Ёзсам тугамаса сўзларим буткул,
Сарғайса япроқлар, тўкмаса кузлар.
Узсам такрор униб чиқаверса гул,
Суғурсам – даф бўлса кўксимдан ҳислар!
Севмаса олмаса тутишганда гул,
Кўнгил хушлаш учун сузмаса кўзлар.
Севмаса умидлар бермаса, буткул,
Севмаса севдим деб айтмаса қизлар.
Адашган бўлсайдим мен ҳам сен каби –
Тушунсам: ишқ эмас, бўлсайди ҳавас.
Ўтсанг, титрамаса дирдираб лабим,
Ўтсам, эзилмасам аламдан бесас.
Кулсам, суҳбат қурсам – дўстим, қардошим,
Яшасам беркинмай кўздан кунлари.
Оғриқлардан қизиб кетмаса бошим,
Ухласам, тинчгина ётсам тунлари.
Ётсам, ётаверсам, ётсам ўликдай,
Турсам атроф бўлса бир гала бежон.
Тирик тан изласам қайс бўлгуликдай,
Топсам – қолган бўлсанг фақат сен омон.
Борсам, тилим ютсам, беун тикилсам,
Изиллаб йиғласанг сен ҳам бесадо.
Секин елкамга бош қўйсанг, йиқилсам,
Ўлсам, ёлғиз қолсанг – сен ва бўш дунё.
Ўлсам... севгим ўлса у ҳам бўлиб тан,
Учсам сўнг руҳ бўлиб, тепангда турсам.
Бақириб йиғласанг, йиғласанг чиндан,
Руҳимгача сингиб кетган бу алам
Балки сўнармиди ўшанда бирдан –
Ўзимнинг ҳолимда сени бир кўрсам..
Мақсуд Саломов
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев