http://ixlos.org/?p=3096#_ftn1 Савол:
Мусулмон киши учун қачон ва қай ҳолатларда пора бериш жоиз бўлади?
Жавоб:
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!
Аввало шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, бошқа бир инсоннинг ҳаққини ўзлаштириш ёки ботил ҳукмни жорий қилиш ёки ҳақ нарсани ботилга чиқариш мақсадида ҳоким, қози ёки шу каби мансабдор шахсларга пул ёки ҳадялар бериш шариатимиз ҳаром қилган порахўрлик саналиб, уламолар бу ишни гуноҳи кабира дейишган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пора берувчи ва пора олувчини лаънатладилар[1]”. Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ҳасан Басрий, Саид ибн Жубайр, шунингдек, кўпчилик муфассир уламолар Аллоҳ таолонинг “Улар ёлғонга қулоқ солувчи ҳаромхўр кимсалардир” [Моида: 42] деган оятидаги “ҳаромхўр” сўзини “порахўр” деб тафсир қилишган. Қолаверса, пора бериш ёки олиш инсонлар мол-мулкини ҳаром йўл билан ейиш ҳам ҳисобланади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бу ишдан қайтариб, шундай деган: “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ — ҳаром йўллар билан емангиз!” [Бақара: 188]. Бироқ инсон ўз ҳаққини ҳимоя қилиш ёки ўзига таҳдид солаётган зарарни даф қилиш учун пора беришдан ўзга йўл топа олмаса, у ҳолда пора бериш жоиз бўлади.
Ибн Нужайм Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўз мол-мулки ёки жонини ҳимоя қилиш, подшоҳ ва амирлар ҳузуридаги ишларини ҳал қилиш учун ҳамда уни мазах ёки ҳақарот қилишидан қўрққан кишига пора бериш жоиздир” [“Ал-ашбоҳ ван-назоир”, 1/158].
Тақиййиддин Субкий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳақ нарсани йўққа чиқариш ёки ноҳақ нарсага эришиш учун бирон нарса бериш порахўрлик ҳисобланади. Бироқ ҳақ ҳукмга эришиш ёки ўз ҳаққини ундириб олиш учун пора беришдан ўзга чора қолмаса, у ҳолда пора бериш жоиз бўлиб, пора олувчи эса ҳаром ишга қўл урган бўлади. Агар порасиз ўз ҳаққига эриша оладиган бўлса, пора бериши жоиз эмас” [“Фатово Субкий” 1/204].
Суютий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Йигирма еттинчи қоида: Олиш ҳаром бўлган нарсани бериш ҳам ҳаромдир. Бунга рибо билан олди-берди қилиш, фоҳиша, сеҳргар, гўянда (йиғичи) ва қўшиқчига пул бериш мисол бўлади. Лекин бундан ўз ҳаққига эришиш мақсадида ҳокимга пора бериш ёки асирни озод қилиш ва ҳақорат қилинишдан сақланиш учун пора бериш каби бир неча ҳолатлар мустаснодир” [“Ал-ашбоҳ ван-назоир”, 150-бет].
Доктор Ваҳба Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Кўзланган мақсадга пора бериб етишишдан бошқа йўл қолмаса, зарурат юзасидан пора бериш жоиздир. Бироқ пора олувчига бу нарса ҳаром бўлади”.
Уламолар ўз фикрларига қуйидаги ҳадисни далил қилишган. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: “Эй Расулуллоҳ, фалончи сизни яхши сўзлар билан мақтаганини кўрдим. Айтишича, сиз унга икки динор берибсиз”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бироқ мен фалончига ўн динордан тортиб юз диноргача берсам ҳам на динор берганимни ва на мен ҳақимда яхши сўзлар айтмаяпди. Албатта, одамлар мендан бирон нарса беришимни сўраб келишади. Мен эса уларга сўраган нарсаларини бераман. Улар ўша нарсани қўлтиқлаб олиб кетар эканлар, аслида дўзах ўтини қўлтиқлаб кетадилар”. Умар деди: “Эй Расулуллоҳ, унда нима учун берасиз?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар сўраб қўймайдилар, Аллоҳ таоло эса менга бахилликни раво кўрмайди” [Аҳмад: 10739, саҳиҳ]
Хулоса қиладиган бўлсак, пора бериш икки шарт билан жоиз бўлади:
1. Инсон ўз ҳаққига эришиши ёки жони ва мол-мулкини ҳимоя қилиши.
2. Пора беришдан ўзга чора қолмаслиги.
Бироқ мусулмон киши порахўрлик гуноҳи кабира эканини ёдда тутиши лозим. Шунингдек, бу ишга ўта зарур ҳолларда, уламоларга ҳолатини баён қилгач ва уларнинг рухсатидан келиб чиқиб қўл уриши лозимдир. Зеро, ҳар бир инсон ўзини ҳақман деб санайди. Шу боис бу масалада ўта эҳтиёткор бўлиш керак, валлоҳу аълам.
[1] Аҳмад (6791), Абу Довуд (3580) ва Термизий (1386), Имом Теримизий: ҳасан саҳиҳ, деган].
=========================
"IxlosOrg" каналига аъзо бўлинг: https://telegram.me/IxlosOrgSahifasi
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев