҳаж ва умра ибодатини кетма-кет адо этиш зоҳирий маънода банданинг бой бўлиши, ботиний маънода қалбининг бой бўлиши ҳамда сағийра ва Аллоҳ хоҳлаган бошқа гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлар экан. Одатда, ҳаж ва умра амаллари йўлга қодир бўлиб, ҳам соғлиқ, ҳам моддий жиҳатдан қудрати етадиган кишиларгагина фарздир. Бу эса, банда бой бўла туриб Аллоҳнинг амрини бажарса, бойлигининг шукрини адо этса, унинг мол-мулки янада кўпайиши, қалби қаноатли бўлиши ва гуноҳларининг тўкилишига сабаб бўлади.
Ҳаромдан сақланиш ниятида никоҳланиш
Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир” (Нур, 32). Яъни, ораларингизда никоҳга қудрати етадиган ҳур эркак ва аёлларни, шунингдек, қул ва чўриларингиз орасидаги солиҳ кишиларни никоҳлаб қўйинглар. Уларга моддий ва маънавий ёрдам беринглар. Камбағаллик ва қўли калталик уларни оила қуришдан асло тўсиб қўймасин. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўяди ва ҳожатларини раво қилади. Аллоҳ хоҳлаган бандасига кенг ризқ берувчи, фазлу карами кенг ва бандаларининг ҳолларидан Хабардор бўлган, улар учун нима манфаатли эканини билувчи Зотдир. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳур ва қул бандаларини никоҳланишга амр қилмоқда ва бунинг эвазига бойлик ваъда қилмоқда”, деб “агар улар камбағал бўлсалар...” оятини тиловат қилган экан (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти). Абу Бакр Сиддиқ ҳам: “Аллоҳнинг амрига итоат этиб никоҳланинглар! Шунда сизларга У Зот ваъда қилган бойлик мукаммал қилиб берилади”, деб туриб мазкур оятни ўқиган экан (Ибн Абу Ҳотим ривояти). Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: “Никоҳланиш билан бойлик талаб қилинглар. Чунки Аллоҳ: “Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади”, демоқда”, деган (Ибн Жарир ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)га ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир(. Булар): Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи, (бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб ва пок юришни ният қилиб никоҳланувчидир” (Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ҳоким: “Ҳадис санади Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган). Ушбу ҳадисда Аллоҳнинг мадад беришига сабаб бўлувчи амаллар ҳақида айтилмоқда. “Ёрдам бериш” деганда “ўша ишларни амалга оширишда кўмаклашиш ва осон қилиш” маънолари назарда тутилади. Демак, Аллоҳ таоло уч тоифа кишиларга ёрдам беришни Ўз зиммасига олган. Мазкур тоифаларнинг биринчиси: “Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилувчи”. Яъни, Аллоҳ учун ҳаракат қилувчи, Аллоҳ розилиги учун шайтон ва нафс билан курашишга жаҳд қилувчи, илм талаб қилишга қаттиқ ҳаракат қилувчи, Ислом ва мусулмонлар душманларига қарши курашиб, уларни мағлуб этишга ҳаракат қилувчи кишилар Аллоҳнинг нусрати ва мададига эришар эканлар. Иккинчи тоифа кишилар: “(Бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб”. “Мукотаб” деб маълум миқдордаги пулни тўлаб, ўз хожаси билан озод бўлиш ҳақида шартнома тузган қулга айтилади. Хўжайини билан мукотаба қилгач, ҳурликка эришиб, яхши ишлар қилишга, ўзи ва дини учун манфаат етказиш учун ҳаракат қилаётган қулга Аллоҳ таоло, албатта ёрдам беради. Аллоҳнинг ёрдамига сазовор бўладиган учинчи тоифа киши бизнинг мавзуга тегишлидир: “Пок юришни ният қилиб никоҳланувчи”. Одатда, янги оила қураётганларнинг иқтисодий ҳолатлари унчалик ҳам яхши бўлавермайди. Шу сабаб аксарият йигит ва қизлар никоҳланишни ортга суриб юраверадилар. Аммо ушбу ҳадисда айтилишича, Аллоҳ Ўзининг розилигини истаб, зино ва фаҳш ишлардан сақланиш мақсадида никоҳланувчи бандаларга ёрдам беришни ваъда қилмоқда. Ушбу ҳадис ва юқоридаги ояти каримани (Нур сурасининг 32-ояти) ўқиб туриб, кишида: “Оила қурадиганларнинг ҳаммасида ҳам иқтисодий ҳолат яхши бўлиб кетавермайди-ку. Никоҳланишдан олдин камбағал бўлиб туриб, умрининг охиригача шу ҳолида ўтиб кетадиган қанчадан-қанча одамлар бор-ку”, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бу саволга биз ўрганаётган ҳадис жавоб беради. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳадиси шарифда “пок юришни ният қилиб” жумласи келтирилмоқда. Демак, кимки ҳаром ишлардан четда юришни ният қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш мақсадида оила қурса, Аллоҳ ана шундай бандаларга, ёрдам беради. Уларни Ўз фазли билан бой ва беҳожат қилиб қўяди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Никоҳланиш билан ризқ талаб қилинглар” (Дайламий ривояти). Ниятни холис қилиб, Аллоҳ розилиги учун никоҳланиш бандага ризқ эшикларини очади. Бундай хонадонга барака ва раҳмат ёғилади.
Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёлларни никоҳлаб олинглар! Зеро улар сизга бойлик билан келадилар” (Дароқутний, Ҳоким, Баззор, Ибн Мардавайҳ ва Дайламий ривояти). Ушбу ривоятда мусулмон умматининг эркакларига: мўмина-муслима аёлларни никоҳлаб олинглар. Улар оилангизга бойлик ва ризқ-насибалари билан келиб, файз-баракага сабаб бўладилар, деб хитоб қилинмоқда. Ибн Ажлондан ривоят қилинишича, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига камбағалликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга қарата: “Сен никоҳлангин”, деганлар (Саълабий ривояти). Никоҳланиш билан банданинг ризқи кенг бўлишига бир неча сабаблар бор. Биринчидан, турмуш қуриб, оила бошлиғига айланган эркак энди ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарайдиган, тирикчилик ва ҳаётий юмушларига жиддий суратда эътибор берадиган, ишларини мукаммал суратда бажарадиган бўлади. Чунки энди у бир ўзини эмас, балки оиласини зарур нарсалар билан таъминлаши, бўйнидаги эркаклик-оталик вазисасини бажариши лозим. Иккинчидан, аёл бирон хонадонга келин бўлиб тушса, у ерга ўз ризқи билан келади. Агар бўлажак аёл солиҳа ва ибодатли бўлса, ўша хонадонга файз-барака ва яхшиликлар олиб келади. Йиллар ўтиб фарзандли бўлганларида, уларнинг ризқи яна ҳам кўпаяди. Бу ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган ҳақиқатдир.
Омонатдорлик
Омонатдорлик деганда ишончлилик, аҳдига вафо қилиш, берган ваъдасининг устидан чиқиш ва тўғрисўзлик каби мақталган фазилатлар назарда тутилади. Аллоҳ таоло айтади: “(Қизларидан) бири: “Эй ота, уни ёллагин. Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончлидир”, деди” (Қасас, 26). Яъни, Мадян юртидаги кекса чолнинг икки қизидан бири отасига: уни (яъни, Мусони) қўйларимизни боқишга ёллагин. Чунки у бундай ишларни қилишга ёлланадиган кишиларнинг энг яхшисидир. У кучли ва омонатдордир, деди. Ушбу қиссанинг баъзи қисмини юқорида келтирган эдик. Мусо алайҳиссалом икки аёлга чорваларини суғориб бергач, дарахт тагига бориб Аллоҳга дуо қилади. Ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша икки қиздан бири келиб, уни отаси чақираётганини айтади. Мусо алайҳиссалом ва кекса чол ўртасида суҳбат бўлиб ўтгач, унинг қизларидан бири отасига юқоридаги таклифни билдиради. Мусо алайҳиссалом қария билан ўн йиллик шартнома тузди. Бу шартнома Мусо учун баракали бўлди. Бу эса, ишонч ва омонатдорлик кишининг ризқи келишига сабабчи эканидан далолатдир.
Бир ривоятда: “Омонатдорлик ризқни жалб қилади, хиёнат эса камбағалликни жалб қилади”, дейилган (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ҳасан санади билан Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган). Омонатдорлик бандага нисбатан кишиларда муҳаббат ва ишонч туйғусини уйғотади. Бундай одам билан ҳар қандай режа ва ишларни амалга ошириш, манфаатли лойиҳаларни биргаликда бажариш мумкин. Шунингдек, омонатдорлик ризқнинг енгил суратда келиши ва ризққа барака киришига сабаб бўлади. Хиёнат эса бунинг акси. Хиёнатчи, алдоқчи кишиларнинг ризқида барака бўлмайди. Бундай кишилар одамларнинг ишончидан қолиб, кўплаб фойда ва манфаатлардан қуруқ қоладилар. Энг асосийси, хиёнаткор банда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатдорлик бойликдир”, деганлар” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган). Демак, ишончли ва омонатдор бўлиш бандага фақат фойда-манфаат, яхшилик, бойлик ва хайр-барака олиб келади.
Толиби илмларга ёрдам кўрсатиш
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бор эди. Уларнинг бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар, бошқаси эса касб-кор қилар эди. Тирикчилик билан шуғулланувчи Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Балки сенга у сабабли ризқинг етиб тургандир!” дедилар” (Термизий ва Ҳоким ривоят қилган. Абу Исо Термизий ҳадиснинг санади ҳасан-саҳиҳ, деган). Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бўлиб, улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, илм олиш билан машғул бўларди. Иккинчиси эса, тирикчилик қиларди. Аммо уларнинг рўзғорлари бир эди. Ака-укалар орасидаги тирикчилик билан машғул бўлгани илм олиб, оилавий юмуш ва рўзғор ишларига ёрдам бермаётгани ёки тирикчилигида ёнига кириб, пул топмаётганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилган эди. Бироқ Расули Акрам унинг шикоятига: “Балки сенга у сабабли ризқинг етиб тургандир!” деб раддия бердилар. Яъни: ўйлашимча, у илм олаётгани сабаб сенинг касб-корингга барака кирмоқда. Бас, шундай экан биродарингга қилаётган яхшиликларингни миннат қилма! Ушбу ҳадис илм йўлида юрганларга –илм толиби, мударрис ва шу соҳада хизмат қилувчи жонкуяр ва фидойи кишиларга ёрдам кўрсатиш ризқнинг янада кўпайишига сабаб бўлишига далолат қилади. Чунки қилинаётган яхшиликка илм учун хизмат қилаётганлар ҳам индамай қараб турмайдилар. Балки дуо қилиб, ўзларига яхшилик қилаётган кишиларнинг мол-дунёлари янада кўпайишини сўраб Аллоҳга илтижо қиладилар. Холис ният билан илм талаб қилаётганларнинг дуоси Аллоҳ даргоҳида, шубҳасиз қабул бўлади.
Заиф ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиш
Мусъаб ибн Саъд ривоят қилади: “Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Бу ерда “Саъд” деб тилга олинаётган киши Мусъаб ибн Саъднинг отаси Саъд ибн Абу Ваққос (Молик) ибн Вуҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳро ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб Абу Исҳоқ ал-Қуроший аз-Зуҳрий розийаллоҳу анҳудир. У машҳур саҳоба, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари чоғида жаннатий экани хабар қилинган ўн кишидан биридир. Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк имон келтирган зотлардан ҳисобланади. У барча ғазотлардан қатнашган. Мазкур саҳобий жуда жасур ва паҳлавон мусулмонлардан эди. Айниқса, камон отишда жуда моҳир бўлган. Унинг уста камончи экани кўплаб жангларда мўминларга қўл келган. Ривоятда айтилишича, Саъд ибн Абу Ваққос шижоатли ва кучли бўлгани сабаб ўзини бошқалардан устун деб билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бундай фикридан хабар топиб, таълим ва одоб бериш мақсадида: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар. Бу ерда “заиф” деганда мусулмонлар орасидаги заиф тоифалар – болалар, қариялар, аёллар, беморлар, ногиронлар, моддий жиҳатдан қийналган бечораҳол кишилар, мискинлар ва шу кабилар назарда тутилмоқда. Яъни: эй Саъд, ўзингни бошқалардан устунман, деб ўйлама! Сен ва бошқа кучли жангчилар иштирок этган ғазотлардаги ғалабаларга фақат сизлар сабабчи бўлганингиз йўқ. Балки мана шу заиф тоифа вакилларининг дуолари ва ихлос билан қилган ибодатлари сабаб Аллоҳ сизларга душманларингиз устидан нусрат беради ва ризқингизни етказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан Саъдга камтар бўлиш ва ўзини катта олмаслик лозимлигини таълим бермоқдалар. Ибн Баттол айтади: “Заифлар дуода ихлосли, қалблари дунё ҳою ҳаваслари ва зийнатларидан узоқ бўлгани учун ибодатда хушуъли бўладилар. Шу сабаб Аллоҳ уларнинг дуою ибодатлари сабабидан мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти. Шайх Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ, деган). Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда: “Албатта Аллоҳ бу умматга заифларининг дуолари, намозлари ва ихлослари сабабли нусрат беради”, дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичидаги мискин, бева-бечора ва камбағалларга яхшилик қилиш, уларни қаровсиз қолдирмасликни тайинлардилар. Бунда у зотнинг ўзлари бошқаларга чиройли ўрнак бўлар эдилар. Ушбу ҳадисда ҳам меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини заиф кишиларга яхшилик қилишга тарғиб қилмоқдалар: “Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар!” Яъни, розилигимни топиш ва муҳаббатимга сазовор бўлиш учун менинг амримга бўйсуниб, мусулмон уммати ичидаги заиф ва камбағал кишиларга ёрдам беринглар. Зеро, сизлар қўлга киритаётган ғалаба ва ўлжалар, касб қилиб топаётган бойлик ва мол-дунёларингиз уларнинг дуолари шарофати билан қўлга киритилмоқда. Мол-давлатларингизда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шундай экан, ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққи ва улушини беринглар. Заифларга яхшилик қилиш менинг йўлим ва сизларга қилган насиҳатимдир.
Саъд ибн Молик ривоят қилади: “Мен: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқаларнинг улуши бир хил бўладими?” дедим. Шунда у зот: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасизлар ва ғалабага эришасизлар”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). Ҳадисда номи зикр қилинаётган Саъд ибн Молик юқорида маълумот бериб ўтилган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу саналади. Саъд отасининг куняси Абу Ваққос, асл исми Моликдир. Айтиб ўтганимиздек, Саъд ибн Абу Ваққос мард ва жасур кишилардан эди. Ғазотларда ўлжа тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар ўртасида тенг ва адолатли тақсим қилар эдилар. Заиф ва кучсиз, курашда унча фаол иштирок этмаган кишилар ҳам ўлжадан бенасиб қолмасдилар. Шу нарсани мулоҳаза қилиб, Саъд ибн Молик: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқаларнинг улуши бир хил бўладими?” деди. Яъни, агар бир киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса ёки жангда асосий оғирликни зиммасига олиб, ғалаба қозонишда муҳим ўрин тутса, унинг ҳам, урушда қатнашмаган ёки қисман қатнашганларнинг ҳам оладиган ўлжаси бир хил бўладими? Жасур ва мард кишиларга ўлжадан кўпроқ ажратилса бўлмайдими? Унинг бу саволини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таажжуб билан: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасизлар ва ғалабага эришасизлар”, дедилар. Яъни, эҳ сени қара! Ахир бу умматга Аллоҳ таоло заифларининг дуолари, ибодатлари сабабли ғалаба беради ва сизлар, эй Саъд, заифларингиз туфайли ризқланасизлар! Шофеъийлар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Истисқо (Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш ва намоз ўқиш)да кексалар ва ёш болаларнинг бўлиши мандубдир”, деганлар. Кўриб ўтганимиздек, юқорида келтирилган ҳадисларнинг асосий матни бир хил. Аммо уларнинг айтилишига турли ҳолатлар сабабчи бўлган. Бундан келиб чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ўзаро ёрдам бериш, заифларни қўллаб-қувватлаш ва уларни қаровсиз қолдирмасликка домий тарзда даъват қилиб келганлар. Ушбу ҳадис бошқа тузумларда мавжуд бўлган “Ишлаган тишлайди, ишламаган тишламайди” деган мантиқсиз гапнинг Ислом учун умуман бегона эканига далолат қилади. Ислом бошқа дин ва жамиятлардан фарқли ўлароқ заиф ва камбағал кишиларни қаромсиз қолдириб қўймайди. Балки уларга яхшилик қилишга тарғиб қилади. Бу эса ўша жамиятнинг тинч-тотув бўлиши ва гуллаб-яшнаши, яхшилик қилган бандаларнинг эса Аллоҳ даргоҳида мартабалари юксалишига сабаб бўлади.
“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”ни кўп айтиш
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашгач, икки ўғлини чақириб деди: “Мен иккингизга васият қилмоқчиман. Мен сизларни икки нарсага буюраман ва икки нарсадан қайтарман. Сизларни ширк ва кибрдан қайтараман ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ”га буюраман. Зеро осмонлар, Ер ва ундаги бор нарсалар тарозининг бир палласига ҳамда “лаа илаҳа иллаллоҳ” бошқа бир паллага қўйилса, албатта у оғир келади. Агар осмонлар ва Ер бир ҳалқа бўлиб, унга “лаа илаҳа иллаллоҳ” қўйилса, уни узиб юборади. Мен сизларни “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”(ни кўп айтиш)га буюраман. Зеро, у барча нарсанинг “салот”идир ва у билан барча нарса ризқлантирилади” (Имом Аҳмад ривояти. Имом Аҳмад томонидан қилинган бошқа ривоятда: “У билан (Аллоҳнинг) махлуқотлари ризқлантирилади”, дейилган). Ушбу ривоятда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўлими олдидан ўғилларига қилган насиҳати келтирилмоқда. Унда айтилишича, Нуҳ алайҳиссалом ўғилларини икки нарса – ширк ва кибрдан қайтариб, икки нарса – “лаа илаҳа иллаллоҳ” ва “субҳаналлоҳ” калималарини кўп айтишга буюрган. Ҳадисда ушбу икки зикрнинг нечоғли фазилатли экани айтилмоқда. Жумладан, “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” калимаси инсон боласидан ташқари барча махлуқотлар зикри экани, унинг сабабидан махлуқотлар ризқлантирилиши таъкидланмоқда. Демак, банда юрганда, турганда, бирон иш билан машғул бўлганда ҳам ушбу зикрни доимо такрорлаб юрса, унинг ризқи келиши осонлашар ва барака ёғилар экан. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Нуҳ алайҳиссаломнинг вафоти яқинлашганида икки ўғлига насиҳат қилиб, уларни ширк ва кибрдан қайтаргани. 2. Ширк ва кибр жамики гуноҳ ва ёмонликларнинг боши экани. 3. Нуҳ алайҳиссалом икки ўғлига “лаа илаҳа илаллоҳ” ва “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” калималарини кўп айтишни амр қилгани. 4. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасининг савоби Ер, осмон ҳамда улардаги бор нарсалардан ҳам оғир экани. 5. “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ” калимаси барча нарсанинг зикри экани. Бу билан барча махлуқотлар ризқланиши.
Истиғфор айтишни кўпайтириш
Қуръони каримнинг бир нечта оятлари ва ҳадиси шарифларда истиғфор айтиш Аллоҳ таолонинг фазли билан ризқнинг кенгайишига сабаб экани айтилган. Қуръони каримда Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига қарата шундай хитоб қилгани келтирилади: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба қилингиз. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшади” (Ҳуд, 52). Яъни: эй қавмим, Раббингиз Аллоҳга ширк амаллар ва қилган гуноҳларингиздан истиғфор айтинглар. У Зотга ихлос билан тавба қилинглар. Шунда Аллоҳ сизларнинг ризқингизни кенг, ишларингизни осон ва хотирингизни жам қилади. Истиғфорда бардавом бўлиш устларингизга раҳмат ёмғирининг тинимсиз суратда ёғилишига сабаб бўлади. Шу сабабдан куч-қувватларингизга янада куч-қувват қўшилади ва бойликларингиз зиёда бўлади. Заҳҳок айтади: “Од қавмида уч йил кетма-кет қурғоқчилик бўлгач, Ҳуд алайҳиссалом уларга: “Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба қилингиз. Шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшади”, деди” (Ибн Асокир ривояти). Мужоҳид “қувватларингизга қувват қўшади” оятини “фарзандларингизни янада кўпайтиради” деб тафсир қилган (Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Абу Шайба ривояти). Бундан келиб чиқадики, кўп истиғфор айтиш ризқ келишининг осонлашиши, мушкилот ва муаммоларнинг ҳал бўлиши ва бараканинг тушишига сабаб бўлар экан. Қуръони каримнинг бошқа сурасида Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай дейилади: “Ва мен: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта Мағфиратли бўлган Зотдир. (Шунда) У Зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдиради ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад беради ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилади ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилади”, дедим” (Нуҳ, 10-12). Яъни, Нуҳ алайҳиссалом қавмига деди: эй қавмим, сизлар Раббингиз Аллоҳга гуноҳларингиз учун истиғфор айтинглар ва ихлос билан У Зотга тавба қилинглар. Шунда Аллоҳ устларингизга баракали ёмғир ёғдиради. Бойлик ва фарзандларингизни кўпайтиради. Турли хил мевалар берувчи боғу бўстонларни, ўсимлик ва дарахтларнинг ўсиб-унишига сабаб бўлиши учун оқар дарёларни пайдо қилади. Бу эса, яхшилик, файз ва бараканинг кўпайишига омил бўлади. Ибн Касир тафсирида айтади: “Яъни, агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий тавба қилсангиз, истиғфор айтсангиз ва У Зотга итоат этсангиз, ризқингиз кўпаяди. Аллоҳ осмоннинг баракасидан устингизга ёмғир ёғдиради. Ернинг баракасидан ўсимликлар ва турли набототларни ундириб чиқаради. Сизларга кўп фарзанд ва бойликлар ато қилади. Шунингдек, Аллоҳ сизларга турли мевалари бор ва ўртасидан дарёлар оқиб турувчи гўзал боғлар ато қилади”. Қавм дунё ҳаётига берилган бўлиб, мол-дунё ва фарзандларни жуда яхши кўрар эди. Шу сабаб Нуҳ алайҳиссалом уларни мана шу йўл билан имонга ва Аллоҳга итоат этишга чақирмоқда. Айтилишича, узоқ йиллар давомида қилинган даъватларни қабул этмай, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғонга чиқаришгач, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмига қурғоқчилик юбориб, аёлларини туғмас қилиб қўяди. Шундан сўнг, агар имон келтирсалар, Аллоҳ уларга яна фаровонлик ато қилиб, бошларидаги оғир кунларни кетказиши маълум қилинади. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдига бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга: “Истиғфор айтгин!” деб маслаҳат берди. Бошқа одам келиб камбағаллик, яна бошқаси фарзандларининг камлиги, тўртинчиси эса, ерининг унумдорлиги паст эканидан шикоят қилиб келганида, Ҳасан Басрий уларнинг барчаларини кўп истиғфор айтишга амр қилди. Шунда Робийъ ибн Субайҳ: “Сизнинг олдингизга турли тоифадаги одамлар келиб, ҳар хил масалада шикоят қилишган бўлсалар-да, уларнинг ҳаммасини истиғфор айтишга буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?” деб сўради. Унинг саволига жавоб сифатида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни ўқиб берган экан (“Тафсийрул қуртубий”, “Тафсийрун насафий”, “Тафсийрул кашшоф”). “Тафсийрун Насафий” китобида: “Истиғфор Аллоҳнинг мағфират қилишини сўрашдир. Агар истиғфор айтувчи кофир бўлса, куфрдан истиғфор айтади. Агар истиғфор айтувчи осий мўмин бўлса, гуноҳларидан истиғфор айтади”, дейилган. Имом Қуртубий: “Ушбу ва Ҳуд сурасидаги оятлар истиғфор ризқ келиши ва кўп ёмғир ёғишига сабаб эканига далолат қилади”, деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимки истиғфор (айтиш)ни кўпайтирса, Аллоҳ у (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвиш ва тангликдан чиқиш йўли (пайдо) қилиб, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, имом Аҳмад, имом Табароний, Насоий “Сунанул кубро”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Бошқа ривоятда: “Ким ўзига (кўп) истиғфор (айтиш)ни лозим тутса...” дейилган ). Ҳадисда айтилишича, қайси бир банда ихлос билан кўп истиғфор айтса, Аллоҳ таоло уни ғам-ташвиш ва муаммолардан чиқаради. Юмушларини осон қилиб, у бандани ўзи кутмаган, хаёлига келтирмаган томонидан ҳалол йўл билан ризқлантиради. Мўмин банда сабабсиз бирор муаммо ва қийинчиликка дуч келмайди. Бунинг асосан иккита сабаби бор. Биринчиси, Аллоҳ қайси бир бандани яхши кўрса, уни мусибат билан синайди. Бу синовдан чиройли сабр билан чиқиб кетган банданинг гуноҳлари кечирилади, имони зиёда бўлади, қалби покланади ва Аллоҳ наздидаги даражаси кўтарилади. Мўмин кишининг мусибатга учрашининг иккинчи сабаби эса, гуноҳ-маъсиятдир. Маъсиятга қўл урган мўминнинг гуноҳи кечирилиши учун Аллоҳ унга раҳм қилади. Мана шу дунёнинг ўзида жазосини олиб, покланиши учун унга дард, машаққат ва ғам-ташвиш бериб синайди. Иккала ҳолатда ҳам мўмин банда чиройли сабр қилиши, кўп бора Аллоҳ таолога истиғфор айтиши, У зотдан гуноҳларини авф этишини сўраши лозим. Шунда банда машаққатлардан фориғ бўлиб, ажр-савобга эришади ва ўзи ўйламаган тарафдан келадиган ризққа сазовор бўлади. Юқоридаги ояти карималарнинг бирида (Талоқ сурасининг 2-3оятлари) Аллоҳ таолога тақво қилган бандалар ўзлари ўйламаган тарафларидан ризқланишлари айтилган бўлса, ушбу ҳадисда Аллоҳга ихлос билан истиғфор айтган бандаларнинг ризқлари кутилмаган жойдан етказилиши маълум қилинмоқда. Бу эса чин қалбдан Аллоҳга истиғфор айтиш тақводорликнинг бир кўриниши эканини англатади.
Жаъфар айтади: Менга отам бобомдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин! Кимнинг ризқи кечикса, бас, Аллоҳга истиғфор айтсин! Кимнинг бошига бирон кулфат тушса, бас: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” десин!” (Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган). Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларни дунё ҳаётига оид уч муҳим нарсалардан хабардор қилмоқдалар. Банда бирон неъматга эришганда, ризқининг келиши кечикканда ва бирон мусибатга учраганда қандай йўл тутиш лозимлигини таълим бермоқдалар. “Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин!” Қайси бир банда Аллоҳнинг неъматини қўлга киритса, неъматни бергани учун Аллоҳга ҳамду сано айтсин. Шунда у неъматнинг ҳаққини адо қилган, куфрони неъматдан сақланган ва ўша неъматнинг кўпайиши ва давомли бўлишини таъминлайдиган ишни қилган бўлади. Суҳайб ибн Синон розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мўминнинг иши қизиқ. Унинг ҳар бир иши хайрлидир. Бу нарса фақат мўминга хосдир. Агар унга хурсандчилик етса, бунга шукр қилади. Бу унинг учун яхшидир. Агар унга бирон мусибат етса, унга сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхшидир” (Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳадисда мўминларни Аллоҳга доимий суратда ҳамд айтиб юришга ажойиб суратда тарғиб қилинмоқда: “Кимга Аллоҳ бир неъмат берса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин!” Бир ўйлаб кўрайлик, қайси бир банда Аллоҳнинг неъматига сазовор бўлмаган?! Қайси бир банда ҳар куни, ҳар соатда, ҳар бир дақиқа ва сониядан Аллоҳнинг неъматларидан фойдаланмайди?! Биз неъмат деганда, кўпроқ кўп миқдорда моддий бойлик, юқори мансаб ёки шу каби катта нарсаларни тушунадиган бўлиб қолганмиз. Аслида ушбу ҳаётга келишимиз, имонга мушарраф бўлишимиз, ер, сув, ҳаво, баданимиз ва аъзоларимиз соғломлиги – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳнинг неъматлари саналади. Ким буларни инкор қила олади?! Демак, биз мўминлар берган неъматлари учун доимо Аллоҳ таолога ҳамд айтишимиз ва ўша неъматларни У Зот рози бўладиган тарзда ишлатишимиз лозим. “Кимнинг ризқи кечикса, бас, Аллоҳга истиғфор айтсин!” Қайси бир банданинг ризқида танглик пайдо бўлса, ризқининг келиши маълум сабабларга кўра кечикса, у банда Аллоҳ таолога ихлос билан кўп истиғфор айтсин. Шунда Аллоҳ уни машаққатлардан чиқариб, ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантиради. “Кимнинг бошига бирон кулфат тушса, бас: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” десин!” Қайси бир банда мусибатга учраса, иши оғирлашса, машаққатлар гирдобига тушиб қолса, “лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” калимасини кўп айтсин. Шунда Аллоҳ унга енгиллик беради. Мазкур калима “Аллоҳдан ўзгада куч ва қувват йўқдир” маъносини англатади. Ушбу ҳадисга мувофиқ ушбу калиманинг маъносини қуйидагича ифодалаш мумкин: “Эй Аллоҳим, Сендан ўзга куч ва қувват эгаси йўқдир. Сен барча нарсага Қодирсан. Менинг бошимга тушган ғам-андуҳлар ва муаммоларни кетказиш, уларни даф қилишга ҳам Қодирсан. Эй Аллоҳим, мени қийинчиликлардан қутқар, нажот бер. Мен фақат Ўзингдангина мадад сўрайман!” Ушбу калималар банданинг мусибатлари енгиллашишига сабаб эканини ҳаётий воқеа мисолида кўриб ўтамиз. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Авф ибн Молик ал-Ашжаъий келиб: “Эй Расулуллоҳ, душманлар ўғлимни асир олишди. Онаси эса ўзини қўярга жой тополмаяпти!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен ва хотинингга “лаа ҳавла ва ла
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев