Турмуш ўртоғим доим ўзим ҳақимда қайғуриб, доим покиза юришимни ёқтирардилар. Саволим тирноқ ҳақида эди, мен тирноқларимни парваришлаб юраман, яъни тозалаб, пилкалаб, тирноқларимни маълум фасонга солиб юраман. Маълумки, тирноқ бирор фасонга туширилганда қўлларга янада нозиклик киради. Биламизки, динимиз тирноқ ўстиришга қарши. Шуни билган ва қўл парваришимни давом эттирган ҳолда тирноқларим узунлигини теримдан ўтказмаган ҳолда, 20-25 миллиметрча ўстириб юришим нотўғри эмасми? ЖАВОБ: Ҳақиқатан, Ислом дини тирноқни ўстириб юришни маъқулламайди. Исломий тозаликка кўра мусулмон киши тирноқларини ҳар ҳафтада олиб юриши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарса соф исломий фитратдандир: мўйлабни қирқиш; тирноқларни олиш; қовуқни қириш; қўлтиқни юлиш; мисвок», дедилар».
Ҳақиқий инсоний одоб-ахлоқ доирасига кирувчи бу бешта нарсанинг ғоятда муҳимлиги бугунги кунда диндан мутлақо хабари бўлмаган кишилар томонидан ҳам тасдиқланмоқда. Фитратдан бўлган бу бешта нарса ҳақида кўплаб ҳадислар келган.
1. «Мўйлабни қирқиш». Яъни, мўйлабнинг лабнинг устига ўсиб тушган қисмини қирқиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўйлабнинг туклари тушмаслиги керак. Шунингдек, бошқа тарафларга қараб ўсган, таритбсиз бўлиб кетадиган туклари ҳам қирқилиб турилади.
2. «Тирноқларни олиш». Бу ҳам инсоннинг соф табиати талаб қиладиган нарса. Тирноқни вақти-вақти ила қисқартириб турмаса бўлмайди. Тирноқ ўсганда, тагига кир тўпланади. Бу нарса турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, тирноқни ўстириб юришнинг бошқа зарарлари ҳам бор. Фақатгина табиати бузуқ маданият: «Тирноқни ўстириб юриш маданиятдандир» демаса, бошқа биров бу номаъқулчиликни айтмайди. Олинган тирноқ ва сочларни кўмиб юбориш тавсия қилинади. Бирор овлоқроқ жойга ташланса ҳам бўлади. Лекин тоҳаратхона ёки ғусл қилинадиган жойга ташлаб бўлмайди.
3. «Қовуқни қириш». Бунда инсоннинг олд ва орқа жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилган. Бунда ҳам ўша ҳаром юнгларни қириш шарт эмас, балки, ҳар қандай қулай услуб билан кетказилса, бўлаверади. Мазкур жойларни озода тутиш ҳар бир эркагу аёлнинг соғлиғи, ҳаёти учун нақадар муҳим эканлигидан, дийнимизда бу масалага алоҳида эътибор берилган.
4. «Қўлтиқни юлиш». Қўлтиқ остида юнг ўсиши ҳар бир одам боласида бор нарса. Шу билан бирга, қўлтиқ энг кўп терлайдиган ва энг кўп кирлайдиган жой. Шунинг учун, шахсий озодалик масаласида бу жойга алоҳида эътибор берилади. Мусулмон одам қўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу, шариатнинг амри. Бир эмас, барча Анбиё ва Расулларнинг суннати. Аллоҳ таоло яратган асли хилқатнинг суннати. Аллоҳ таоло юборган самовий дийнларнинг суннати. Қўлтиқни тозалаш фақат унинг юнгини юлиш билан эмас, балки ўша юнгни қириш ёки бирор юнг туширадиган модда ила тушириш ҳам жоиз.
5. «Мисвок», яъни, тишни ва оғизни тозалаб юриш. Бизда «мисвок қилиш» деб ишлатиладиган истилоҳ тишни ишқалаб ювиш маъносидир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи эса, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар тоҳаратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан, бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади.
Ғарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал мусулмонларнинг тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди. Уламоларимиз: таҳорат қилган одамнинг мисвок қилиши суннати муаккада, дейишган. Баъзилари “бу иш мустаҳаб”, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам, уни қилишга ундаганлар. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотларидан олдин ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.
Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинади. Уламолар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг, ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлиқ учун фойдалироқ экан, деган хулосага келинди. Ҳозир баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.
Бу борада келган бошқа ҳадиси шарифларда юқорида зикр қилинган ишлардан бошқа ҳам фитрат суннатлари борлиги айтилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қайчилаш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни қисқартиш, баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш, қўлтиқни юлиш, қовуқни қириш, сув ила истинжо қилиш, Мисъаб: «Ўнинчисини унутдим, менимча, оғизни сув билан тозалаш бўлса керак» деди» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифда ҳозирги ғарб маданияти Исломдан ўн беш аср кеч қолиб тарғиб қилаётган «шахсий тозалик ишлари» ҳақида сўз кетмоқда. Ислом бундай ишларни «Фитрат суннатлари» – Аллоҳ таоло инсонни яратгандаги соф табиат ва Аллоҳ таоло инсонларга юборган соф динлар суннати, деб номлаган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев