Инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат замирида аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, айниқса, уй-жойга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишдек олижаноб мақсад мужассам. Бу борада Олот туманини олсак, ҳудудда жами 90 тага яқин ижтимоий соҳа иншооти, 20 тадан ортиқ тадбиркорлик ишлаб чиқариш субъекти барқарор фаолият юритаётган бўлиб, айни кунда ҳудуддаги 39 та кўп қаватли турар жой иншоотида 600 тадан ошиқ хонадон ва уларда 4 мингга яқин аҳоли вакили истиқомат қилмоқда.
Зеро, бугунга келиб маъмурий жиҳатдан 38 та маҳалла фуқаролар йиғинига бўлинган туманда 22 мингдан ортиқ хонадон, қарийб 30 мингга яқин оила ва уларда 107 минг атрофида аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, ижтимоий муҳофазага олинган аҳоли вакиллари 30 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Биргина "Халифа" МФЙ да инвестиция дастури асосида 10 та, ҳар бири 5 қаватли шинам турар жой қурилиши 2021 йилдан бошланган. Бинокорликда катта тажрибага эга Зарифа Чўллиева раҳбарлик қилаётган “Маржона ирригация” МЧЖ жамоасининг Олот туманидаги қатор лойиҳалар, қурилиш ишларида ўз ҳиссаси бор. Қурилиш-пудрат корхонаси миришкорлари шу йил бошида “Халифа” МФЙ да қиймати 9 миллиард 580 миллион сўмга лойиҳалаштирилган замонавий кўп қаватли турар жой биноси қурилишини ўз зиммаларига олишган. Таркибида 20 та икки хонали, 10 тадан бир ва уч хонали хонадон бўлган беш қаватли замонавий иншоот 40 та оилага мўлжалланган. Бугунга келиб қурувчилар ваъдалари устидан чиқишди ва муҳташам уйни қуриб битказиб, ўз эгаларига топширдилар.
Замонавий турар жойни фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими Наргиза Неъматова бошчилигидаги мутасаддилар, секторлар раҳбарлари, қурувчи-пудратчи корхона ишчи хизматчилари, маҳалла фаоллари ва янги уйга кўчиб ўтаётган ёш оилалар соҳиблари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар юртимизда эҳтиёжманд аҳоли вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат хусусида тўхталиб, жумладан, обод ва кўркам қиёфа касб этаётган Халифа маҳалласида барпо қилинган замонавий турар жой иншооти ва унда яратилган шарт-шароитни эътироф этдилар. Иншоот қурилишида жонбозлик кўрсатган бинокорларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг янги уйнинг рамзий лентаси қирқилиб, бунда йиғилганлар муҳташам ва замонавий турар жойда яратилган шарт-шароит, чунончи, санитария тармоғи, ошхона жиҳозлари, эшик-деразалари, поли ва шифтидан тортиб, алоҳида муқобил иситиш тизимигача яқиндан танишдилар.
Мы используем cookie-файлы, чтобы улучшить сервисы для вас. Если ваш возраст менее 13 лет, настроить cookie-файлы должен ваш законный представитель. Больше информации
Комментарии 1