Германиянинг Берлин шаҳрида ЕЧЛ 2014/2015 йилги мавсумни финал ўйини "Ювентус" - "Барселона" учрашуви бўлиб ўтади.
Берлиндаги "Олимпиаштадион"да бугун 2015 йилнинг энг муҳим ва марказий баҳси ЕЧЛ финал учрашуви - "Ювентус" ҳамда "Барселона" жамоалари ўртасида кечади. Бу жамоалар ушбу мавсумда ҳар томонлама бошқалардан юқорироқ даража ва савияда ўйнашди ва ҳақли равишда финалга қадар етиб келишди. Европа чемпионлар лигасидан ташқари улар ўзларининг ички чемпионатларидан ҳам бошқа жамоаларни ортда қолдиришга эришишди. "Ювентус" Италия чемпионлиги ва Италия Кубоги соҳибига айланган бўлса, "Барселона" Испания чемпионати ва Испания Кубогида муваффақит қозонди. Айни пайтда улар Европада энг кучли иккита жамоадан бири бўлиб туришибди. Бугунги беллашув ҳозирда энг кучли жамоа қайси эканлигига расман жавоб беради.
Кўпчилик финалда "Барселона"нинг имкониятини жуда юқори баҳоламоқда. Уларнинг сўзсиз фаворит сифатида таъкидлашмоқда. Бунинг учун сабаблар етарлича топилади. Бунга туринлик футболчилар ҳам қарши эмаслар. "Ювентус" расмийлари ҳам бу фикрга қарши деярли ҳеч бир чиқиш қилишмади. Улар қоғозда фаворит бўлмасликка рози эканларини пайқаш қийин иш эмас.
Ярим финалга ташланган қуръадан сўнг бўлган ҳолатда ҳам "Ювентус"ни четга чиқариб қўйишганида ҳам "ғинг" этмаган туринликлар, мусобақа сўнггига қадар иккинчи рақамли жамоа бўлиб туришни ўзларига эп билишмоқда шекилли.
Лекин Массимилиано Аллегри жамоасининг кўрсатаётган ўйинлари ва қайд этаётган натижалари уларга нисбатан ҳурматни сақлашга мажбур этади.
Италия чемпионати фонида уларга пастроқ назар билан қараш ярамаслигини "Реал"га қарши кечган ўйин кўрсатиб берди. Умамн "Ювентус" Европа чемпионлар лигасининг плей-офф ўйинларини жуда кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Улар бу босқичда ҳозирга қадар бирор марта мағлуб бўлишмади. Туринликлар ҳозирга қадар қўлга киритиши мумкин бўлган барча мусобақаларда бош совринни ўзларини қилиб олишмоқда. Бугун улар учун яна бир имтиҳон Берлинда бўлади.
"Барселона" жамоаси ҳозирги кунда энг ёрқин ўйин кўрсатаётган жамоа саналади. Таркибида Месси-Неймар-Суарес каби "учлик"ка эга юқори даражадаги футболчилари бор жамоа исталган рақиб учун бош оғриқ ҳисобланади. "Барселона" мавсумнинг иккинчи қисмини шунчаки фантастик тарзда ўтказмоқда. Аввалига Испания примеросида чемпионликни расмийлаштирган каталонияликлар, кейинчалик ЕЧЛ ярим финалида "Бавария"ни таслим этиб финалга йўл олишди. Финалга қадар эса ўз совринлари сонини яна биттага ошириб олишга муваффақ бўлишди. Испания Кубоги финалида "Атлетик"ни мағлуб этиб Испания Кубоги соҳибига айланишди. Луис Энрике жамоаси мавсумнинг биринчи қисмида қанчалик кўп танқид қилинган бўлса, иккинчи қисмида аксинча фақат мақтовлар қуршовида қолиб кетмоқда. Улар кўрсатаётган ўйин бу мақтовларга тўлиқ лойиқ. Яна битта ғалаба ва "требл" расмийлаштирилиши мумкин. Бу идеал мавсум дегани.
Энг асосийси бу жамоалар финалга ўйнашга ҳақли ва лойиқ эканликларини мавсум давомида исботлашди. Финалда муносиблар ўйнамоқда. Яна бир қизиқ томони шундаки, ютган жамоа "требл"ни (Олтин-хет-трик) қайд этади.
"Ювентус" ва "Барселона" бош мураббийлари Массимилиано Аллегри ва Луис Энрике учун бу мавсум янги жамоалари рулидаги илк дебют ҳисобланади. Нима бўлган тақдирда ҳам бу иккала мутахассис дебютни ёмон ўтказишмади. Шунчаки бугунги ўйиндан кейин кимдир идеал, иккинчиси эса ундан бирозгина пастроқ даражада мавсумни якунлаган бўлади.
Йилнинг энг муҳим ўйини нафақат энг кучли жамоани, балки ушбу йилнинг энг кучли мураббийм номини ҳам аниқлаб беради десак муболаға бўлмайди.
Финалда имкониятлар тенг. Кимнинг шунчаки омади чопсагина эмас, қайси жамоа чинакамига кучлироқ эканлигини исботлай олса ўша клуб Европада тенгсиз бўлади.
Бизни чиройли ва унутилмас финал кутаётганига шубҳа йўқ.
Қолгани яна бир неча соатлардан кейин Берлиндаги "Олимпиаштадион"да ўтказиладиган финалдан сўнг маълум бўлади.
ЕЧЛ-2014/2015 мавсуми.
Финал.
"Ювентус" (Италия) - "Барселона" (Испания)
Берлин, "Олимпиаштадион" стадиони.
Бош ҳакам: Жунейт Чақир (Туркия)
Бошланиш вақти: 23:45 ("НТВ", "НТВ ПЛЮС Футбол")
Тахминий таркиблар:
"Ювентус"- Буффон, Барцальи, Бонуччи, Лихтштайнер, Эвра, Погба, Пирло, Маркизио, Видаль, Тевес, Мората.
"Барселона"- тер Штеген, Алвеш, Пике, Маскерано, Альба, Иньеста, Бускетс, Ракитич, Месси, Неймар, Суарес.
-Ушбу жамоалар еврокубокларда жами 8 маротаба ўзаро дуч келишган. Шуларнинг тўрттасида "Ювентус"нинг қўли баланд келган бўлса, "Барселона" икки бор ғалаба қозонган ва яна иккита ўйинда дуранг қайд этилган.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев