http://ixlos.org/?p=2644 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Биродаринг юзига қараб табассум қилишинг сенинг хайру эҳсонингдир” (Термизий (1956) ривояти).
Имом Муновий роҳимаҳуллоҳ бу ҳадиснинг шарҳида айтадилар: “Биродаринг билан кўришганингда унга очиқ чеҳрали бўлсанг худди хайру эҳсон қилгандек савоб оласан”.
Ибн Баттол роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири шуки, инсонларга табассум ва очиқ чеҳра билан муомала қилиш пайғамбарлар хулқларидан бўлиб, бу иш мутакаббирликка барҳам беради ҳамда ўзаро меҳр-муҳаббатни пайдо қилади”.
Жамиятда очиқ чеҳрали одамларнинг кўпайиши инсонларнинг ғам-ташвишларини енгиллатади. Инсон табассум қилиши учун ҳеч қандай муаммоси йўқ, унинг ҳузурида ҳамма нарса маҳайё бўлиши шарт эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунча мусибатларга дучор бўлсалар ҳам, бою камбағал, оқу қора, ёшу қари, барчага доим табассум қилардилар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра очиқ чеҳрали кишини кўрмадим” (Термизий (3641) ривояти). Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен исломга кирганимдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борсам, у киши мени ҳеч ҳам қайтармас, доим менга кулиб қарар эдилар” (Муслим (2475) ривояти).
Келинглар, жамиятимизда очиқ чеҳрали инсонлар сони ортишига ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, табассум ва очиқ чеҳралик жамиятда бирлик пайдо бўлиши, кибр, ҳасад ва кўра олмаслик каби иллатлар йўқолишига сабаб бўлади.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев