Самарқанд ўзининг бой тарихи, машҳур кишилари билан жаҳонда шуҳрат қозонган бўлса-да, аммо ҳали унинг тарихида ўқилмаган саҳифалар, номи тикланишга мунтазир аллома ва шоирлари жуда кўп. Бу гап факат шаҳар минтақасигагина тегишли бўлмай, балки вилоят ҳудудига ҳам дахлдор, чунки вилоятдаги туманларда мавжуд бўлган кўпгина тарихий ёдгорлик ва жойлар, бу ҳудуддан етишиб чиққан аллома ва шоирларнинг ҳаммаси ҳам ўрганилди деб бўлмайди. Жумладан, ўрта асрларда Миёнкол номи билан машҳур бўлган минтақадаги Иштихон, Каттақўрғон, Оқдарё ва Пойариқ туманлари, Шероз ва Алиобод деб аталган тарихий мавзедаги Булунғур ва Жомбой туманлари, Ургут, Пахтачи, Нуробод, Пастдарғом, Самарқанд туманларидаги кўпгина жойлар ва шу ердан етишиб чиққан аллома-шоирлар чуқур тадқиқот, изланиш ва аниқлашга мунтазирдирлар.
Шу жиҳатдан вилоятнинг Пахтачи тумани Зиёвиддин ва Дабусия каби қадимий мавзелари, Нуробод туманидаги Тим, Иштихон ва Оқдарё туманлари худудидаги Соғарж, Булунғур туманидаги Шероз шаҳарчаси, Жомбой туманидаги Газира ва шунга ўхшаш жойларнинг, тарихини ўрганиш ниҳоятда муҳим. Масалан, Жомбой туманидаги Газирани олайлик. Ўрта аср манбалари кўздан кечирилганда Газира номи тез-тез тилга олинади. Газирада Вали бобо деб аталадиган жойнинг тарихини, нега Вали бобо деб аталишини ҳамма ҳам биладими? Тўғри, бу ҳақда умумий ва баъзан ривоятларга асосланган маълумотлар бор. Аммо аниқ далилларга асосланган тарих лозим. Мана шу соҳада кўлга киритилган айрим маълумотларни баён этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Шуни эслатиш лозимки, Нуробод туманида жойлашган Остона бобо деб аталадиган тарихий манзил ҳақида аввал вилоят рўзномасида, сўнг эса Республика рўзномаси бўлмиш «Халқ сўзи»да мақола эълон қилинган эди. Унда Ғазирадаги Шайх Худододи Вали бобо ҳам тилга олинганди. Шундан сўнг бу шахс тарихига у кишининг таржимаи ҳоли ва фаолиятини ўрганишга бўлган қизиқиш янада ошди. Натижада ушбу мақола муаллифларидан бири Шайх Худододи Вали ҳақида ёзилган манокибнинг бир нусхасини Ғаллаорол туманидаги 11-ўрта мактаб ўкитувчиси Зайниддин Мамаризаев шахсий кутубхонасида сақланаётганини аниқлаб, муҳтарам ўқитувчинииг илтифоти ила бу нусха билан танишишга муяссар бўлди. Маноқибнинг 248 саҳифадан иборат бу нусхаси 1913 йилда Муҳаммад Ашур Нурмуҳаммад ўғли деган котиб томонидан кўчирилган. Китоб яхши сақланган (бу нусхани шартли равишда «Ғаллаорол нусхаси» деб атаймиз).
Шурдан сўнг Булунғур тумани халқ таълими бошлиғи Абдураҳмон Қодиров (Б. Валихўжаевга қўнғироқ қилиб) шу тумандаги 19-ўрта мактаб ўкитувчиси Абдувакил Салиевнинг шахсий кутубхонасида Шайх Худододи Вали ҳақида китоблар борлигини ва улар билан танишиш мумкинлигини билдирди. Абдувакил Солиев профессор Б. Валихўжаевга иккита қўлёзмани тақдим этди. Улардан бири «Маноқиби шайх Худододи Вали» бўлиб, 286 саҳифадан иборат (бу нусхани шартли тарзда «Булунғур нусхаси» деб атаймиз).
Форсий тилда ёзилган бу асарнинг аввалги ва охиридан варақлар тушиб қолгани сабабли унинг номи ва муаллифи, кўчирилган йили ва котибини аниқлаш қийин. Аммо китобларнинг новотиранг Самарқанд коғозига насталиқ ёзуви билан кўчирилгани ва айрим белгилар унинг XVI асрда кўчирилганлигини тахмин килишга имкон беради. Асарда шайх Худододи Валининг фазилатлари, таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида айрим маълумотлар бор. Шунинг билан бирга унда Валибобонинг Худодод тахаллуси билан битган туркий ва форсий ҳикмат ҳамда ғазаллари мавжуд (бу ғазал ва ҳикматларнинг аксари Ғаллаорол нусхасида ҳам бор).
Иккинчи қўлёзма эса мажмуа бўлиб, унга шайх Худододи Вали бобонинг шогирдларидан бўлмиш, XVII асрнинг охири ва XVIII асрнинг бошларида яшаб фаолият кўрсатган Муҳаммад Шариф ал-Ҳусайний ал-Алавий Бухорийнинг форсий тилда ёзилган бешта асари киритилган. Булар:
«Ҳужжат ул-Зокирин» — тасаввуфдаги яссавия — жаҳрия тариқатининг тарихига бағишланган тазкира бўлиб, у 1077 ҳижрий, 1666—1667 милодий йилда ёзилган. Унда шайх Худододи Вали таржимаи ҳоли, фаолияти ва фазилатларига оид маълумотлар ҳам бор. Асарнинг ҳажми 364 саҳифа.
«Туҳфат ус-соликин» — тариқат ихлосмандларига бағишланиб ёзилган асар. Ҳажми — 78 саҳифа.
«Миръот ул-ибодат» — ибодат қилиш қоидалари ҳақида. Ҳажми — 10 саҳифа.
«Шарҳи оят» — Қуръони каримнинг бир оятига ёзилган шарҳ. Ҳажми — 2 саҳифа.
Девони Мавлави Шарифмуҳаммад Шариф ал-Ҳусайний Бухорийнинг «Шариф» тахаллуси билан, асосан форсий тилда ёзган ғазаллари тўплами. Ҳажми 116 сахифа. Охирги варақлари тушиб қолган.
Мавлавий Шариф ҳаётининг охирги дамлари ва вафоти баёни — рисоланинг муаллифи номаълум. Ҳажми — 14 саҳифа.
Юқорида таркиби баён этилган мажмуа 1214—1225 ҳижрий, 1799—1800— 1810 милодий йиллар орасида котиб Қўзи Муҳаммад Бухорий томонидан Газирада китобий қилинган. Шундай қилиб, Вали бобо ҳақида ишончли манбалар асосида сўз юритиш, бу ҳазратнинг таржимаи ҳоли, фаолияти, фазилатлари, ижодлари тўғрисида маълум тасаввурга эга бўлиш имконияти майдонга келди.
Вали бобо сифатида шуҳрат қозонган зотнинг асл номлари Худойберди бўлиб, бу ҳазратнинг оталарини Ҳазрат азизон Ортиқ шайх дер эдилар.
Муҳаммад Шариф Ҳусайний ал-Алавий ал-Бухорийнинг «Ҳужжат ул-Зокирин» тазкирасида қайд қилинишича, Ҳазрат азизон Ортиқ шайх асли Хоразмда шуҳрат ва эътиборга сазовор хонадондан бўлиб, укалари азизон Зикриё шайх, оила аъзолари, қавм-қариндош ва содиқ муридлари билан аввал Бухорога, ундан сўнг эса Карманага келиб, Карманадан икки фарсаҳ (икки тош) масофада бўлган тоғ яқинидаги қишлоқда турғун бўлиб қолганлар. Ана шу манзилда ҳижрий 866, милодий 1462—63 йили бир ўғил кўрадилар ва Худойберди деб ном қўядилар. Аммо ота-онанинг хурсандчилиги ҳам, Худойбердининг ота- она меҳридан, тарбиясидан баҳраманд бўлиши ҳам узоққа чўзилмайди. Бу ҳақда «Маноқиби шайх Худододи Вали» китобида ҳазрат Худододи Валининг қуйидаги эсдаликлари келтирилган: «Мен ўз ота-онамдан жуда ёш қолдим ва мени тарбия қилгувчи бирор мураббийим йўқ эди».
«Ҳужжат ул-Зокирин» тазкирасининг муаллифи эса, бу гапга аниқлик киритиб, шундай ёзади: «Айтурларки, ҳазрати азизон (Худододи Вали) ўз ота-оналаридан уч ёки тўрт ёшларида етим қолган эканлар».
Худододи Вали ўзларининг шундан сўнгги аҳволлари ҳақида қуйидагича ҳикоя қилар эканлар: «Мен бировнинг кўйларини боқиб чўпонлик килардим. Очлик, кийимсизликдан шунчалик қийин аҳволга тушардимки, баъзан ҳушсиз бўлиб ўзимдан кетиб қолардим… Менинг сочларим ўсиб, манглайимга тушарди, ҳамиша юзларим сарғайган, оҳу нолам кучайган ва ҳасрату дарду аламда эдим. Шундай бўлса-да, мен ўзимнинг қийинчиликларимдан ҳеч кимга шикоят қилмасдим. Бир неча вақт ўтгач бир мард кишининг (унинг номини мавлоно Халил Қорақумий тарзида ҳам эслайдилар) менга раҳми келиб, ўзига ўғил қилиб олди, мактабга олиб борди. Мен мактабхонанинг пойгоҳидан жой олдим. Менинг жуда озғинлигим ва юпун кийинганимдан мактабдаги болалар мендан ор қилардилар. Мактаб ўқитувчисн бу ҳолни кўриб, мени ўзига якин жойга ўтқазди ва ҳаммага қараб шундай деди: «Бу ўғлон бир гуруҳнинг муршиди бўлғай ва олам аҳли унга майл қилгусидирлар».
«Хужжат ул-Зокирин»да таъкидланишича, Худойберди — Худододи Вали мактабни тугатгач, Самарқандга келиб, шариат илмларини ўрганиш мақсадида мадрасада таълим олди. Аввал мадрасада сўнгра эса, Бўстонихон маҳалласидаги (ҳозирги шоирлар боғи ва унинг атрофида бўлган) бир ҳовлида истиқомат қилади. Маълум вақтдан сўнг ўқишини давом эттириш учун Ғиждувонга боради ва у ерда уч йил таҳсил олади. Ғиждувондаги таҳсил йиллари ва ўзларининг аҳволи ҳақида шундай ҳикоя қиладилар: «Мен Ғиждувонда илм ўрганиш учун машғулот ўтказар эканман, уч йил битта пўстинни қишин-ёзин киярдим. Ички кийимларим ва ҳатто кўйлагим ҳам йўқ эди. Кўрган киши кўйлаги йўқ экан деб ўйламасин учун битта кўйлакнинг ёқасини топиб олиб, бўйнимга илардим. Аммо ўзимдаги бундай аҳволни ҳеч кимга изҳор қилмасдим».
Ана шундай моддий қийинчиликлар ҳам ҳазрат Худододни ўқиш ва илм ўрганишга бўлган ғайратини сўндира олмайди. У Ғиждувондан Бухорога бориб, Мулло Муҳаммад мадрасасида яшайди ва таълимни давом эттиради. Шу орада ул ҳазрат 23 ёшга етадилар. Худди шу ёшда, яъни 889 ҳижрий, 1484 милодий йили ул ҳазрат ўз даврининг машҳур мутасаввуфларидан бўлмиш, яссавия ёки жаҳрияи султония тариқатининг кўзга кўринган вакили шайх Жамолиддиннинг ҳузурига боради. Бухоронинг Калати мавзеида истикомат қилувчи Шайх Жамолиддин ул ҳазрат билан учрашганда отинг нима деб сўрайди. Шунда айтади: отим Худойберди! Шайх Жамолиддин эса ўз навбатида бул ҳазратдаги фазилатларини кўриб, айтади: сени бизга «Худой дод» (яъни Худо берди). Бундан сўнг отингиз «Худойдод» бўлгай. Ана шу муносабат билан бу ҳазрат Худодод номи билан машҳур бўлдилар. Ҳазрат Худодод ҳам шайх Жамолиддинга пир сифатида қўл беради. Шайх Жамолиддин ўз навбатида ҳазрати Худододга баркамоллиги, яъни тариқат сулукида мустақил фаолият кўрсатиши мумкинлиги ҳақида фотиҳа ўқиб, унга оқ йўл тилайди. Шундан сўнг ҳазрати шайх Худодод туғилиб ўсган макони — Карманага қайтиб ўзининг тариқат соҳасидаги фаолиятини давом эттиради. Бу даврда ҳам камбағалона яшаш ҳамда ўзидаги бор нарсаларни бева-бечораларга улашиш фазилати ул ҳазратнинг шуҳратига шуҳрат қўшаверди.
Нет комментариев