Ҳаво совуқ: баҳорга ўхшамайди. Байрамга ҳар доимгидек атиргул эмас, лола сотиб олишга қарор қилди. Бозор дарвозаси яқинида бир челак чиройли гул турарди.
Лолалар!
— Ким сотяпти? — сўради йигит яқинроқ бориб.
— Ҳозир келади, — деди гул турган челакни ёнида сут-қатиқ сотаётган кампир. Йигитнинг ёнида эса бир қария турарди. Унинг нимасидир йигитни ўзига жалб қилди. Чолнинг эгнида эски урфдаги плаш бор эди: ҳамма ёғи тикилиб, ямоқ бўлиб кетган. Шими ҳам эски, лекин яхшилаб дазмолланган. Пойабзали яхшилаб мойланганидан ялтираб турса-да, анча йил хизмат қилгани билиниб турарди. Қариянинг юзини ажин босган, бироқ кўзларида қандайдир мағрур ифода бор эди. Бечора совуқдан кўкариб кетганди. Шунга қарамай, гул сотувчининг келишини кутарди. Йигитнинг унга раҳми келди. Синчиклаб разм солгач, чолнинг пиёниста эмаслигини, шунчаки кўп қийинчилик кўрганини, ғариблигидан уялаётганини тушунди. Гул сотувчи аёл челакка яқинлашди. Чол ботинмай бир қадам ташлади. Йигит ҳам.
— Қизим, бир дона лола қанча туради?
— Йўқол бу ердан, ярамас чол, садақа сўрамоқчимисан, йўқол, — бақирди гулчи хотин.
— Менга битта лола керак, қанча туради? Йигит чолнинг кўзлари ёшланганини кўрди.
— Биттаси?! Сен билан пачакилашиб ўтираманми? Йўқол!
— Сен бақирмасдан, гулинг қанча туришини айт, — деди чол секин.
— Донаси беш юз сўм, — деди хотин киноя билан. Чол чўнтагидан иккита икки юз сўмлик чиқарди.
— Менда тўрт юз сўм бор, балки тўрт юз сўмга берарсан? — сўради чол қимтиниб. Йигит чолнинг кўзларида шу пайтгача бирорта эркакнинг кўзида кўрмаган алам ва оғриқни пайқади.
— Яхши, ҳозир, — гулчи хотин мазахомуз ҳиринглаб, челагидан бир дона лола олди. Гул шохчаси ўртасидан синганди. Чол лолани олиб, уни тўғрилашга уринди. Аммо гул ўжарлик билан пастга эгиларди... Қария қўлида синган лолани тутганча йиғларди.
— Менга қара, нима қиляпсан?! — йигит ўзини вазмин тутишга уринса-да, чидолмай бақирди. Гулчи хотин бирпасда кичрайиб қолгандек бўлди, кўзларида қўрқув билан индамай йигитга қараб тураверди.
— Тўхтанг, — йигит чолнинг енгидан тутди.
— Ўв аҳмоқ хотин! Бир челаги қанча туради?! Жавоб бер!
— Э... а...
— Сендан сўраяпман, бир челаги қанча туради?!
— 30 минг бўлса керак... Йигит чўнтагидан бир даста пул олиб, гулчи хотиннинг оёғи тагига ташлади. Сўнг челакдаги лолаларни олиб, чолга тутқазди. Қария бу туҳфани бош чайқаб рад этаркан, унсиз йиғларди. Йигитнинг кўзларида ҳам ёш қалқиб чиққанди.
— Юринг, — йигит бир қўли билан лолаларни ушлаб, бир қўли билан унинг қўлидан тортди. У ширинликлар сотиладиган растага қараб юрди. Ихчамгина чиройли безатилган торт сотиб олди-да, чолга ўгирилди.
— Менга қаранг, ота, менинг пулим бор. Бу ўттиз минг чўнтагимга зарар қилмайди, сиз эса синган лолангиз билан хотинингизнинг ёнига боришингиз яхши эмас, ахир бугун саккизинчи март-ку! Манави гулларни, тортни олиб боринг, менинг номимдан ҳам табриклаб қўйинг. Чолнинг кўзларидан дувиллаб ёш оқа бошлади. Лаблари титрарди. Йигит ортиқ бу манзарага қараб туролмасди. У қўлидагиларни чолга тиқиштириб, кўзларини кафти билан артди-да, тез-тез нари кета бошлади. Ошиқиб кетиб бораркан, ортидан чолнинг паст, дардчил овозда гапирган гапларини аниқ эшитди:
— Биз... биз 50 йилдан бери биргамиз... У касал бўлиб қолган... Бугун совға бергим келганди...
🌸
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев