"Beeline"дан реклама-хабар келибди:
"Юлдузлар керакли маслаҳат беришади! ..."
Энди маслаҳат беришингиз қолганди! Кимдан маслаҳат олсак деб юргандик!
Қизиқ, қайси бири маслаҳат бераркан? Кийиниш одобини билмаганими? Ёки муомала одобини билмаганими? Ўзбек тилида гапира олмайдиганими? Балки қизларимиз овқат қилишни ҳам билмайдиган, саҳарга яқин уйга келиб, пешингача ухлайдиган аёл-юлдуздан маслаҳат олишар? Ичмаслик, чекмаслик ҳақида тўйларда ичиб олиб, шармандаси чиқадиганларидан балки яхши маслаҳат чиқар, нима деб ўйлайсиз?
Уларнинг бизга берган қимматли, 0.10$ лик маслаҳатлари билан балки дунёни забт этармиз? Ишлаб чиқаришни ривожлантирармиз? Илм-фанда янги ютуқларга эришармиз? Энг маданиятли халқ бўлармиз балки? Ҳокимларимиз ҳал қила олмаётган муаммоларни ҳал қилишда фойдаси тегиб қолар ўша қимматли маслаҳатларнинг? Олимларимиз бош қотираётган масалаларни ечишда ёрдами тегиб қолар? Ёшларимизнинг бахтли бўлишларида керакдир балки ўша маслаҳатлар?
Ижодни деб эрини ташлаб, боласининг бахтига зомин бўлган, унга вақт ажрата олмайдиган юлдузларимиз эрига итоат қилиш ҳақида маслаҳатлар олармиз балки? Турмуши бир-икки ой давом этадиган ёш юлдузларимиз узоқ, ширин, мазмунли, бахтли оилавий ҳаётга қандай эришиш мумкинлиги ҳақида биз муҳтож бўлган маслаҳатларни беришар? Қадриятларимизга, урф-одатларимизга зид бўлмаган кийимларни кийиш ҳақида кийими йўқ бечора юлдузлардан маслаҳат олишимиз керакдир, балки? Таниш-нотаниш бўлган бошқа жинс вакиллари билан ошиқ-мошиқ бўлиш, уларга ноз-карашма қилиш, қизларга гап отиш, йўлини тўсиш каби бизга асрлар давомида зид бўлиб келган одобсизликларгатарғибот қилаётган юлдузларимиз бизга ибо, ҳаё, одоб ҳақида маслаҳат беришларига нақадар муҳтожмиз-а?
Қиммат уловда келадиган келишган, бадавлат, данғиллама ҳовлига эга бўлган шаҳзодани кутишни зийнатлаб кўрсатаётган юлдузларимиз совчи кутаётган ёш қизларимизга ўз маслаҳатларини киноларда бераётганлари камлик қилаётган эди, энди телефон орқали ёрдам берсангиз, илтимос! Чиройли, гўзал, ҳурлиқо юлдуз хонимларимиз, келишган, басавлат, бенуқсон юлдуз йигитларимиз томонидан оддий, ҳуснда ҳам ўртача бўлганларимизгаҳам ўз жуфтини қандай топиш кераклигини ҳақида "эксклюзив" маслаҳатлар айни муддао бўларди. Ҳа, айтганча, ўз жуфтини топгандан кейин ҳамма муаммо ҳал бўладими? Шу билан умрининг охиригача ширин ҳаёт давом этаверадими?
Бизда саволлар кўп, сизда маслаҳатлар. Биз ерда яшаймиз, сиз эса осмондаги юлдуз. Сиздаги муҳит бошқа, биздагиси бошқа. Афсус, сиз берган маслаҳатлар фақат осмон учун, биз ердагиларга тўғри келмайди. Шунинг учун кўп ҳам овора бўлмай қўя қолинг, маслаҳатчи "юлдузлар"!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев