• Салафларимиздан бирлари сафарда кета туриб, яйловда қўй боқиб юрган тамйиз* ёшидаги болага дуч келди. Ҳаёлидан бу болага ачиниш ҳиссини ўтказди.
Таълимдан узоқ қолиб, ёшлигидан қўй боқишга машғул қилинган гўдакка ачинди. Унга Раббини танитиб қўйиш мақсадида яқинлашди. Салом-аликдан сўнг шайх болага шундай деди:
- Холиқингни танийсанми?
- Холиқини танимаган махлуқ махлуқми?! - деди гўдак.
• Шайх жавобдаги ишонч оҳангидан сергак тортди ва яна сўради:
- Қаердан танийсан?
- Шу қўйлардан танийман! – деди у.
- Юзта қўйим бор. Уларни ўтлатаман, чанқасалар сувга олиб бораман, кеч тушгач эса қўрага ҳайдайман. Модомики, шу юзтагина қўй учун ҳам битта тарбиячи зарур эканми, демак бу қадар улкан коинотни тарбия қилиб туриш учун албатта бир Парвардигорга эҳтиёж бўлиши лозим!
• Шайх том маънода ҳайратга тушганди. Табиийки, бу қадар мантиқли жавобни кутмаган эди.
- Холиқингни нимага ўхшатасан? - яна сўради шайх.
- Ҳеч нарсага ўхшатмайман, - деди бола ишонч билан.
- Ҳеч нарсага ўхшамаслигини қаердан билдинг?
- Шу қўйлардан! – дея гапини қайтарди чўпон бола.
- Ҳали айтганимдек, мен буларнинг тарбиячисиман. Улар доим бир бирларига тикилишади-ю, аммо ҳеч қачон ўз ораларидаги биронтасини менга ўхшата олишмайди. Ҳудди шунингдек, бизнинг кўзимиз тушган нарсаларнинг ҳам барчаси махлуқдир. Биз махлуқларга қараб уларни Холиққа ўхшата олмаймиз, махлуқлар андазасидан Холиқни тасаввур килишимиз мумкин эмас! – деди.
• Шайхнинг кўзида ёш қалқиди. Бошини қуйи эгди. Боланинг қалби яқийн**га тўла, тили эса ҳақни нутқ қилаётганди...
- Ўғилчам, сизга дарс бергани келгандик аммо ўзимиз сиздан дарс олдик! Бизга насиҳат қилинг! - деди.
- Эй шайх, Аллоҳга тақво қилинг!
Илмни охират учун олинг!
Шунда дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлга киритасиз. Ҳаргиз дунё учун илм олманг, акс ҳолда дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой берасиз, – деди бола.
• АЛЛОҲГА ТАҚВО ҚИЛИНГ. ВА АЛЛОҲ СИЗГА ИЛМ БЕРАДИ. АЛЛОҲ ҲАР БИР НАРСАНИ БИЛУВЧИ ЗОТДИР• ***.
(с) Аброр Мухтор Алий
• Дўстларга улашинг-ки, иймон таралсин!
*Тамйиз ёши деб оқ қорани ажрата оладиган ёшга айтилади. Таҳминан олти ё етти ёш атрофи тамйиз ёш ҳисобланади.
**Яқийн ишончдир, бу ерда иймоннинг қалбда тақлидсиз мустаҳкам ўрнашиши назарда тутилган.
***Бақара 282
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев