Ҳар куни битта йўл,
Бир хил ҳаракат.
Автобус кутгандан яёв юрган соз.
Ҳар куни мингта ўй, жонинг минг ҳалак,
Ҳаётинг ўтмоқда чиқармай овоз.
Қадамлар сасидан қувнайсан баъзан,
Шукрким ҳеч кимга бўлмагансан юк.
Сокинлик ўзгача таратар оҳанг,
Ёлғизлик Худога айлаган суюк.
Ҳар куни кимгадир ёрдаминг тегар,
Дуолар бағишлар дилингга сурур.
Мусофир юртда ҳам омадинг берар,
Руҳингни кўтарар шижоат, ғурур.
Аслини йўқотар нозик қўлларинг,
Кунларинг улғайиб борар меҳнатдан.
Тиканли бўлса ҳам майли йўлларинг,
Яратган асрасин фақат миннатдан.
Ҳалолдан топилган насиба--роҳат,
Оппоқ орзуларда сузар туйғулар.
Юракда бор экан сабр-қаноат.
Бир куни тарк этар майда қайғулар.
Телефон жаранги,азиз овозлар--
Умид ниҳолига тушиб турган нур.
Ҳислар маржонидан яшнар қоғозлар,
Ювилган ойнадек кўнгил ҳам биллур.
Ҳар куни битта ғам--соғинч, ортидан,
Ўн қувонч яшайди хаёлда беун.
Юксалиб яшайсан, қуёш юртида,
Жонингдай азизлар кутгани учун.
Ҳар куни битта йўл, бир хил ҳаракат,
Шукрким ҳеч кимга бўлмагансан юк...(с)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1